Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухорода 28 ёшли аёл боласини уриб ўлдириб қўйди (видео)

Бухоро шаҳридаги «Гулшан» маҳалласида жойлашган кўп қаватли уйларнинг бирида ижарада яшаб келган 28 ёшли Ш.Р. ўзининг 3,5 ёшли ўғлини уриб унга тан жароҳати етказган ва оқибатда бола вафот этган.

«Xabar.uz» мухбирининг жиноят содир бўлган маҳаллада бўлиб, қўшнилар ҳамда маҳалла фаоллари билан олиб борган суҳбатларида аён бўлишича, фуқаро Ш.Р. ўғли билан ушбу кўп қаватли уйдаги хонадонларнинг бирида жорий йилнинг январидан бошлаб ижарада яшаб келган. Турмуш ўртоғи Россия Федерацияда ишлаб юрган.

Қўшниларининг гувоҳлик беришича, аёл доим ўзини сипо ва одамови тутган, бироқ ён қўшнилари уни ўғлини урмаслик ҳақида кўп бора огоҳлантириб келган.

«Ўша аёл ижарада яшайдиган кўп қаватли уйнинг қаршисидаги «дом»да яшайман. Бирор маротаба кўрмаганман ва учратмаганман уни. Қотиллик содир бўлгандан кейин воқеани айтишди. Бундай бадбахт аёлни қамаш керак, оғир жазо бериш керак», - дейди қўшниларидан бири.

Яна бир қўшни эса аёлнинг боласини уриши ҳолатлари охирги пайтларда пайдо бўлиб қолганини айтади.

«Мен у билан энг яқин қўшниман. Аммо, бирор маротаба юз кўрсатмаган. Бир неча ой илгари фақат ортидан кўзим тушган, боласини болалар боғчасига етаклаб бораётганида. У ғалати ва одамови эди. Худдики ҳаммадан беркиниб юргандек. Мен ўзбек аёлларига хос одат шу бўлса керак, деб ўйлардим. Ҳеч қачон уни биров йўқлаб келмас ва эшигини очмас ҳам эди. Эрини эса кўрмаганман. Аммо, негадир, кейинги пайтларда  боласини кўп урадиган, калтаклайдиган одат чиқарганди. Бола эшиккача тирмашиб келарди. «Бир неча бор эшикни оч, оч эшикни, урма, болани!» дея эшигини тақиллатганман. Очмас эди. Шундай кунларнинг бирида бехосдан болага кўзим тушди. У жуда нимжон, озғин, ранги оппоқ эди. Уч ярим ёшли болага ўхшамас эди. Балки, очликдан шундай бўлган, доим йиғлаган. Онаси эса доим урган», – дейди у.

Дарвоқе, норасида боланинг ўлими содир бўлган бу хонадоннинг атрофидаги кўпчиликнинг ҳолатдан хабари бўлган, кўрган ва эшитган. Болага ғойибдан ҳамдард ҳам бўлишган, бироқ…

Бироқ, нега бирор мард чиқиб бу ҳақда тегишли ташкилотларга, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бермаган?..

Энг ачинарлиси ва қўрқинчлиси эса ушбу аёл бундан аввал ҳам 5 ёшли фарзандини худди шу кўйга солгани, калтаклари остида ўлдириб қўйгани эди. Маълум бўлишича, Ш.Р. муқаддам ҳам судланган бўлиб, у 5 ёшли фарзандига қасддан оғир шкаст етказиб, унинг ўлимига сабаб бўлгани учун қамалган. Ушбу жиноят ишини суд ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми билан кўриб чиққан ва қилмишидан пушаймонлиги ва қарамоғида 1 ёшли фарзанди бўлгани важидан унга енгилроқ жазо тайинлаган. Энг ачинарлиси эса, аввалги жинояти учун берилган жазо муддати тугмасдан туриб, аёл иккинчи жиноятга қўл урган.

Маҳаллада ҳар бир хонадон билан ишланаётгани ҳақида бонг ураётган «сектор»дагилар, «маҳалла еттилиги» қани? Улар боланинг ўлимига қадар нега томошабин бўлиб туришди? Олдинги жиноятидан тўғри хулоса чиқармаган, жазо муддати ҳали тугамаган аёл нега назоратда бўлмаган? Ва сўнгги савол: вазиятни шу ҳолатга қадар «пишиб етилиши»га нималар сабаб бўлди? Ўлим содир бўлган оиланинг қандай муаммолари бор эди?.. 

«Аёлнинг аввалги жиноятидан ҳам хабаримиз бор. Доимий назоратимизда бўлган. Маҳалла хотин-қизлар фаоли Ш.Р.нинг хонадонида кўп бор бўлган. Ҳудуд инспектори ҳам у билан профилактик ишлар олиб борган. Фарзанд тарбиясига эътиборли бўлишга, унга меҳрибон ва масъулиятли бўлишга чақирган. Тўғриси, у жуда маъсума ва содда тутарди ўзини. Унинг юриш-туриши ва муомаласини аввалги жиноятидан пушаймонлик, деб тушунганмиз. Эрининг Россияда эканини билдирганидан сўнг ёлғиз ўзи вояга етмаган фарзанди билан қийналиб қолмаслиги учун моддий ёрдамлар берганмиз. Озиқ-овқат маҳсулотлари билан жуда кўп марта таъминлаганмиз. Ҳар ой бола нафақасини олиб келган. Ижара уйи тўловини қоплаш мақсадида пуллар ҳам ажратилган. Афсуски, ғафлатда қолибмиз», - дейди «Гулшан» маҳалласи раиси Хуршид Жабборов.

Хуршид Жабборов томонидан таҳририятга тақдим этилган фуқаро Ш.Р.га берилган кўмак ва ёрдам пуллари қайд этилган ҳужжатларда ҳақиқатан ҳам айбдорнинг доимий таъминланиб келинганини кўриш мумкин.

Айбдорнинг бошқа қўшнилари  билан ҳам унинг одамови ва ҳеч ким билан гаплашмаслигини тасдиқлашди. Ҳатто, айримлари илгари ҳам қотилликка қўл ургани ҳақида эшитишмаганини сўзлашди.

«Учинчи қаватдан кўпроқ кечқурунлари боланинг йиғлаган овози эшитилар эди. Биз бола инжиқ ёки бетоб бўлса керак, деб ўйлардик. Бу қадар ваҳшийликка бориши ҳақида хаёлимизга ҳам келмаган экан. Афсус, афсус қиляпмиз энди» - дейди кейинги қўшнилар ҳам.

Воқеа содир бўлган куни Ш.Р.нинг ўзи маҳалла хотин-қизлар фаолига қўнғироқ қилиб, боласини уриб ўлдириб қўйгани ҳақида хабарни етказган.

Ўша куни аёлни қўлга олиш тадбирида иштирок этган ходимлардан бирининг гувоҳлик беришича, аёл боласини тунги соат 01:00 ларда уриб, калтаклаганини тан олган.

Шифокорларнинг айтишича, бола талоқ ёрилиши оқибатида, чамаси, икки соатча қийналган ва соат 03:00ларда жон берган.

Гувоҳнинг қўшимча қилишича, тадбир пайтида аёл ўзини жуда ғайритабиий тутган ва тинмай боласини ўлдириб қўйгани, энди қамалиши ҳақида гапирган.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан жорий йил 4 октябрь куни Бухоро шаҳар прокуратураси томонидан аёлга нисбатан ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, у ҳимоя ҳуқуқи таъминланган ҳолда ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган.

Лайло Ҳайитова,
Xabar.uz

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг