Фикр эркинлигини таъминлаш тараққиёт стратегиямизнинг ажралмас қисми – Шерзод Асадов

Бугун, 3 май куни Бутунжаҳон матбуот эркинлиги куни нишонланмоқда. Президент матбуот котиби Шерзод Асадов Ўзбекистон журналистларини ушбу сана муносабати билан табриклади.
«Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида фикр эркинлигини таъминлаш, ахборот олиш ва тарқатиш ҳуқуқини кафолатлаш тараққиёт стратегиямизнинг муҳим ва ажралмас қисми ҳисобланади. Ушбу стратегия инсон манфаатларини ҳимоя қилишга, давлат халққа хизмат қиладиган очиқ ва адолатли жамият қуришга қаратилган.
Кучайиб бораётган глобал таҳдидларга қарамасдан, биз демократик институтларни мустаҳкамлаш йўлидан бормоқдамиз. Дунёдаги сиёсий ва иқтисодий беқарорлик, зиддиятларнинг кескинлашуви ва дезинформациянинг кучайиши шароитида Ўзбекистон журналистика, холис мулоқот ва фикрлар хилма-хиллигини ривожлантириш учун зарур шароит яратиш сиёсатига содиқ қолмоқда», – дейди Асадов.
Президент матбуот котиби, ўз навбатида, «демократия таянчи ҳисобланган мамлакатларда ҳам сўз эркинлиги ғояси кўпинча сиёсий, тижорат ёки мафкуравий манфаатлар босими остида қолаётгани»ни афсус билан қайд этади.
«Очиқ журналистика ўрнини нохолис ёндашув эгаллаб, «сўз эркинлиги» тамойили ўзининг асл қийматини тобора йўқотиб бораётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Халқаро ташкилотларнинг таҳлилларига кўра, 2025 йилда дунёдаги умумий вазият илк бор «мураккаб» даражага тушиб кетгани соҳадаги аҳволнинг тобора ёмонлашиб бораётганидан далолат беради.
Шу боис жамиятимизда журналистнинг профессионал меҳнати ҳурмат қилинадиган, факт ва ҳалоллик қадрланадиган, мулоқот очиқликка асосланадиган муҳитни сақлаб қолиш ва ривожлантириш айниқса муҳимдир.
Бу кунда журналистлар, блогерлар, муҳаррирлар, операторлар, техник ходимларга - ҳар куни маърифат ва ахборот улашиш, воқеаларни холис ёритиш йўлида хизмат қилаётган барчага чуқур миннатдорлигимизни билдирамиз.
Масъулиятингиз, жасоратингиз ва касбингизга садоқатингиз учун ташаккур. Сизларга янги ютуқлар, мустаҳкам соғлик ва ижодий илҳом тилаймиз», – деб ёзади Шерзод Асадов.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter