Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Конституция: фуқароларга халқаро ташкилотларга мурожаат қилиш ҳуқуқи бериляпти

Конституция: фуқароларга халқаро ташкилотларга мурожаат қилиш ҳуқуқи бериляпти

Инсоннинг ажралмас ҳуқуқлари кўп. Масалан, яшаш ҳуқуқи, фикрлаш, сўз эркинлиги ҳуқуқи ва ҳ.к. Шундай ажралмас ҳуқуқлардан бири – инсонларнинг ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳуқуқидир. Бу умумэътироф этилган халқаро шартнома ва пактларда белгилаб берилган ҳуқуқдир.

Халқимизда «қози хафа қилса, додингни кимга айтасан» деган нақл бор. Ростдан ҳам, тасаввур қилинг, бир инсоннинг ҳуқуқлари давлат ташкилоти томонидан бузилди. Хўш, у энди нима қилсин? Аслида додини айтиб борган давлат ташкилотининг ўзи унга қарши хулоса чиқариб турган бўлса?

Бунинг жавоби: бундай пайти судга мурожаат қилиш керак. Яъни ҳар қандай ҳолатда ҳам исталган ташкилот ёки амалдор устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи сақланиб қолиши керак.

Қонунчиликда ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатлаб қўйилган.

Шахснинг бузилган ҳуқуқ ва эркинларини тиклаш масаласи унинг ҳаётида ўта муҳим ўрин тутганлиги сабабли, судлар томонидан чиқарилган қарорларни апелляция, кассация ёки назорат тартибида қайта кўриб чиқиш институтлари жорий этилган.

Энди бошқа мисол: суднинг қароридан норози бўлсачи? Унда нима қилиш керак?

Бундай вазиятда ҳам фуқароларда суд қарори устидан шикоят қилиш ҳуқуқи ажралмас ҳуқуқ сифатида Конституцияда мустаҳкамланмоқда.

Яъни, шахсга давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички имкониятлардан фойдаланиб бўлганидан сўнг, халқаро органларга мурожаат этиш ҳуқуқи берилаётганлиги янгиланаётган Конституцияга киритилаётган муҳим қоидалардан бири ҳисобланади.

Ушбу ҳуқуқ шахсга ўз ҳақ-ҳуқуқини халқаро даражада ҳимоя қилиш ва низолашаётган масаласини халқаро ҳужжатлардан (конвенция, халқаро пакт ва бошқалардан) фойдаланган ҳолда ҳал қилиш имкониятини яратади.

Шунингдек, қўшимчасига инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотларга шикоят қилиш ҳуқуқи ҳам мустаҳкамланмоқда.

55-модда.

Ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли.

Ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.

Ҳар кимга бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланади.

Ҳар ким Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ, агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички имкониятлардан фойдаланиб бўлинган бўлса, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат этишга ҳақли.

Ҳар ким давлат органларининг ёхуд улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши ҳуқуқига эга.

 

Ўзбекистон аъзо бўлган БМТнинг инсон ҳуқуқларига оид умумътироф этилган халқаро хужжатларида шахснинг фуқаролик, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ҳуқуқлар камситилганда ҳамда ирқий, аёлларга, болар, ногиронлар камситиш ҳолати, қийноқлар, жазолашнинг шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситадиган турлар қўлланилганда фуқаро унинг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилган ҳолларда ҳуқуқларини тиклаш мақсадида БМТнинг тегишли қумиталарга мурожаат қилиши мумкинлиги белгиланган.

Ушбу ҳуқуқ шахсга ўз давлатида яратилган барча ҳуқуқий ҳимоя механизмларидан ҳам қониқмаган тақдирда, ўз ҳақ-ҳуқуқларини халқаро даражада ҳимоя қилиш ва низолашаётган масаласини халқаро ҳужжатлардан (конвенция, халқаро пакт ва бошқалар) фойдаланган ҳолда ҳал қилиш имкониятини яратади.

Бунинг асосий шарти шунда-ки, фуқаро халқаро органларга мурожаат этиши учун, энг аввало тегишли миллий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ва судга мурожаат этиши лозим, борди-ю миллий органлар унинг ҳуқуқини ҳимоя қилмаса ёки тиклаш чораларини кўрмаса, ана ундан кейингина халқаро ташкилотларга мурожаат этиши мумкин бўлади.

Бундан ташқари, давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан етказилган зарар, улар қайси даражадаги давлат органи ҳисобланишидан қатъи назар, давлат томонидан қоплаб берилиши ўрнатилмоқда.

Киритилаётган ўзгартишлар мақсади, энг аввало, фуқароларнинг йиллаб сарсон бўлиб, бюрократия эшикларида овора бўлишининг олдини олишдир.

Ушбу норманинг Конституцияда акс эттирилиши давлат ва фуқаро муносабатларида инсонга нисбатан адолатсизлик ёки ноҳақлик ҳолатлари юзага келганида, жумладан, унга моддий зарар етганида давлатнинг биринчи вазифаси - фуқарони рози қилиш эканини тошга ўйгандай қатъий белгиланиши демакдир. Бу одамларнинг давлатга бўлган ишончини оширади, ўз навбатида давлат идоралари ва мансабдорларини сергакликка ва ўйлаб иш тутишга ундайди.

Шахсга давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички имкониятлардан фойдаланиб бўлганидан сўнг, халқаро органларга мурожаат этиш ҳуқуқининг берилаётганлиги Янги Конституцияга киритилаётган муҳим қоидалардан биридир. Бу, биринчидан, давлатимизни инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларга содиқлигини кўрсатади, иккинчидан, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш, уларга риоя этиш ва уларни ҳимоя қилиш борасида қўшимча конституциявий-ҳуқуқий кафолати ҳисобланади.

Фуқароларнинг ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун халқаро ташкилотларга ҳам мурожаат қила олиш ҳамда  давлат органлари ёки мансабдор шахсларнинг ноқонуний қарорлари бўйича судга бериш ҳуқуқи Конституция билан белгилаб қўйилиши — жуда муҳим жиҳат. Бу орқали инсонлар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида барча чораларни қўллаш имконияти берилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг