Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

 Конституция ва қонун устуворлиги – номзод дастури марказида

 Конституция ва қонун устуворлиги – номзод дастури марказида

Аввало шунга эътибор берайлик: агар мамлакатда қонун ишламаса, давлат қонун талаби асосида фаолият юритмаса, халқ қонундан мадад кутмай қўйса, бундай давлатни ҳуқуқий давлат деб бўладими?! Йўқ, албатта.

Биз доимо таъкидлаб келганимиздек, жамиятни, давлатни фақат ва фақат қонун бошқаради. Агар ҳамма Конституцияга, қонунларга бирдек итоат этса, табиийки, жамиятда қонунбузилиш ҳолатлари содир бўлмайди. Биргина мисол: янги таҳрирдаги Конституциянинг 47-моддасида, ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги ҳақидаги норманинг белгилангани, илгари баъзи ваколатли мансабдор шахсларнинг асоссиз қарори  билан  уй-жойидан маҳрум этилиш ҳолатларига қатъий чек қўйди.  

Табиийки, бундай ҳолатлар, илгари халқнинг Конституция ва қонунларга, давлатнинг ҳуқуқ устуворлигига асосланиб иш олиб боришга нисбатан ишончсизлик ҳолатини юзага келтирган. Шу мақсадда, халқнинг ҳаётида учраб турадиган қонун бузилиш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, янги таҳрирдаги Конституциянинг қабул қилиниши, ҳар бир киритилган қоидаларнинг тўғридан-тўғри амалда ишлаши, мазкур салбий ҳолатларнинг юз бермаслигининг олдини олишга хизмат қилади.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсадига айланган. Халқни рози қилиш, унинг ҳуқуқлари, экринликлари, манфаатларини ҳимоя қилиш давлат органининг, унинг мансабдор шахсининг фаолияти мазмунига айланиши лозим. Шундагина хақлнинг давлатга, унинг органларига бўлган ишончи янада ошади.

Албатта, ҳаммамиз гувоҳи бўлаётганимиздек, жорий йилнинг 9 июлида мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтиши муносабати билан қизғин сайловолди ташвиқотлари бошланиб кетди. Ҳар бир номзод ўзининг ишончли вакиллари билан биргаликда жойларда учрашувлар ўтказмоқда. Сайловчилар билан учрашувларда ўз тарафдорларини кўпайтириш масаласи ўзининг дастури билан чиқаёган номзодларга бевосита боғлиқ ҳисобланади. Халқимиз бежизга «Нима эксанг, шуни ўрасан!» деб айтмаган. Оддий сўз билан айтганда, номзод сайловчини ўз дастурига ишонтира олса, овоз бериш куни ҳам унинг сайловларда ғолиб бўлиш имконияти янада кенгаяди.

Шу ўринда «Адолат» СДПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзоднинг сайловолди дастурига эътибор қаратадиган бўлсак, унда ҳуқуқий давлат, Конституция ва қонун устуворлиги каби масалаларга кенг ўрин берилганига гувоҳи бўламиз.

Хўш, бу нималарда намоён бўлади?

Эътибор қаратадиган бўлсак,  номзод томонидан Конституцияда илк бор Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқий давлатдир, деган қоида ўз ифодасини топганлиги, Бош қомусимизда инсон ҳуқуқлари кафолатларига оид нормалар ҳам 3,5 баробар кўпайганлиги, мамлакатда қонун асосида яшаш ҳаёт тарзига айланиши ҳамда Конституция ва қонунларнинг устунлигини таъминлаш шартлиги масалаларига ўз дастурида алоҳида урғу берган.

Қолаверса, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида биринчи галда, судлар мустақиллигини таъминлаш, судьялар сонини кўпайтириш, уларнинг ихтисослашувини янада кенгайтириш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва уни муносиб ҳимоя қилишда адвокатура институтининг ўрни ва роли кучайтириш, коррупцияга қарши курашиш нафақат давлат органлари ва ҳуқуқни муҳофаза этиш тузилмаларининг вазифаси, балки бутун жамиятнинг бурчи эканлигига тўхталиб ўтган.

Таъкидланганидек, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг иш услубини ўзгартириш, хусусан, улар фаолиятидаги ҳали-ҳануз сақланиб қолаётган айрим эскича ёндашувларни бартараф қилиш, янада аниқроқ айтадиган бўлсак, жазолаш ғоясидан адолат, тенглик, эркинлик ғояларига ўтиш зарурдир.

Биргина мисол: инсон ҳуқуқи олий қадрият эканлиигдан келиб чиқиб, 2007–2015 йилларда судлар томонидан 688 354 нафар шахсга нисбатан 498 730 та жиноят иши кўриб чиқилиб, атиги 110 та шахс оқланган бўлса, 2016–2022 йилларда 418 992 нафар шахсга нисбатан 322 531 та жиноят иши кўриб чиқилган ва шундан 4 764 нафар шахс оқланган. Бу ҳақиқий маънода давлатнинг адолатпарвар, халқпарвар давлат эканлигидан далолат беради.

Ҳуқуқий давлат – бу демократик тамойиллар асосида қабул қилинган қонунлар олдида барча тенг ва ҳисобдор бўлган, ҳеч ким қонундан устун турмайдиган давлатдир. Қолаверса, қонунларнинг бутун давлат ҳудудидаги устуворлиги, ҳокимиятлар ваколатининг бўлиниши, шахс ва давлатнинг ўзаро масъуллиги, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг ҳимояланишидир.

Эътибор қаратинг, Конституцияда мавжуд бўлган нормалар жамиятдаги муҳим муаммоларни тўғридан-тўғри тартибга солсагина, инсон манфаатларига хизмат қилсагина, унинг юридик кучи, таъсири сезилади ва эътироф этилади. Конституциявий ислоҳотларнинг энг муҳим мақсадларидан бири ҳам халқнинг конституцияга бўлган ишончини кучайтириш ҳамда конституциявий йўл билан уларнинг ҳаётий масалаю, муаммоларини ҳал этишга хизмат қилади. Конституция нормаларининг тўғридан-тўғри амал қилиши давлат органлари ва фуқароларнинг Конституция нормаларидан тўғридан-тўғри фойдаланиши ва риоя этишини кўзда тутади.

Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, 2022 йилда Конституциявий суд томонидан жами 979 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мослиги ўрганиб чиқилган. Яъни 59 та қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 61 та фармони, 218 қарори, 12 фармойиши, Қорақалпоғистон Республикасининг 11 та қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 605 та қарори, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг 13 та буйруғи шулар жумласидандир. Якунда эса Конституциявий суд томонидан қабул қилинган қонунчилик ҳужжатларигига нисбатан ҳуқуқий баҳо берилган.

Хулоса қилиб айтганда,  ҳар бир шахснинг ҳуқуқлари олий даражада таъминланган давлатда, жамият барқарор ривожланади. Қонун устуворлиги таъминлаган давлатда инсон манфаатларига эътибор янада кучаяди, давлат бошқаруви соҳасидаги жараёнларнинг соддалашиши кузатилади.

Шерзод Зулфиқоров,
Жамоат хавфсизлиги университети профессори,
эксперт гуруҳи аъзоси

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг