Мен тугатган китоб: «Учдан кейин кеч»

Дунёда 7 миллиардга яқин одам ичида жиноятчилар, ахлоқи бузуқлар, турли хил салбий характерли кимсалар сон-саноқсиз. Сизнингча, улар онасининг қорнидан шундай туғилишганми? Йўқ, албатта. «Ҳеч бир бола ўткир зеҳнли ёки нодон бўлиб туғилмайди... Янги туғилган чақалоқнинг мияси тоза қоғоз кабидир...»
Агар фарзандингизга вақт ажратмай, унга нотўғри тарбия берадиган бўлсангиз, уни ўз ҳолига ташлаб қўйиб, ҳаддан ортиқ эркалатиб ўстирсангиз, қаровсиз қолдирсангиз эртага бунинг оқибатларини нафақат ўз оилангизда, балки кўча-кўйда, жамият ичида ҳам кўришга мажбур бўласиз.
Барча болалар то 3 ёшга етгунича ташқи дунёни ўрганишга, унга маъсул одамларнинг йўл-йўриқлари билан яшашга ҳаракат қилади. Аммо ана шу дастлабки 3 йилнинг қандай ўтиши унинг кейинги ҳатти-ҳаракатларини белгилаб берар экан.
Япониялик Масару Ибука айнан шу фикрни «Учдан кейин кеч» китобида илгари суриб, чақалоқларни то 3 ёшга қадам қўйгунича қандай тарбиялаш лозимлиги ҳақида тавсиялар беради.
Мазкур китоб аслида 1971 йилда ёзилган. Ўзбек тилига эса 2019 йилда таржима қилиниб, нашр этилди. Аммо орадан 50 йилга яқин вақт ўтган бўлса ҳам, муаллифнинг фикрлари эскирмаганини кўрамиз.
Ибуканинг фикрича:
«....тарбияга оид тайёр формулалар йўқ. Ҳар бир бола индивидуалдир».
«Ақллимисан ёки йўқми, бу наслга боғлиқ эмас. Барча нарса ўз ҳатти ҳаракатингга боғлиқ»
«Уч ёшгача асосан миянинг орқа қисми шаклланади». Айнан шу даврда унинг миясидаги оппоқ қоғозга тўғри ёзиш муҳим.
Гўдаклар гапира олмагани учун кўпинча ота-оналар уларнинг тилини тушинишмайди ёки англашга ҳаракат қилишмайди. Аслида эса чақалоқлар икки ойдан кейин ҳамма нарсани ҳис қилиб, сеза бошлайди:
«Бола туғилгач бир неча ойдан кейин онасининг товушини, тўрт ойдан кейин эса ўз исмини таний бошлайди»
Улар ҳатто ота-онасининг салбий кайфиятини ҳам сезишар экан. Ибуканинг китобида:
«Ота-онанинг асабийлиги юқумлидир. Чақалоқ ота-она ўртасидаги жанжални ҳис қилади ва унга салбий таъсир қилади» деган фикр ҳам бор.
У болаларга уч ёшгача қаттиққўл бўлиб, уч ёшдан кейин худди катта одамлардек муносабатда бўлишни тавсия қилади. Чунки:
«Икки уч ёшда болада шахсий ғурур ҳисси шаклланади ва у ўз менини ҳимоя қилишга тайёр бўлади. У ўз ота-онасини эшитмайди. Уни қанчалик кўп койишса ва жазолашса, шунчалик кўп итоатсиз ва инжиқ бўлиб боради… »
«Бола ҳали ёшига етмаган даврда қаттиққўлликни қаттиққўллик деб ҳис қилмайди»
Болалар юришни ва гапиришни ўргана бошлаганидан сўнг уларнинг ташқи дунёга бўлган қизиқиши ортади. Ва улар ҳар бир рангли нарсага, қимирлаётган нарсага интила бошлайди.
Унинг асосий буюмлари ўйинчоқлар бўлади.
Аммо Ибуканинг фикрича:
«Ўйинчоқларнинг ҳаддан зиёд кўплиги болада паришонхотирликни пайдо қилади». Болада ўйинчоқлар кам бўлса, унда диққат-эътибор ўткирлашиб, яратувчанлик қобилиятлари пайдо бўлиши мумкин деб ҳисоблайди.
Олимнинг фикрича болаларга гўдаклигидаёқ классик мусиқа эшиттириш, 3 ёшга тўлганида шеър ёдлатиш, оқ қоғозга турли расмлар чиздириш фойдалидир. Бу уларнинг тасаввурларни кенгайтириб, ижодкорлик қобилиятларини шакллантирар экан.
Албатта болани ҳеч нимага мажбурлаш керак эмас:
«Мажбурлаш – ўқитишнинг энг ёмон усули».
Бунинг учун боланинг нимага қизиқишини синаб кўриш керак.
«Гўдаклардаги таассуротлар боланинг келажакдаги фикрлаш ва ҳаракатланиш тарзини белгилайди».
Камдан кам ҳолларда болалардаги даҳолик қобилияти болаликданоқ намоён бўлади. Масалан:
«Да Винчи ёшлигида шифтда учаётган алвастилар ва у ердаги ёриқлар, доғлар орасида қимирлаётган махлуқларни кўрган».
«Моцарт 6 ёшида биринчи концертини берган».
«Навоий 5 ёшида Атторнинг «Мантиқ ут-тайр» китобини, Ибн Сино ва Берунийлар эса 6 ёшидаёқ «Қуръон»ни ёд олишганини ўқиганмиз.
Аммо нега Гитлер, Муссолини, Сталин каби диктаторлар келажакда бутун бир халқларга нисбатан геноцид уюштиришди. Олимларнинг фикрича:
«Ўсмирлар томонидан содир этилган тартиббузарликлар уларнинг гўдаклик даврларини бахтсиз оилаларда ўтказганлигини кўрсатади».
Гитлернинг болалиги қандай бўлганини ҳам билсангиз керак. Агар унинг рассомлик истеъдоди ўз вақтида шакллантирилганида дунё яна бир буюк рассомга эга бўларди... Аммо ёш Адолфнинг келгусида нафратли инсонга айланишига ота-онасининг золимлиги ҳам сабабчи бўлган.
Отаси Алоис Гитлер Адольфни тез-тез жазолаган ва унинг мустақил шахс сифатида шаклланишига тўсиқ бўлган. Онаси Клара эса унга меҳрибон бўлса-да, боласига ҳаддан ташқари ҳимоявий муносабатда бўлган. Бу Гитлернинг шахсий характерига таъсир қилиб, у ёшлигиданоқ ёлғизликка мойил бўлган.
Ибуканинг китобида бундай тавсиялар ва мисоллар жуда кўп.
«Гўдакни ўз хоҳиш иродасига қарши қўйманг».
«Болалар билан болалар тилида гаплашманг».
«Фарзандингизни бошқалар олдида масхара қилманг».
«Болага ҳаддан зиёд чеклов қўйманг».
«Болангизни уришдан кўра, рағбатлантириш фойдалироқ».
.... Шу ва шу каби мисолларни китобдан топасиз.
Қизиқчи Хожибой Тожибоев айтганидай, болага молсан, десангиз, мендан ҳеч нарса чиқмас экан, деб юраверади деганида ҳақ эди.
Наполеонни болалигида: «Жаноб, туринг! Сизни буюк ишлар кутмоқда», деб уйғотишгани ҳам тўқима эмас. Болага қилинган муносабат кўп нарсани белгилаб беради.
Хулоса ўрнида айтишим керакки, бола тарбиялаш ҳақида юзлаб китоблар бор. Уларнинг ҳар биридан нимадир олиш мумкин. Чунки дунёдаги энг масъулиятли иш бу – фарзандни тўғри тарбиялашдир. Унга амал қилиш ҳар кимнинг шахсий танловидир...
Темур Тангриберганов
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter