Мўйноққа бориб ишлаш ватанпарварликдир – Президент

Президент Шавкат Мирзиёев айни вақтда Республика шошилич тиббий ёрдам илмий марказида соғлиқни сақлаш ходимлари билан учрашув ўтказмоқда. Давлат раҳбари мулоқот вақтида чекка ҳудудларга бориб ишлаётган шифокорларни ватанпарварлар, деб атади.
– «Қишлоқ шифокори» дастури доирасида олис ҳудудлар рўйхатини 297 тага етказдик. Илгари бундай ҳудудлар сони 142 та эди. Мана шу ҳудудлардаги моддий рағбатлантиришни янада кенгайтирдик.
Бугунги кунга қадар «Қишлоқ шифокори» дастури асосида 191 нафар шифокор турли ҳудудларда иш бошлади. Масалан, Мўйноқ шаҳрига Фарғона, Самарқанд ва Хоразмдан 8 нафар шифокор ишга борган. Мен уларнинг барчасини ватанпарварлар, деб биламан. Бу шифокорларимиздан Мўйноқ аҳли жуда миннатдор! — деди Шавкат Мирзиёев.
Президент, шу билан бирга олис ҳудудларда малакали шифокорлар етишмаслиги муаммоси ҳамон мавжуд эканини таъкидлаб ўтди ва мутасаддилардан муаммони ҳал қилишда фаолроқ бўлишни талаб қилди.
— Афсуски, бу борада ҳали муаммолар бор, масалан яна олис ҳудудларда 171 та бўш иш ўринлари мавжуд ва уларни тўлдириш зарур.
Хусусан, Қашқадарёда – 67 та, Навоийда – 19 та, Қорақалпоғистонда – 18 та, Бухорода – 17 та, Сурхондарёда – 14 та, Сирдарёда – 13 та шифокор ўринлари бўш турибди. Нима учун соғлиқни сақлаш вазири бу масалада бонг уриб чиқмайди? Нимага ҳокимлар «Қишлоқ шифокори» дастури доирасида малакали шифокорларни ўз ҳудудига жалб этишга интилмайди? — деди Шавкат Мирзиёев.
Xabar.uz мухбирининг маълум қилишича, давлат раҳбари йиғилиш давомида «Қишлоқ шифокори» дастури асосида тиббиёт ходимларига берилаётган имтиёзларни кўпроқ тарғиб этиш ва малакали шифокорларни чекка ҳудудларга жалб этиш лозимлигини таъкидлаган.
«Шавкат Мирзиёев бу борада муаммоли ҳудудлар раҳбарларига тегишли топшириқлар берди», – дейди мухбиримиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter