Ўзбекистон экологияга доир Орхус конвенциясига қўшилиши мумкин

Сенатнинг навбатдаги мажлисида «Атроф-муҳит билан боғлиқ бўлган масалалар бўйича қарорлар қабул қилиш жараёнида жамоатчиликнинг ахборот олиш имконияти, иштироки ва одил судловга эришиш имконияти тўғрисидаги Конвенцияга (Орхус, 1998 йил 25 июн) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида»ги Қонун лойиҳаси кўриб чиқилди ва қабул қилинди.
Қайд этилишича, мазкур Конвенция инсоннинг соғлом атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган муҳим халқаро ҳужжат ҳисобланади. Конвенциянинг асосий тамойиллари Ўзбекистоннинг миллий экологик стратегияси мос келади. Мамлакатнинг ушбу конвенцияга қўшилиши барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга ёрдам беради ва қуйидаги ҳуқуқларни кафолатлайди:
- фуқароларнинг давлат органларида мавжуд бўлган экологик ахборотни олиш ҳуқуқи;
- фуқароларнинг атроф-муҳит ҳолатига таъсир қилиши мумкин бўлган, хўжалик фаолияти билан боғлиқ режа ва дастурлар, стратегиялар ва қонун ҳужжатларини тайёрлашда иштирок этиш ҳуқуқи;
- фуқароларнинг ахборотдан фойдаланиш ёки жамоатчилик иштироки билан боғлиқ ҳуқуқлари бузилган ҳолларда уларни судда кўриб чиқиш жараёнларида иштирок этиш ҳуқуқи.
Конвенцияга қўшилиш атроф-муҳит соҳасидаги миллий қонунчиликка риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратининг замонавий тизимини ривожлантириш учун асос бўлади. Қолаверса, Ўзбекистоннинг демократик ривожланиши ва экологик хавфсизликка бўлган саъй-ҳаракатларини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиб, халқаро майдондаги позициясини янада мустаҳкамлайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter