Озодбек Назарбеков «Маданият ва маърифат» телеканалини «ўзлаштириш»да таклифлар инобатга олинишини айтяпти
Бир муддат аввал Маданият ва туризм вазирлиги томонидан project.gov.uz порталида «Маданият ва маърифат» телеканали негизида «Karvon» телеканалини ташкил этишга оид Президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиб жойлангани ва бу ижтимоий тармоқ фаоллари ўртасида муҳокамаларга сабаб бўлаётгани ҳақида хабар қилинган эди.
«Маданият ва маърифат» телеканали тақдирига бефарқ бўлмаганларнинг нега томошабинлари ўртасида ўз ўрнини топиб бораётган телеканал негизида, бутун техник базаси билан бирга вазирликка бериб юборилаётгани муҳокама бўлаётгани фонида Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбековнинг ушбу вазиятга муносабати эълон қилинди.
«Бу муҳокама шунчаки оддийгина муҳокамами ёки ҳақиқатда телеканалнинг тақдири ўйлантираётган инсонларми? Агар телеканалнинг тақдири ўйлантираётган бўлса, биз билан ҳамкорликка киришинг. Биз ҳар қандай таклиф, фикр, мулоҳазаларни қабул қилишга, эшитишга тайёрмиз. Мақсадимиз мана шу халқимизга маърифат улашиб турган телеканални янада бойитиб, янада сифатлироқ хизмат кўрсатиши тарафдоримиз», дейди маданият ва туризм вазири.
Ўз ўрнида, «Маданият ва маърифат» телеканали директори Воҳид Луқмонов ҳам ҳолатга ўз муносабатини билдириб, ҳужжат лойиҳасидан хабардор бўлгани ва телеканал фаолиятини ҳар томонлама ривожлантириш бўйича аниқ таклифлар берилганига қарамай, улар инобатга олинмагани ҳақида ёзади.
«Аввало, «Маданият ва маърифат» телеканали фаолиятига оид ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилаётганидан хабаримиз бор эди. Телеканал фаолиятини ҳар томонлама (ғоявий-бадиий, молиявий-иқтисодий, техник-технологик жиҳатдан) ривожлантириш, телеканални янада кўримли қилиш бўйича ўзимизнинг аниқ таклифларимизни берган эдик. Афсуски, жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган Ҳужжат лойиҳасида бизнинг таклифларимиз инобатга олинмаган.
Бу Ҳужжат ҳали лойиҳа. Ишонамизки, бу Лойиҳа қизғин муҳокама жараёнидан ўтиб, ҳамманинг фикр-мулоҳазалари, таклиф ва ғоялари инобатга олинган ҳолда, кенг жамоатчилик кутаётган Қарорга айланади», дейди Воҳид Луқмонов.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter