Қўшма таълим дастурларида ўқиётган айрим талабаларнинг «контракт»ини давлат тўлаб беради
2023/2024 ўқув йилидан бошлаб педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасаларининг қўшма таълим дастурларида таълим олаётган талабаларнинг ҳамкор хорижий олий таълим муассасасида ўқиш даври учун тўлов-контракт қиймати Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.
Президентнинг педагог кадрлар тайёрловчи таълим муассасалари фаолиятини яхшилашга доир 289-сонли қарорида белгиланишича, ушбу тоифадаги талабаларнинг ўқиш даври учун тўлов-контрактини бюджетдан қоплаш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
- педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасаларининг қўшма таълим дастурларида тўлов-контракт асосида таълим олаётган ва юқори академик кўрсаткичларга эга бўлган талабалари ўртасида танлов ўтказилади;
- танловда ғолиб бўлган талабалар билан давлат мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим муассасаларида камида уч йил ишлаб беришни назарда тутувчи шартнома расмийлаштирилади;
- педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасаларининг қўшма таълим дастурларида таълим олаётган талабаларнинг тўлов-контракт қийматини қоплаш учун маблағлар Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчи сифатида тегишинча Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Мактабгача таълим вазирлигига ажратилади;
- педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасаларининг қўшма таълим дастурларида таълим олаётган талабаларнинг тўлов-контракт қийматини қоплаш учун ажратиладиган маблағлар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Мактабгача таълим вазирлигининг Молия вазирлиги Ғазначилигида очилган алоҳида шахсий ғазна ҳисобварағида назарда тутилади.
Изоҳ: мазкур қарор 2022 йилнинг июнь ойида қабул қилингани сабабли вазирликлар эски номада кўрсатилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter