Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

“Сакария кони Туркиянинг энергетик қарамлигини камайтиради” – Аҳмед Тюрксой

“Сакария кони Туркиянинг энергетик қарамлигини камайтиради” – Аҳмед Тюрксой

Қора денгиз минтақасида тасарруф этилаётган  Сакария газ кони Туркиянинг энергетика соҳасидаги мустақиллигини таъминлашда муҳим ўрин тутади, дейди Turkish Petroleum (TPAO) ширкати бош директори ўринбосари Аҳмет Тюрксой.

«Xabar.uz» мухбирининг хабар беришича, Turkish Petroleum вакили 28 апрель куни Истанбулда ўтказилган Туркий дунё шарҳловчилари симпозиуми доирасида минтақа энергетика бозорида бурилиш ясаган лойиҳалар ҳақида гапирди.

«Қора денгиздаги Сакария газ кони Туркиянинг энергетик жабҳадаги позициясини мустаҳкамлайди. 2020 йил августда очилган кондан рекорд муддатда газ қазиб олина бошлади. Кондан биринчи босқичда суткасига 10 миллион кубометр, иккинчи босқичда эса 40 миллион кубометр ҳажмида газ қазиб олинади. Жорий йилдаёқ импорт ҳажми пасайиши кутилмоқда», – дейди Аҳмет Тюрксой.

Сакария газ кони Қора денгиз ҳудудида, соҳилдан 175 км масофада топилган. Кон очилганидан газ қазиб олишга қадар бўлган муддат атиги икки ярим йилни ташкил этди.

Жорий йил май ойи биринчи ярмида ушбу кондан қазиб олинган табиий газ хонадонларга етиб боради. Энергетик мустақиллик йўлидаги дадил қадам деб аталаётган лойиҳа доирасида мамлакат табиий газ  истеъмолининг 25 фоизи қопланиши кутилмоқда.

Қора денгиз минтақаси конлари, жумладан, Сакариянинг газ захираси 710 миллиард кубометр деб баҳоланган. Конда айни пайтда 10 та бурғулаш қудуғи ишламоқда. 2026 йилда қудуқлар сони 40 тага етади.

Туркия яқин истиқболда табиий газ борасида қарамликдан буткул қутулишни кўзлаган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг