Боланинг қўлидаги телефон билан ўзингизни «алмаштиринг»
Боладан телефонни олиб қўйманг!
Телефон ўрнига китоб берманг!
Болани қийналишини истаяпсизми?
Ҳеч қачон китоб телефон ўрнини боса олмайди. Бунга бола ёки ота-она айбдор эмас. Бизнинг миямиз бунга айбдор. Эволюция шуни тақазо этади. Мия доим осон йўлни излайди. Китоб ўқиш осон йўл эмас. Телефонни ўзлаштириш, унга ўрганиш эса осон йўл.
У ҳолда болани телефондан қутқариш йўли қандай?
Албатта, энг осон йўл, бу болага 7 ёшига қадар умуман телефон бермаслик. Агар кечиккан бўлсангиз, у ҳолда телефонни китоб билан алмаштириш ҳақида ўйламанг. Телефондан узилиш йўли бошқа, китобга меҳр уйғотиш йўли бошқа.
Боладан телефонни олиб қўйишнинг биргина йўли бор. Телефонни ўзингиз билан алмаштириш. Яъни, болани қўлидан ушлаб ҳайвонот боғига, паркка, музқаймоқ ейишга, ўйинчоқ машина хайдашга, қувламачоқ ёки бекинмачоқ ўйнашга, лойдан қўғирчоқ ясашга, қум ўйнашга, печенье пиширишга, чигиртка тутишга, чумолини томоша қилишга, хонқизи топишга, сув ўйнашга, бассейнга боришга, кафеда ширинлик ейишга, бозор айланишга, караокеда қўшиқ айтишга ва яна минглаб хилдаги жисмоний ҳаракатни талаб қиладиган фаолиятларни амалга оширишга унданг. Бошида осон бўлмайди, лекин жараёндан завқланган бола телефонни аста-секин унутишни бошлайди. Бу ҳаракатларнинг мунтазамлиги муҳим.
Китобга келсак, телефонга оид юқоридаги ҳаракатлардан қатъий назар бола билан ҳар куни ётишдан олдин 3 дақиқадан бошлаб китоб ўқишга одатланинг. Расмли китоб бўлиши шарт. Бола 3 ёш бўлса ҳам, у билан китобни муҳокама қилинг. Ўрганинг! Бола билан ёшига мос суҳбатлар қилишни ўрганинг. Шунда ўсмир бўлганида унга нима дейиш кераклигини тушунмай юрмайсиз. Сўнг 3 дақиқани 30 дақиқага оширинг. Бизнинг тақдиримиз одатларимизга боғлиқ. Ётишдан олдин ота-она ва боланинг биргаликда китоб ўқиш одати тақдиримизга қанчалик ижобий таъсир кўрсатувчи одат эканлигини минглаб илмий тақиқотар исботлаган.
Боладан телефонни олиб қўйманг, телефонни ўзингиз билан алмаштиринг. Болангиз учун қизиқ бўлинг, зерикарли бўлманг. Телефоннинг ўрнига китоб берманг, китоб ўқишни телефон бор-йўқлигидан қатъий назар боланинг ҳаётидаги ажралмас бир одатга айлантиринг.
Болалар ёзувчиси Динара Мўминованинг facebook саҳифасидан олинди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter