Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Интеллектни ривожлантириш учун китобларни қандай мутолаа қилиш керак?

Интеллектни ривожлантириш учун китобларни қандай мутолаа қилиш керак?

фото: интернет, очиқ манба

Мутолаа нафақат сўз бойлиги ва дунёқарашни кенгайтиради, балки тасаввурни ривожлантиришга ҳам ёрдам беради. Хилма-хил китоблар ўқиб, янги атама ва нутқнинг ўзига хосликларини эслаб қоласиз. Китоб мутолаа қилаётганимизда биз янги дунёга шўнғиб кетамиз. Агар сиз интеллектингизни оширмоқчи бўлсангиз, «енгил» адабиётлар билан бир қаторда мураккаб асарларни ҳам мутолаа қилишингиз лозим. Бу мия фаолиятини яхшилашнинг энг самарали усулларидан биридир. Мутолаа жараёнида миянгизда эмпатия, ҳис-туйғу, қарор қабул қилиш ва автобиографик хотира учун масъул бўлган тўқималарни рағбатлантирасиз. Хўш, ақлий ривожланиш учун китобларни қандай танлаш ва ўқиш лозим? Ушбу мақола орқали бир қанча маслаҳатларга эга бўласиз.

Сиз энди «мактаб боласи» эмассиз

Мактаб даврини эслайлик. Мактабда кўпчилик ўқитувчининг саволларига жавоб бериш, назорат синовларидан яхши ўтиб олиш учунгина ўқийди. Эсингизда бўлсин, сиз ҳозир ўқитувчи учун эмас, балки ўзингиз учун билим оласиз.

Айтайлик, сиз Пелопоннес уруши ҳақида мутолаа қиляпсиз. Унда асосий эътиборни рақамлар ёки жой номларига эмас, кўпроқ қарама-қарши томонларнинг стратегияларига қаратинг. Ким нима сабабдан ғалаба қозонди? Томонларнинг ютуқ ва камчиликлари нимада эди?

Мулоҳазалар билан танишиб чиқинг

Асарнинг хотимаси ва муаллифнинг асосий мулоҳазаларини олдиндан билиш асар мавзуси ҳақида тасаввурга эга бўлишга ёрдам беради. Шунингдек, одатда биринчи 50 саҳифадаёқ биз муаллиф нима демоқчи эканлигини тушунамиз. Шунда сиз «Бу китобни ўқиш мен учун нега керак?» ва «Унинг асосий ғояси қандай?» деган саволларга жавоб излайсиз. Бундан ташқари, бошқа китобхонларнинг ушбу китоб ҳақидаги фикр-мулоҳазалари билан ҳам танишиб чиқиш зарар қилмайди. Мулоҳазалардан унинг интеллектуал қийматини аниқлаш янада осон бўлади.

Тушунмаганларингизга беэътибор бўлманг

Сиз ҳамма нарсани ҳам бирдан тушунмаслигингиз мумкин. Асосийси, беэътибор бўлмасдан улар ҳақида бошқа манбалардан ҳам маълумот қидиринг. Мисол учун, тарихий урушлар ҳақида ўқиётганингизда, жанг майдонини тасаввур қилиш муҳим. Қўшимча маълумот олиш учун ҳудуднинг хариталарини ўрганиб чиқишингиз мақсадга мувофиқ.

Муҳим жойларни белгилаб қўйинг

Сизни қизиқтирган ва ўйлантирган барча жойларни хатчўп ёки маркерда белгиланг. Шахсий фикрларингиз бўлса, албатта китобнинг ҳошиясига қалам билан ёзиб қўйинг. Китобни бузишдан асло қўрқманг. Нима учун ўқиётганингизни унутманг. Асосий мақсад – китобдан ахлоқий ва интеллектуал сабоқларни ўрганиш. Бундай эслатмалар билан эса у сизга кўпроқ фойда келтиради.

Китобга қайта мурожат қилинг

Мутолаа қилиш интеллектуал салоҳиятингизни оширади. Эътиборлиси, ақлий ривожланиш китобни тугатганингиздан кейин ҳам давом этади. Функционал магнит-резонанс томография ёрдамида Эмори университетида ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатдики, мутолаадан сўнг ҳам бизнинг миямиз камида беш кун давомида фаолликни сақлаб туришга қодир. Янада билимга эга бўлиш учун бир ёки икки ҳафта ўтгач, китобни қайта варақланг. Ўзингиз учун муҳим деб билган маълумотларни керакли жойга қайта қайд қилиш ҳам зарар қилмайди. Бу орқали сиз билимингизни мустаҳкамлайсиз. Балки улардан кейинчалик қаердадир фойдаланишингиз ҳам мумкин.

Ўқиганларингизни амалда қўлланг

Сиз бежизга муҳим маълумотларни белгилаб олмагансиз. Улардан ишда ва кундалик ҳаётда фойдаланиб туринг. Олинган билимларни қўллашдан қанчалик мамнун бўлсангиз, шунчалик кўп ривожланишни хоҳлайсиз.

«Китоблар омбори»телеграм каналидан олинди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг