Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Муҳожирликда одам савдоси билан олти йил «ўтириб», кексайганда фоҳишахона сақлаган аёл ҳикояси

Муҳожирликда одам савдоси билан олти йил «ўтириб», кексайганда фоҳишахона сақлаган аёл ҳикояси

Бухоро вилояти ИИБ хабарларига кўра, қарийб кунора ўз хонадонида арзимаган пул эвазига фоҳишахона сақлаб келаётганлар қўлга олинмоқда. Уларга нисбатан Ўзбекистон Республика Жиноят кодексининг 131-моддаси (қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш) билан жиноят иши қўзғатилади ҳамда тергов ҳаракатлари олиб борилади. Бу модда билан айбланган фуқаронинг айби исботланса,  у базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан етмиш беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши мумкин.

Хўш, улар жазони ўтаб бўлгач, ўз хатти-ҳаракатларига чек қўйишяптими?

«Xabar.uz» мухбири айнан ушбу жазо билан бир неча маротаба айбланиб, тўғри хулоса чиқармаган ва буни ўзига «касб» қилиб олган кекса аёл билан суҳбатда бўлди.

Ўзини М.Р. деб таништирган когонлик аёл аввалига суҳбатга рози бўлмади. Унинг шахсини очиқ кўрсатмаслик шартига рози бўлдик. Уч боласи ва ҳеч қаерда ишламайдиган эри билан рўзғор тебратишда анча-мунча қийинчиликларни бошдан кечирганлиги сабабли умрининг қарийб тенг ярмини турли хориж давлатларида ўтказган ва одам савдоси билан шуғуллангани учун «ўтириб» ҳам чиққан бу аёл 60 ёшлардан ошган. Юзларини ажин қоплаган бўлса-да, ҳуснини деярли, йўқотмаган.

«Ҳа-а, ҳусни латофатда тенгим йўқ эди. Мана-ман, деган йигитлар борки, ошиқ эди. Лекин мен ёшликдаги севгию ишқ, деб ота-онамнинг райъига қарамай, камхарж ва шароити ўта оғир йигитга турмушга чиққандим... Айнан эримнинг қистови билан умрим муҳожирликда ўтди...  19  йилдан ортиқ вақт Дубай, Туркия, Хитой, Россия давлатларида ишладим. Аввалига ўзим сотилдим, танфурушликка мажбурлашди, кейин аста-секин ўзим ҳам бошқаларни савдога чиқара бошладим. Бунинг бадалини эса турмаларда тўлаб чиқдим. Турма ҳам сабоқ бўлмади, айбимга иқрорман. Кексаликда, қуда-андаликда «131» билан иккинчи бор қўлга тушдим... » - аёл ҳеч иккиланмай иқрорлик келтира бошлади.

«Хорижларга бориб-келишингизга эрингиз қаршилик кўрсатмаганми?»

«Йўқ, суҳбат бошида айтдим-ку, эрим қистови билан муҳожирга айланганимни! Кўчадан бир бурда нонини топиб келолмаса, нима дея оларди. 1987-1988 йиллар айниқса, нарх-наво, яшаш шароити одамларда пасайиб кетганди. Биров бировга нарса илинармиди ўша замонда. Миннатли ошдан беминнат тош яхши, дейишади-ку!

Жуда ёш турмушга чиқдим. Уч болали бўлганимда, энди 25-26 ёшларда эдим,-ҳикоясида давом этди аёл,- уларни боқишда роса қийналиб қолдик. Улар ҳам айни ейман, ичаман, кияман, дейдиган паллада. Ошналари бирма-бир Россияга кетаётган эрим бир куни ўзини бир синаб кўриш учун хорижга кетишини менга маслаҳат солди.

«Хорижга бориш учун йўлкира фалон пул. Битимизни сотиб, сизга пул топамизми? Ўзи зўрға рўзғор тебратаётган бўлсак»,-дедим.

«Унда сен кет!»-томдан тараша тушгандек гапирди эрим. Хахолаб кулганча: «Қаёққа?!»-дедим. «Қаёққа бўларди? Аёллар бориб-келишяпти-ку, Дубайга-да!»-эримдан бундай гапни кутмагандим. Довдираб қолдим. Ҳам кулиб, ҳам асабийлашиб, муносабатимни билдирдим.

«Овозингни ўчир! Буни хоҳламасанг, менинг Россия кетишим учун пул топиб берасан! Йўлини қил. Мана, ман сенга ёрдам бераман... Ҳусни жамолинг, қадди-қоматинг бичимдай бўлса... Ахир, болаларни кам-кўстсиз боқишимиз керакми?!»

Менинг жовраниб, ялиниб-ёлворишларимга қарамай, эрим мени шу йўл орқали пул топишга мажбурлади.

Болалар уйқуга кетгач, ярим тунгача улфатчилик давом этар, ҳовлини ёқимсиз қаҳ-қаҳалару, қадаҳлар жаранги бузиб турарди. Эрим эса бегона эркаклардан ўзини яшириб, ҳовли бурчагида жойлашган қоронғу кулбада болалар билан тонг оттирарди. Бора-бора аваалги мендан асар ҳам қолмади. Ҳатто, эримни оёғим учида кўрсатадиган, унга мутлақо нописанд қарайдиган бўлдим. Унинг энди қорни тўқ, усти бут бўлди. Россияга ишлашга кетишни хаёлига ҳам келтирмасди. Бир куни мен:

«Мана, Россияга ишлашга кетишингиз учун йўлкира икки, баравар ортиғи билан тайёр. Ниятингизга етдингиз, энди кетинг, жўнанг!»-дедим.

«Ўзинг кета қол, болаларга ва менга пул жўнатиб турсанг, бас! Мен бу ерда ҳовли-жойни созлаб тураман»,-деди безбетларча. Унга гапиришнинг фойдаси йўқ, эрим аллақачон манқуртга айланиб бўлганди.

Шундай кунларда «мижоз»ларимдан бири қизларни Дубайга жўнатадиган таниши борлигини айтиб қолди.  У билан мени таништирди. Енгил-елпи ҳаёт мени ўз измига солиб бўлганди. Мени Дубайга жўнатаётган аёл «пишириқ пиширишга борасан» деди. Мен эса тап тортмай, нима учун кетаётганим сабабини билганим ва мен пишириқ пишириш учун эмас, ўз танимни пуллаш ва кўп пул топиш мақсади билан кетишни истаётганимни айтдим. Шундай бўлди ҳам. Бироқ, Дубайдаги «ҳаёт» мен тасаввур қилгандан ҳам юз чандон оғир экан. Одам савдоси орқали пулланаётган қизлар, чиндан ҳам алданиб келиб қолган жувонлар, «мамароза»ларнинг қизларимиз устидан масхаралаб, мағзава ағдаришлари, у шайхдан бу шайхга, бу шайхдан у шайхга пулланаётган тақдирлар, зиндонбанд бўлаётган қисматлар... Кўз олдимдан ҳар кун кинолентадек ўтади. Биласизми, аслида, Дубай донишу фузалолар, олиму-уламолар, ноёб дурдоналар маскани бўлган улуғ ва салтанатли диёр.  Афсуски, бутун дунёга, айниқса, Ўрта Осиё ва Шарқ мамлакатлари наздида ёмонотлиқ «иссиқ ўлка» номига айланди. Ўша заминнинг покиза тупроғи мен ва бошқаларга ўхшаган нобакорларнинг қилмиши билан оғули, доғли ўлка номини орттирди. Бунинг жабрини тортаяпмиз. Дубайда анча пишиб қолгандим.  «Мамароза» мени ўзига «ёрдамчи» қилиб олди. Кўплаб қиз-жувонлар жувонмарг бўлди. Аммо кўзим «қотиб» кетгани учун бу менга таъсир ҳам қилмасди. Дубайдаги қарийб, етти йиллик ҳаёт менинг яшаш тарзимни мутлақо ўзгартирган эди. Аммо, Дубайга бориб-келганларнинг ҳаммаси ҳам катта-кичик фоҳишахоналарда танфурушлик билан шуғулланиб, пул, мол-дунёга эга бўлишмаган. Улар орасида фаррошлик қилиб, кўчаларда одамларнинг оёқ кийимларини артиб, тозалаб, шармсизлик ботқоғига ботмаганлар ҳам талай.

 1991 йилда ишимизнинг ишкали чиқиб қолгани учун мени Хитойга қочиришди. Хитойга сотилган қизлар кечмиши ҳақида, ҳатто, эсласам, ҳозир ҳам вужудим титраб кетади. Турмада чекаётган азобларим чоғида буям менга камлигини айтиб, ўзимни лаънатлаганман. Мени Хитойга қочиришгач, Дубайга қўниши керак бўлган ўрис қизлар рейси Хитойга ўзгартирилди. Ўз ҳақ-ҳуқуқини билган рус қизлар самолётдаёқ норозилик билдиришмоқчи бўлганда, овоз чиқаришса, шу ердан «ҳавога учириб» юборилиши билан қўрқитилган. У ерда рус қизлар ҳайвонлар билан... Оғир, жуда оғир... Мен уларнинг бундай қийноқларга солинаётганини ҳазм қилолмадим. Қочиб кетай, десам «бос»имиз ҳар қадамимизни пойлайди. Беш ойдан кўпроқ вақт Хитойда қизларнинг қийноқ, азобларда кун кечиришларига гувоҳ бўлиб, игна устида яшагандек бўлдим. Кунларнинг бирида уч-тўртта қизлар билан келишиб, уларга ичсургич дори бердим. Бундай пайтда уларнинг касалхонага ётқизилиши, тайин.

Кун пешиндан оғганда, қизларда кузатилган сурункали ич кетиш ва уларнинг «йиқилиб-йиқилиб» қолаётгани «бос»имизни чўчитди. У қизларнинг ўлиши, соғлиги ёмонлашишиданмас, бугун «мижоз»ларни «қуруқ» қайтаришдан қўрқарди. Зудлик билан қизлар касалхонага олиб кетилди. Мени уларга «қўриқбон» қилишди. Бу пайтда ўзим ҳам ўзимга ва қизларга тегишли ҳужжатлару, пул, тақинчоқларни олиб чиққандим. Касалхонада зудлик билан қизларга муолажалар бошлаб юборилди. Тун ярмида касалхонадаги бир шифокорга бўлаётган воқеликларни сўзлаб бердим. Жуда ёрдами зарурлигини йиғлаб тушунтирдим. Ҳарқалай, шифокор сергак экан, унинг кўмагида элчихона билан боғландим. Махсус ходимлар етиб келгунига қадар қўлимдаги қизларга тегишли бўлган ҳужжат ва пулларни Настя исмли қизга қолдириб, касалхонадан узоқлашиб улгурган эдим. Махсус ходимлар етиб келганини кўзим билан кўргач, тун ярмида аэропортга жўнадим...

Ва шу билан муҳожирлик ҳаётим Туркияда давом этди. Таниш-билишлар орттирдим. Уч йилдан кўп вақт парфюмерия савдоси билан шуғулландим. Лекин унинг даромадидан қаноатланмадим. Яна аввалги ўз «ишим» билан шуғулланишни тусаб қолдим. Туркияга оёқ боссангиз, танфурушлик ортидан кун кўришга шай ўзимизнинг қизларга дуч келасиз. Уларга «мижоз» топиб беришда устаси фаранг бўлиб кетгандим. Икки йилда ими-жимида яна эскича ҳаётни давом эттирдим. Ижарага олган ҳовлимдаги ҳар кунги қий-чувлар анча ортиб, қўни-қўшниларни безовта қилди, шекилли, адабимни бериб қўйишди. Уй эгаси келиб, қизу эркакларга қўшиб, мени ҳам уриб-тепиб, судраб ярим тунда чиқариб юборди. На пул, на тақинчоқларимни олишга улгурдим. Бу ердан тезроқ даф бўлмасам, полицияга хабар беришини айтди. Бундан баттари бўлмасди. Илтижолар қилиб, Ўзбекистонга қайтишим учун ақалли йўлкирамни ва бир жуфт кийимимни олишимга рухсат беришини сўрадим. Уй эгаси эса мени ичкарига киритишга йўлатмади, ўзимга тегишли бўлган ҳамма нарсани кўчага улоқтирди. Пул ва паспортимни олдим-да, Ўзбекистонга эмас, Россияга «учдим»...

«Болаларингизни наҳотки шунча йиллар кўрмадингиз, уларнинг тақдири, ҳаёти сизни қизиқтирмадими?»-сўраймиз.

«Бу пайтда болаларим анча улғайган, ақлини таниган, ҳатто, мактаб ўқувчиси бўлишган эди. Ахир ўн икки йилдан ортиқ Дубай, Хитой ва Туркияда яшадим. Телефон орқали, видеовизов орқали бир-биримиз билан кўришиб турардик. Ўзи биласизми, фарзандингиз жон қадар бўлса ҳам уларни йиллар кўрмасангиз, саломат ва соғлом ўсаётганини билиб турсангиз, кўникар экан, одам. Россияга бир йилча ишлаганимдан сўнг олти ойга Ўзбекистонга келиб кетгандим. Болаларим менга худди бегона, ҳатто, мени унутиб ҳам юборишган эди. Фақат билганлари шу: уларни битта Она, деган хола таъминлаб туради. Оғриқли, жуда оғриқли-а?!»-кутилмаганда йиғлаб юборди аёл.

«Хўжайингиз-чи?»-сўраймиз.

«Ҳашаматли ҳовли-жой, оёғининг тагида машинаси бор. Ниманиям ўйларди. Мана, қаранг, ҳозир ҳам аҳвол шу,-неваралари билан боғда ёнбошлаб олиб ётган эркакни кўрсатади аёл,- олти ойча болаларим билан яшагач, яна чамамда, 7-8 йил Россияда муҳожирликда юрдим. Бу муҳожирлик давримнинг қийинчиликлари, азоблари ҳақида гапиргим йўқ. Совуқ қишда ўрмонларда қолиб кетишлар, ертўладаги ҳаёт, бир уйда ёхуд бир вагонда ўн бешдан ортиқ эркак ва аёлларнинг бирга тунаб, бирга туришлари, бирини-бирига кўз олдида «алмаштириш»лари... жирканчли ҳаёт тарзи мен учун ҳам, атрофимдагилар учун ҳам оддий ҳолатга айланиб қолганди. Биз уй-жой қурилиш ашёлари ишлаб чиқарадиган цехда ишлардик. Оҳак, ғишт, яна алламбало сувоқлаш маҳсулотлари ишлаб чиқариларди. Темир-терсаклар таширдик. 2008 йил эди, адашмасам, ишлаш манзилимиздан унча узоқ бўлмаган жойдан бир вагонни шахсан ўзим ижарага олдим. Жисмоний меҳнат безиктирганди. Яна эски «касбим»ни тикладим. Афсуски, охири бахайр бўлмади. Қизлар савдоси билан шуғулланаётганим, қўшмачилик қилаётганларимнинг «миси» чиқди. Қидирувга берилганман. Ва мени «бир» деганда, топишди. Ўзим ҳам бу гал. негадир, яширинишни, қочишни истамадим. Қилган қилмишларимга яраша бир кун жазо олишимни билардим. Суд ҳукми билан олти йилдан узоқроқ вақтга қамалдим.

Жазони ўтаб қайтгунимча, икки қиз фарзандим турмушга  чиққан, ўғлимга келин туширилган эди. Оиланг учун яшаб, нима дарду балоларга йўлиқиб, уларнинг тўйини қўролмасанг, алам қиларкан»,-ичикиб сўзлади аёл.

«Фарзандларингизнинг турмуш қуришидан хабарингиз бўлмаганми?»

«Йўқ. Турмадалигим вақтида айтиб, дуомни олишган»

«Саволимни кўнглингизга оғир олмасангиз. Болалаларингиз улғайишиб, қуда-андалар сизнинг кечмишингизни юзингизга солишмаганми?»

«Йўқ. Юзимга солишмаган. Аммо, ҳазар қилишаётганини, жирканишаётганини очиқ-ойдин сездириб қўйишади. Аммо, эримнинг битта мардлиги, улар учун шу кўйга тушганимни, бунга ўзи ёшлигида беақллик қилиб қўйганини фарзандларига тан олиб гапириб бергани уларни анча ҳовуридан туширган... 2014 йилда озодликка чиққанимдан сўнг ўғлим ва келиним алоҳида ҳовлига кўчиб чиқишди. Анчагача хабар олиб туришди, бутунлай ташлаб қўйишмади. Аммо, бора-бора, ўз ишлари, турмушларига ўралашиб қолишди. Аввалига кунора келишлар ҳафтага, ҳафталар ойга, ой йилларга чўзилди. Ҳартугул, невараларимни тез-тез жўнатиб туришади, невараларимни эркалаш, уларни овутиш билан кўнглимга таскин излайман...»-бўғилгудек сўзлади аёл.

«Шунча ташвиш, қийинчиликларни бошдан кечиргансиз. Устига-устак, жазо муддатини ҳам ўтаб чиққансиз. Нега товба қилмай, ўз хонадонингизда яна фоҳишахона сақладингиз? Мана, яна уч йил уй қамоғидасиз. Ёшингиз бир жойга бориб қолган бўлса... »

«Кўзингиздан ўрганган одат ўртанса қолар, демоқчи бўлганингизни англаб турибман. Аммо мана бу ҳашаматли уй-жой, биллур идишлару, қимматбаҳо қандиллар... сизга ҳеч нарса бермас экан. Фарзандларинг учун умрингни, тақдирингни куйдирсангу, биргина иссиқ овқат қилиб сени йўқлашни раво кўришмаса, бундан оғир мусибат йўқ. Бу, албатта, қилмишларимга Аллоҳ томонидан берилган жазо. Отаси оғир бетоб бўлиб қолгач ҳам йўқлашмади. Уни даволатиш учун яна ўзим билган эски «касб» билан пул топиш пайига тушдим. Виждоним олдида қийналаману, аммо товбамга таянмаганим... Худо уриб қўйган бандаман»,-дейди аёл.

Аёл бизни кузатиб қўяр экан, дастурхон устидаги ширинликлардан тутади.

«Оғиз ширин қилиш мумкин-ку, ёки ҳазар қилаяпсизми?»-ички оғриқ билан сўзлади аёл.

«Нега, кимнингдир аччиқ қисматига сабаблар кўп. Агар шундай бўлганда, сиз билан суҳбатга келмас эдик. Ҳазар қилишга ҳақлимасмиз»,-деймиз қандни татиб кўра туриб.

Неча-неча қизу жувонларнинг иффати ҳисобига тикланган ҳашаматли ҳовли-жойдан чиқар эканмиз, аёл:

«Топганим мол-мулк, бойлик, йўқотганим соғлик бўлди. Ўшанда бевошлик қилиб, ану гўрсўхта эримнинг гапига кирмаганимда, бир оёғим у, бир оёғим бу давлатда сандироқламаганида, ҳусни латофатимни пулга алишламаганимда бундай хўрлик бўлмасди. Ўзимни ҳам, бошқани ҳам пулладим. Охири топганим – фарзандларим олдида камситилиш бўлди»,-йиғлаган кўйи бирдан сергак тортиб, баланд оҳангда эрига буйруқнамо гапирган аёл янаям ҳайратимизни оширди.

«Ў, лаву-латта бўлмай ўлинг, машинани чиқаринг гараждан, қизларни манзилига қолдириб келинг!»

Аёл билан хайрлашиб, оилага тегишли автомашинага ўтирдик.

«Хотинингизни шунча узоқ йиллар хорижларда хор қилдирибсиз-да!»

Саволимиздан ҳатто пинаги ҳам бузилмаган эркак:

«Илож қанча. Болаларни боқиш, катта қилиш керак эди. Шахсан ўзим рухсат берганман!»

«Хорижга тан сотиш эвазига кун кўрган аёлларни ўзимизда эрлар бошқача қабул қилишади»

«Ариққа қурбақа кириб-чиққанини кўрмасангиз, суви ҳалолдир, деган гап бор»,-ёши 65 лардан ошган эркакдан олган жавобимиз шу бўлди.

Хотинининг «иши» ортидан келган пул, дунёдан кўкрак кериб, бир умр шоҳона ҳаёт кечирган эркакка нима, деб баҳо беришни билмадик. Аёлининг елкасига муҳожирлик хуржунини ортиб, сарсон-саргардон қилган ва охир-оқибат ҳам ўзининг, ҳам аёлининг хўрликда умр кечиришига сабаб бўлган эркаклар бирмас, ўнлаб, юзлаб топилади...

Лайло Ҳайитова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг