Психологга мурожаат қилдингиз, лекин натижа йўқдек – нима учун?

Ҳозирги кунда психологга мурожаат қилиш оммалашиб бормоқда. Бу албатта қувонарли ҳол, чунки инсонлар ўз руҳий муаммоларига эътибор қаратишни бошлашди. Аммо, айримлар психолог билан ишлаш самара бермаганлигидан шикоят қилишади. Кўпинча буни мутахасислар «ўзгаришни истамаётган ички қаршилик»ка йўйишади. Ҳақиқатдан бу кенг тарқалган тенденция, турли сабабларга кўра иш бошлангач мижозда ўзи сезмаган ва билмаган ҳолда қаршилик бошланади. Хўш, аслида муаммо нимада? Қаршиликдами ёки нотўғри танланган мутахассисми?
Келинг, бу масалани кўриб чиқамиз.
Самарасизликнинг сабаблари нимада?
Психолог ва мижоз ўртасидаги номувофиқлик: Ҳар бир психологнинг ўз услуби бор. Агар сиз психолог билан «тил топиша олмасангиз» ёки унинг услуби сизга мос бўлмаса, бу барибир самарасизликка олиб келади. Яъни, мутахассис малакали ва сиз ўзгаришларга тайёр бўлсангиз ҳам. Дейлик, Сизга амалий маслаҳатлар керакдир, психолог эса фақат ўтмишингизни таҳлил қилиш билан чекланаётгандир. Ёки айни дамда сиз эмоционал қўллаб қувватлаш ва фақат эшитилишга муҳтож бўлсангизу (аслида ўзгаришга ҳали тайёр эмассиз, буни ўзингиз англамаслигингиз мумкин, бу табиий), лекин мутахасисга аниқ масалалар билан чиқиб ва аниқ натижалар кутсангиз (рационал талаб қўйишингиз мумкин, бу ҳам табиий) нозик номувофиқлик юзага келиши мумкин.
Психологнинг малакасизлиги
Ҳар бир психолог ҳам бир хил даражада профессионал эмас. Психологнинг тажрибаси, малакаси ва мутахассислиги жуда муҳим. Болалар психологлари катталар билан ишлашда, аксинча, катталар психологлари болалар билан самарали ишлашда қийналишлари мумкин. Ёки, психолог ўзи ишлашга тайёр бўлмаган бирор соҳа доирасидаги мижозни қабул қилиб қўйиши, лекин бу масала билан ишлашга тайёр бўлмаслиги мумкин.
Ҳақиқатдан узоқ бўлган кутилмалар
Баъзи мижозлар психологга сеҳргардек қараб, бир неча сеансдан кейин мўъжиза кутишади. Психологик консультациялар узоқ муддатли жараён. Натижа учун вақт, сабр ва меҳнат керак. Бир марта консультацияга ёзилиш ва қандайдир масалаларингиз ҳақида психологга маълумот беришингиз, бу худди нотаниш одамларнинг бир бирига ёши, жинси ва исми ҳақида қисқа ахборот бериб танишувга ўхшайди. Ва, албатта ишлаш кейин бошланади. Бу ерда албатта, экстрим психологик ёрдам ҳолатларини назарда тутмаяпман.
Муаммонинг чуқурлиги
Баъзи муаммолар бир неча сеансда ҳал бўлмайди. Чуқур илдиз отган психологик жароҳатлар узоқ вақт давомида ишлашни талаб қилади.
Эсда тутинг психологга боришнинг ўзи етарли эмас. Мижоз ҳам фаол бўлиши, топшириқларни бажариши ва ўзгариш учун ҳаракат қилиши керак. Мутахассис қанчалик малакали бўлмасин сизда фаоллик етишмаса бу ҳам самарасиз, яъни сиз ўзингиз ҳақингизда кўп нарсаларни билиб олишингиз, ҳар сеансда инсайтлар олишингиз мумкин, лекин буларни қайта ишлаб ҳаётга тадбиқ қилишни албатта сиз амалга оширингиз керак.
Хўп, шу жойигача мутахасис билан боғлиқ ҳолатлар ҳақида ёздим. Ана энди, дейлик сиз мутахассис билан «тил топиша» олдингиз, мутахассис ҳам малакали, ишлаш услуби ҳам сизга маъқул, лекин нимадир ўхшамаяпти....
Ўзгаришларга қаршилик
Қуйидагилар ўзгаришларга қаршилик белгилари бўлиши мумкин: Сеансларга кечикиш ёки уларни бекор қилиш, психолог билан очиқ гаплашмаслик, маълумот яшириш, топшириқларни бажармаслик, муаммолар учун ташқи омилларни айблашда узоқ давом этиш (дейлик, ота-она билан боғлиқ масаларда жараён узоқ вақт талаб қилади), терапиядан тез натижа кутиш ва сабрсизлик.
Агар сиз психолог билан ишлаётган бўлсангиз-у, лекин натижа сезмасангиз, аввало ўзингизни таҳлил қилинг. Ўзгаришларга қаршилик қиляпсизми? Агар йўқ бўлса, унда психологни алмаштириш ҳақида ўйлаб кўринг. Эсингизда бўлсин, сизга мос келадиган ва сиз билан «тиллаша оладиган» психологни топиш жуда муҳим.
Сабрли бўлинг ва ўз устингизда ишлашдан тўхтаманг!
Мадина Мийтан, психолог
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter