Ҳаммасига — Президент!
Шарқда яшаймиз. «Шарқ — нозик масала» дейилади машҳур бир фильмда. Бу давлат бошқарув тизимида ҳам намоён бўлади. Кўҳна қитъадаги кўп давлатларда президент лавозимини эгаллаб турган мансабдор амалда ҳеч нарсани ҳал қилмагани ҳолда ҳар куни ўзининг ҳашаматли қароргоҳига бориб келавериши мумкин. Аммо Шарқда вазият буткул бошқача — барча давлатларда, хусусан Ўзбекистонда ҳам президент давлатнинг энг биринчи одами, конституция, қонунлар устуворлиги, оддийроқ тилда айтилганда адолат кафолати, қуролли кучлардан тортиб халқ хўжалигининг барча соҳаларига жавобгар шахс.
Албатта кўнглингиздан бир фикр ўтмоқда. «Хўш, нима қилибди? Бу гапларнинг нимаси янгилик?». Тўғри, янгилик йўқ. Буни ҳаммамиз биламиз. Биз олий бошқарув тизимига кўникканмиз, давлат раҳбарига суянишга ўрганганмиз, шарқона тарбияга кўра «подшоҳнинг амри вожиб». Айниқса амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ниҳоятда фаол ҳаракати, йиллар давомида тўпланиб ётган муаммоларни ҳал қилишга шитоб билан киришгани, нафақат ўз юртимиздаги, балки қўшни давлатлар билан боғлиқ унутилишга маҳкум этилган масалаларни ҳам ошкора ечаётгани ортидан Президентга ишонч кескин ортди. Рейтинглар тузувчи, жамоат фикрини ўрганувчи ҳар қандай ташкилот келиб вазиятни холис ўрганса Ўзбекистонда Президент жуда юқори кўрсаткичларга эришиши шубҳасиз.
Бунинг ўзига хос томонлари бор.
«Xabar.uz» ахборот таҳлилий портали аҳолидан тушаётган мурожаатларни ўрганишни бошлаганидан хабарингиз бор. Мурожаат қилувчиларнинг ҳаммаси, табиийки, ўзини тўла-тўкис ҳақ деб билади (бу қанчалик тўғрилиги алоҳида мавзу). Шунингдек, улар айнан ўзлари яшаётган ҳудудда (туманда, вилоятда...) ҳақиқат мутлақо йўқлигини ишонч билан таъкидлайдилар. Энг қизиғи мурожаат қилувчиларнинг аксарияти уларни қийнаётган муаммо билан давлат раҳбарининг ўзи шахсан (!) шуғулланишини исташади.
Соддалигимиз бор албатта. Чунки оддий мантиққа амал қилинганда ҳам бунинг асло иложи йўқлиги аён-ку. Бир мурожаатни барча тақдим қилинган ҳужжатлар асосида бирламчи ўрганиш камида икки-уч соат вақтни олади. Яъни Президент икки ёки уч нафар мурожаат қилувчининг муаммоси устида ишлаб бутун мамлакат ҳаётини четга суриб қўя олмайди.
Бунинг бир изоҳи бўлиши мумкин: мурожаат қилувчиларнинг кўпчилиги папка-папка қоғоз кўтариб юришади ва деярли ҳамма мутасадди ташкилотларга бош уриб бўлишган. Аммо улар ўз назаридаги, ўзлари тасаввур қилган ҳақиқатни топа олишмаган ва энг охирги ҳамда ягона умид сифатида Президентга мурожаат қилмоқчи бўлишади.
Балки йиллар давомида юқори ташкилотларнинг халқ мурожаатларига лозим даражада эътибор қаратмагани, икки томон ўртасидаги узилиш ўтиб бўлмас жарга айлангани оқибатида кўпчиликнинг ишончи тикланиши қийин бўлаётгандир. Ёхуд бу тизимлардаги бир ҳолатга турлича талқинлар ва кимларнингдир вазиятдан чиқиш ва аризачидан қутулиш учунгина оғзаки ваъдалар ёки йўналишлар бериб юбориши натижасидир.
Янада оғири — ҳар бир амалдор, ҳамма мутасадди ҳар бир оммавий чиқиши, ҳамма интервьюсида «Президентимизнинг кўрсатмасига мувофиқ, юртбошимизнинг ташаббусига кўра, давлатимиз раҳбари раҳнамолигида» дея жавобгарликдан қочишга ўрганиб олганлари ортидан ўзларига сув юқтирмай қўйганларининг натижасидир бу?!
Ҳарқалай бир нарса аниқ — ҳар бир муаммонинг ечимини бевосита Президентга боғлайвериш бир кун келиб ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. Чунки Президент ҳамма билан бевосита учрашишга реал вақт топа олмаслиги аниқ. Қуйи тизимдагилар эса ўзлари масалани ечмаганлари камлик қилгандек гўё фуқаронинг Президентга чиқувчи йўлини тўсиб тургандек, атайлаб ҳақсизлик қилаётгандай таассурот уйғотаверади. Охир-оқибат фуқаро ўзи тасаввур қилган ҳақиқатни ҳамда ўз наздидаги адолатни топа олмасдан ҳаммадан норози бўлиб кетади ва бошқаларга ҳам шу кайфиятини юқтиришга уринади. Гўёки бутун олам уларга қарши, қўл силтаб айтган гаплари битта — ҳеч жойда ҳақиқат йўқ экан!
Ҳудудий тизимлар, ҳокимликлар, халқ қабулхоналари бежиз ташкил этилмаган. Улар айнан мана шунақа ечимини топмаётган муаммоларни ҳал этишлари лозим. Ўз навбатида, фуқаролар ҳам ўзларининг ҳуқуқларини билиш билан бирга мажбуриятларидан, амалдаги қонунлардан ҳам бохабар бўлишлари талаб қилинади.
Қиссадан ҳисса деган жойига келдик...
Энг кичик амалдаги мутасадди, ҳатто ўзимиз озгина жон койитсак ечиладиган муаммо учун ҳам Президентдан туртки кутиб ўтирмайлик. Бўлар-бўлмасга Президент номини аралаштириб ҳужжатни пеш қилмайлик ва янада муҳими Президентга бизнинг (айнан бизнинг) муаммомизни ечиши шарт бўлган шахс сифатида қарамай, ўзимиз Ўзбекистонга ва, табиийки, Президентга кўмак беришга қодир шахс бўлишга уринайлик!
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter