Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Стипендиянинг туширилиши: адолатли қарорми ёки «шум кашфиёт»?

Стипендиянинг туширилиши: адолатли қарорми ёки «шум кашфиёт»?

Фото: «Xabar.uz»

Ҳар доим одамларга енгиллик берилган шарт шароитнинг ортида бир «лекин»и бўлади. Талабалар учун стипендияларни ойма ой тўлаш, контрактларни стипендияли, стипендиясиз тўлаш бу хайрли иш. Лекин унинг ортидаги 5 баҳога ўқийдиган талабанинг ҳам стипендияси 3 ликка тенглаштирилиши йиғлаётган болани хўрозқанд билан овутишга ўхшайди.

Қарашсаки, 700 минг сўмдан ошиқ стипендия оладиган, аълога ўқийдиган талабага ҳақлари кетиб қоляпти. Қарашсаки, талаба ёнидан «атиги» 3 млн. сўмгина контракт тўлаяпти... Чидай олишмаганиданми, 400 минглик стипендияни ўйлаб топишди. Бундай «шум кашфиёт»лар фақат бизда ўйлаб топилса керак.  Яъни, масъул раҳбарлар учун доимо «форточка» бор.

Кеча таҳририятимизга 3-курс талаба қизлар келишди. Уларнинг бири бешлик стипендия оларкан — 758 минг.  Айтишича фақат бешга ўқиётган талаба дугонаси аввал бирон марта дарс қолдирмаган экан. Ўша курсдоши бу йилнинг ҳисобидан ҳали фақат бир марта дарсга келибди. Кўпчилик талабалар қаттиқ норози эмиш. Розилари ҳам аниқ — шундоқ ҳам «3» баҳога ўқийдиганлар. 400 минг сўмдан зиёд пул оладиган бирор талаба бу келишувга сира рози бўлмайди. Демак фақатгина «3»га ўқийдиган талабаларнинг розилиги дастак уларга. Бу нимадан дарак?

Энди хоҳлайсизми йўқми талабада совуққонлик бошланади, рақобат ўлади. Юртимизда азалдан шу — яхши ишлаган ҳам шу ойликни олади, ишламаган ҳам шу ойликни олади. Шунинг учун ҳам ҳар бир соҳада ўсиш жуда кам.  Талабанинг «5» баҳо олиш учун қилган ҳаракатини меҳнат деб ҳисоблайдиган бўлсак, бу меҳнатнинг моддий рағбати йўқ ҳисоби. Хоҳлайсизми йўқми, рағбат бўлмас экан, рақобат ҳам бўлмайди.

Ўқитувчиларни маош билан таъминлаш учун контрактни ошириш, талабани стипендиядан қисиш, «3» баҳоси 30 фоиздан ошган талабани умуман стипендиясиз қолдириш  бу бир боланинг ўйинчоғини иккинчи болага тортиб берилган ҳолатни эслатиб юборади. Ёшларимиз нега чет элга кетаяпти, деб бонг урамиз. Бундай адолатсизликлар ёшларнинг ҳафсаласини пир қилиши мумкинлиги ҳозирча ҳеч кимни ўйлантираётгани йўқ. Ҳар бир соҳада яхши кадрлар топиш масаласи қийнаб турганида, энди институтларда яхши талабаларни топиш ҳам амримаҳол. Ҳафсаласиз, масъулиятсиз, ўз касбини севмайдиган талабалар сони ошгандан ошаверади.

Яна бир қизиқ томони талабанинг «3» баҳолари 30 фоиздан ошса стипендия берилмасмуш. Хўп талабанинг «3» баҳоси 30 фоиздан ошса стипендия берилмас экан, «5» баҳоси 90, 100 фоиз бўлган талабага бошқалардан кўпроқ стипендия берилсин унда. Нега чиқараётган қарорлар фақат фойдангизга ишлаши керак? Қани мантиқ?

Талабанинг уч баҳоси кўп бўлса стипендиядан маҳрум қилинаркану, 5 баҳоси кўп бўлишига қарамай стипендиясига ҳеч вақо қўшилмаскан. Албатта, «4» ва «5» баҳога ўқиган давлат бюджети асосидаги талабалар учун 50 фоизгача рағбатлантирувчи маблағ ажратилади», деган банд борлигини унутганимиз йўқ. Лекин бу ишончсиз рағбат. Мақсадларингиз пулни тежаш бўлиб турган бир пайтда аълочи талабаларнинг кўпайиши ёки бўлиши сизлар учун манфаатсизку. Аввалги тажрибаларингиздан хабаримиз бор. Талабанинг ҳамма баҳоси беш бўлмаслиги, баҳо дафтарчасига биттагина тўрт ёки уч баҳо тушириш учун нималар қилинганин жуда яхши биламиз. «Ҳамма фандан беш олиб келаётгандим барибир битта тўрт ёки уч туширишди» деган талабаларни кўп эшитганмиз.

Бу ўйлаб топган топилма, албатта, уч баҳоси 30 фоиздан ошадиган талабаларнинг кўпайишига олиб келса ажабмас. ОТМнинг мақсади пулни тежашми, мақсад талабани стипендиядан маҳрум қилишми, бу борада адолат кутишнинг ўзи амримаҳол. Стипендияни «қисиш»дан манфаат борми, демак «3» баҳони аямай қўядиган ўқитувчилар ҳам топилади. Бу қоидани киргизиш замирида шу мақсад ётмаяптимикин? Стипендиясизларни кўпайтириш, пулни тежаш...

Бу билан талабани ўқишдан совутиш, ҳафсаласини пир қилиш ҳолати вужудга келади. Талаба стипендиясиз қолмаслик учун яхши ўқишининг фойдаси йўқлигини ҳам энди яхши билади. «3» баҳоси кўпаймаслиги учун яна пора беришлар бошланади.  Кўряпсизми бу қарорларингиз нималарга йўл очишини?

Хуллас, таълим соҳасида болаларга билим бериш, интеллекти юқори бўлган ёшларни етиштириб чиқариш ўрнига, қандай бўлса-да, таъмагирликка кенг йўл очиш учун хизмат қиладиган теша тегмаган усуллар ўртага ташланаётгандай. Бундай «шум кашфиёт»ларнинг кўпинча айнан таълим соҳасига тақалиши жуда оғриқли ҳолат. Яна бир гап, негадир иш излаётган талабаларнинг сони ўтган йилга қараганда жуда кўпайиб кетди. Энди сизларга савол: талаба асосий вақтини пул топиш дардида ўтказиб, дарсга бормаса, илм олишга қизиқмаса, ҳафсаласиз бўлса, давомат яхши бўлмаса, унда кимларга чин маънода дарс бермоқчисизлар? Балки талабаларга умуман баҳо қўймасдан, стипендия ажратмасдан ўқитиш керакдир!..

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг