Ўзбекистонда илмий даража бериш тизими: хатоларни тузатиш вақти келмадими?
Кўпчилик, айниқса, илм соҳасидагилар мамлакатимизда илм-фан борасида олиб борилаётган ислоҳотлардан яхши хабардор. Ҳар қандай соҳада бўлганидек, тизимнинг ривожи аввало ундаги мутахассисларга бевосита боғлиқ. Илм-фан соҳасида илмий даражага эга бўлган кадрлар муҳим ўрин тутади. Шунинг учун фикримни айнан илмий даража бериш тизимидан бошласам.
Мамлакатимиздаги илмий даража бериш тизими 2012 ва 2017 йилларда кескин ўзгартирилди. Иккала ҳолда ҳам ўзгаришлар координацияси Ўзбекистон Республикаси Олий Аттестация Комиссияси (ОАК) томонидан амалга оширилди. Яқин орада ОАК фаолиятига ўзгартириш киритиш имконини берувчи қарор лойиҳаси омма эътиборига ҳавола этилди.
Амалдаги тизим ҳақида
Амалдаги илмий даража беришнинг икки табақали тизими собиқ иттифоқ даврида ва мустақил бўлганимиздан то 2012 йилнинг июлига қадар (озгина ўзгартириш билан) амал қилган тизим билан деярли бир хил. Ҳозиргисида талаблар бирмунча кучайтирилган, номлар европалаштирилган, холос. Тан олиб айтиш керакки, шу ҳолида ҳам 2012-2017 йилда амал қилган бир табақали тизимдан кўп томонлама яхши. Лекин бу 5 йил амал қилган бир табақали тизимнинг мамлакатимиз илм-фан ривожига кўрсатган катта салбий оқибати сабаблигина ундан яхшироқ кўринади. Мазкур тизим афзалликлари ҳақида унинг тарафдорлари ёзгани маъқул. Мен унинг салбий жиҳатларига тўхталмоқчиман.
Биринчидан, икки табақали тизим дунё давлатларининг кам сонли қисмида амал қилади, аксарияти собиқ иттифоқ таркибидаги мамлакатлар. Демак, бизнинг ривожланган давлатлар тизимига интеграциялашишимиз учун яна бир кераксиз тўсиқ. Бизда бериладиган «Фан доктори» (Doctor of Science) илмий даражаси билан чет элда профессор лавозимини эгаллай олмайсиз. Уларда бунинг учун бошқача талаблар бор. Бу илмий даражамиз тўғридан-тўғри тан олинадиган мамлакатлар саноқли бўлиб (айтайлик, Россия), бизнинг олимларимизда у мамлакатларга бориб ишлаш истаги ва талаби кўп эмас.
Иккинчидан, тадқиқотчи фан доктори илмий даражасини олиш учун маълум бир мавзу остида бирлаштириш мумкин бўлган тадқиқотлар олиб боришга мажбур бўлади. Бу эса уни янги йўналишларни ўрганиши борасидаги ҳаракатларини чеклайди. Илмда янги йўналишда қисқа муддатда муваффақият қозониб, яхши илмий натижалар олиш осон эмас. Боз устига, кўзлаётганимиз илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясига ҳам акс таъсир этади. Халқаро миқёсдаги илмий ҳамкорлик, фанлар кесимидаги қўшма илмий лойиҳалар ёки бевосита олинган илмий натижаларни ишлаб чиқаришга татбиқ этиш борасидаги амалий лойиҳаларга қизиқишни камайтиради. «Фан доктори» илмий даражасига қўйилган юқори талаблар шуни тақозо қилади.
Умуман, чет эллик олимлар билан ҳамкорлик икки томонлама манфаат асосига қурилади. Шу сабабдан, аксарият ҳолларда илмий тадқиқот олиб бораётган йўналишларни ўзгартириб туриш керак бўлади. Тадқиқотчи олим эса «Фан доктори» илмий даражасини олмоқчи бўлса, бундай «манёвр»ни чеклашга мажбур. Ахир у битта мавзу остида диссертация ёзиши керак.
Учинчидан, «Фан доктори» илмий даражасига эга бўлган олимларнинг илмий кенгашлар, экспертлик гуруҳлари аъзолигига қўшилиш борасидаги алоҳида имтиёзлари, умуман, илм-фан соҳасидаги турли жараёнларга таъсир этиш имкониятларининг кенгайиши, бу илмий даража беришни маълум маънода «сиёсийлаштириб» юбормоқда. Бу ерда энди ОАКдан кўра соҳада фаолият кўрсатаётган шахсларнинг таъсири, умуман, инсон фактори кўпроқ рол ўйнаяпти десак, тўғрироқ бўлади.
Энди бевосита ОАКнинг ҳозирги пайтдаги фаолиятига танқидий назар ташласак.
Нималар ўзгаришини хоҳлардик?
- Диссертация ишлари мавзусига оид турли чеклов, тўсиқларни олиб ташлаш.
- Мавзуга техник талаб қўйишни бекор қилиш. Ҳозирги талаб бўйича диссертация ишлари мавзуси маълум сондаги сўзлардан ошмаслиги белгиланган. Бу чеклов аксарият ҳолларда диссертация иши мавзусини тўла очиб беришга тўсқинлик қилади.
- Мавзу ўзгарган ҳолда ОАК бюллетенида эълон қилиш шартларини олиб ташлаш. Умуман олганда, диссертация ишлари мавзулари диссертация иши якунланиб, ҳимояга чиқаётган пайтда ОАК базасига қўйиш учун бериш мақсадга мувофиқ бўлади. Илмий тадқиқот олиб борилаётганда мавзунинг ўзгариб бориши табиий жараён, бунга сунъий тарзда тўсиқ қўйиш – жараёнга салбий таъсир этиши аниқ.
- Диссертация иши ва автореферати учун қўйилган техник талабларни бекор қилиш. Бу ҳозирги пайтда ОАК томонидан диссертантларга қўйилаётган энг катта тўсиқ ҳисобланади. Ҳозирги талаблар ўта юқори ва кўплари кераксиздир. Мисол учун авторефератдаги мажбурий пунктлар ва уларга ёзиладиган матнлар мазмуни барча диссертация ишларини бир хил қолипга солиш учун ўйлаб топилгандек. Кўплаб ҳолларда ОАК томонидан авторефератга, у қайси фан йўналишидан бўлишидан қатъи назар Ўзбекистондаги илм-фан ривожига йўналтирилган Президент фармонлари, турли қонун ва қарорларни ёзишга мажбурлаш – бу энди шармандали ҳолатдир. Автореферат диссертация иши кириш қисмида тўлиқ такрорланади, бу талаб диссертантга асосий иш мазмунини ёритишда халақит беради.
- ОАК томонидан илмий даража олиш учун қўйилган талабларга илмий кенгаш, экспертлар кенгаши томонидан қўшимчалар қўшиш имкониятини тўхтатиш. Бу имкониятдан аксарият ҳолларда кенгаш аъзолари, экспертлар ўз қарашларини сингдириш учун фойдаланиши кўпчиликка маълум. Бу ерда инсон факторига йўл қўйиш ғоят хатарли. Ҳатто айрим ҳолатларда коррупция учун яхши имкониятлар яратиши мумкин.
- ОАК томонидан тасдиқланган илмий журналлар рўйхати ҳозирги пайтда йилда бир марта тасдиқланади. Ваҳоланки, ҳозирги тасдиқланган рўйхат қўл учида қилингани яққол билинади. Чунки, ундан дунё тан олган илмий базаларга киритилган журналларнинг туриши кўзланган мақсадга мутлақо мувофиқ эмас.
- Автореферат чоп этишга рухсат бериш ва ҳимоя ҳақидаги эълонни ОАК бюллетенида эълон қилиш амалиётини бекор қилиш керак. Юқорида таъкидлаганимдек, автореферат билан боғлиқ қоғозбозликлар кўплаб диссертантларда норозилик уйғотишидан ташқари, айрим ҳолларда коррупцион ҳаракатларга сабаб бўлаётгани ҳақида хабарлар тарқаляпти. ОАК низомида ОАК бюллетенини ўз ҳисобидан чоп этиш кўзда тутилган. Сарфланган маблағларни қоплаш учун ОАК бу чоп этилган бюллетенларни ихтиёрий-мажбурий тартибда сотишни йўлга қўйишга мажбур бўлмоқда. Тўла ахборот бермаган ҳолда диссертантларга бир неча квитанциялар берилиб тўловни амалга оширишни сўраш ҳолатлари, тўланган бир нечта сондаги бюллетенлар ўрнига битта сондан бир неча нусха бериш каби нохуш ҳолатлар борлиги ғоят ачинарли.
Бизга қандай ОАК керак?
Юқорида келтирилган ОАК фаолияти бўйича фикрларим давоми ўлароқ, ўз таклифларимни ҳам бериб ўтсам.
- ОАК диссертация ишларининг мавзуларини тасдиқлаб, уни координация қилиши керак эмас. Диссертация ишлари ҳимояга тайёр бўлган ҳолда мавзуларнинг охирги версияси Д.И. бажарилган ташкилот томонидан маълум расмий жараёндан ўтказилиб, ОАКнинг махсус базасига киритиш учун берилиши керак, холос. Бу база онлайн тарзда барча учун очиқ бўлиши шарт.
- ОАК диссертация иши расмий ҳимоя қилинмагунга қадар жараёнга аралашмаслиги керак. ОАКнинг иши диссертация расмий ҳимоясидан кейин, керакли ҳужжатлар тақдим этилган ҳолда уни халқаро миқёсда экспертизадан ўтказишга киришса бўлади. Диссертацияни плагиатга текшириш, илмий натижаларнинг тўғрилиги ва талаб қилинаётган илмий даража учун мослиги халқаро миқёсда анонимликни таъминлаган ҳолда амалга оширилиши лозим. Бунга сарфланадиган маблағлар ОАК ихтиёрида кераклича мавжуд бўлиши назарда тутилади. Диссертация иши ОАК томонидан экспертизадан муваффақиятли ўтган тақдирда тегишли диплом, акс ҳолда қонуний тарзда апелляция жараёни ўтказилиб, якуний қарор салбий бўлса, тегишли ҳужжат тақдим этилиб, ҳар иккала ҳолатда ҳам ОАК базасида диссертация иши бўйича тўла маълумот киритилиши кўзда тутилиши керак.
- ОАК экспертизасидан салбий натижа олган диссертация ишини тақдим қилган илмий кенгашни алоҳида назоратга олиш, агар бу ҳол қайтарилса, бу кенгашни ёпиш ваколати ҳам ОАКда бўлиши мақсадга мувофиқ.
- ОАК веб-сайтида Ўзбекистонда илмий даража, илмий унвонларни олиш учун қўйилган талаблар тўла ҳолда турли асосий тилларда мавжуд бўлиши лозим. Ихтиёрий одам, мисол учун Ўзбекистонда берилган илмий даражани тақдим этган ходимни ишга олувчи чет эл университети масъули, ОАК сайтидан илмий даражани олиш талаблари, даража эгаси, унинг диссертация иши ҳақида тўла маълумотни шу сайтдан топа олиши зарур. Илмий даражанинг ҳақиқийлигини текшириш бўйича қилинган ҳар қандай мурожаатга ОАК тезкор тартибда жавоб беришини йўлга қўйиш ҳам долзарб масалалардан бири.
- Бу таклиф ОАКнинг илмий журналлар рўйхатига оид бўлиб, унга айнан халқаро тан олинган илмий базаларга турли сабабларга кўра кирмаган, лекин ОАК қўйган талабларга жавоб бера оладиган журналлар илмий кенгаш, соҳалар бўйича экспертлар томонидан тавсия қилиниб тузилган бўлиши керак. Бу рўйхат қўшиш учун келган таклиф тегишли тарзда кўриб чиқилиб, исталган пайтда янгиланиши мумкин бўлиши керак. ОАК сайтидан бу рўйхатдан керакли журнал жой олгани, оммалашганини билиш мураккаб жараён эмас.
- Илмий даража бериш борасида илмий кенгашлар ваколатини ошириш, шу билан бирга, инсон фактори туфайли қўшимча талаблар қўйилмаслигининг олдини олиш учун аниқ механизм ишлаб чиқилиши керак. Илмий кенгаш фаолиятини маълум молиявий тўловлар асосида жамоатчилик асосида юргизиш. Уни манфаатли тарзда юритиш кенгашга берилаётган ваколат билан биргаликда, масъулиятга ҳам жиддий ёндашишга сабабчи бўлади.
- Мамлакатда бир табақали илмий даража «Фалсафа доктори» (PhD) даражаси жорий этилганидан сўнг, илмий кенгашларни илмий тадқиқот институтлари, илмий марказлар, университетларда очиш мақсадга мувофиқ бўлади. Докторантурага қабул, ундаги ички жараёнлар ҳар бир муассасанинг ўзига ҳавола этилиши керак. Илмий кенгашлар диссертация иши тайёр бўлган ҳолда расмий мурожаат қилингач, тақдим этилган иш бўйича экспертиза ва якуний ҳолда диссертация ҳимоясини ўтказиши кўзда тутилади. Бу жараён ҳам имкон қадар қоғозбозлик, инсон факторидан йироқ ҳолда, аниқ кўрсатилган механизм бўйича амалга оширилишини таъминлаш керак.
- ОАКга илмий ходимларнинг илмий даража олгандан кейинги фаолиятини мониторинг қилиш ваколати берилиши кўзда тутилаётганини ҳисобга олиб, бундай ишлар илм-фан ривожи учун хизмат қилмаслигини таъкидламоқчиман. Бундай назорат билан илм-фан ривожланиб қолмайди. ИТИ, ОТМлар ўз илмий кадрларини ўзлари назорат қилиши, мотивация бериши, умуман ҳар қандай фаолияти икки томонлама шартнома асосида бўлиши керак. Масъулият ва мустақиллик бизнинг ОТМларимиз учун жуда зарур. Бу, умуман олганда, илмий соҳада ҳам рақобат муҳитини яратишга хизмат қилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter