Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Лутфулло Турсунов

Ҳар бир машаққат ортида имконият ётади.

Эл бошига келган «тўй», сўнгги қурбон, қотган нон воқеаси — бугуннинг ёшларига эслатма

Эл бошига келган «тўй», сўнгги қурбон, қотган нон воқеаси — бугуннинг ёшларига эслатма

14 март. Роппа-роса 7 йил аввал мамлакатни ларзага келтирган ҳодиса рўй берганди. Бу фожиа миллионлаб инсонларни қийнаб келган, мамлакат раҳбари ҳар қанча курашаётган бўлмасин, томири узилмаётган муаммони яна кун тартибига чиқарганди.

Зиёли қатлам борки, фарзандларининг таълимига энг асосий масала сифатида қарайди. Оиланинг ҳам, мамлакатнинг ҳам келажаги шулар қўлида. Уларнинг бугун олган билими эртанги фаровон ҳаёт учун хизмат қилади.

Афсуски, болаларининг таълимига бефарқ ота-оналар ҳам, масъулиятни ҳис қилмайдиган соҳа вакиллари ҳам орамизда йўқ эмас. Бефарқлик – ёмон иллат. Унинг касридан лаёқатсиз авлод шаклланади, бу эса жамиятда жоҳиллик авж олишига сабаб бўлади.

Йўлларда ўзаро ҳурматни йўқотган ҳайдовчилар, асаби доим таранг кишилар, ижтимоий тармоқлардаги ҳақоратбозликлар — одамлар бир-бирига билиб ёки билмай салбий энергия тарқатадилар.

Ҳеч бўлмаса, бир кунингизни атрофингиздагиларга, нотаниш инсонларга яхшилик тилаб, ғийбатсиз, тармоқлардаги ҳақоратларсиз, ширин сўз айтиб, ўтказиб кўринг-да! Шунда сизга қандай энергия қайтишини ҳис қиласиз.

Ҳозирги турмушимиз асабларимизни «еб» тамом қилгудек даражада ёмонми? Ёки унутувчанмизми? Бугун фарзандларингиз болалигингиздаги каби қийинчиликларни бошидан ўтказишяптими? Мактабда дарс қолдирмай, фақат билим олиш шунчаки бахт эканини ҳаммадан ҳам кўра, сиз — ўрта ва катта авлод яхши эсласангиз, англасангиз керак.

Қотган нон воқеаси

1994 йилнинг кузи. Пахтага ихтисослашмаган туман мактабларининг катта синф ўқувчилари вилоятнинг бошқа ҳудудига ҳашарга олиб чиқилган.

Ҳаммаёқ пахта, яқин тўрт чақирим масофада қишлоқ йўқ. Ўқувчилар дала ўртасидаги эски шийпонга жойлаштирилди. Шийпоннинг катта-катта хоналарига канопли қанор тўшалган, ҳашарчилар уйидан олиб келган кўрпа-ёстиқларини тўшаб, жой қилиб олишган. Деразаларда ойна йўқ, плёнка тортилган. На иссиқда хонани шамоллатиб бўлади, на совуқда иситиб бўлади.

Эрталаб, кечки вақт ювиниш учун шийпон ёнидаги ариқ сувидан ёки ҳовуздан фойдаланилади. Ичиш учун уч кунда бир «водовоз»да сув олиб келинади. Ҳиммат қилишса, икки ҳафтада бир ҳаммомга олиб боришади. Шароитдан қизлар кўпроқ қийналишади. Йиғлагани қанча, қочиб кетиб, ярим йўлдан тутиб келинганлари қанча. Соғлиғини йўқотганлари қанча.

Тонг ёришмасидан қош қорайгунча пахта терилади. Силла қурийди. Ёш тана қувват талаб қилади. Бериладигани — эрталабга буханка нон (унинг ҳам биттаси тўрт кишига бўлиб берилади) ва ширин чой, тушликка суюқ, кечга суюқ овқат. Асосан макарон шўрва, перловка ва гуручли суюқ.

Шунгами, ота-оналар болаларини йўқлаб келадиган кунлар — шийпонда байрам. Ҳеч бўлмаганда, ёпган нон ейиш мумкин!

Ўша йили пахта мавсуми жуда чўзилиб кетди. Ҳашарчилар 70 кунни пахта даласида ўтказишди. Ноябрь ойи ўрталарида кун, соат санала бошланди. Далаларда пахта тугаб, кўсаккача терилди. Аммо «қайтиш» ҳақидаги буйруқдан дарак йўқ...

Не бахтки, хушхабар келди, эртага «қайтиш» ҳақида топшириқ бўлиши мумкин. Маҳсулотларнинг қолган-қутгани катта қозонга солинди, буханка нони икки ора бир қилиб бўлинди... Кун ўтди, аммо кутилган топшириқ яна кечикди...

Болалар икки кун оч қолиб кетишди. «Пахта штаби»дан «сизга маҳсулот ажратиб бўлинган» деган совуқ хабар келди, холос. Ўсмирнинг танаси оғир меҳнатга дош бериши мумкин экан, лекин очликка чидаши қийин. Кечки маҳал шийпоннинг тушкун хонасидан ҳайқириқ эшитилди: «Нон!»

Ҳамма қичқирган бола томон қаради, унинг қўлида қотган нон бўлаги. Шошила оғзига солди. Тишлари орасидаги нон бўлагининг қарсиллаган товуши катта хонанинг нариги томонигача борди...

Мажбурий меҳнатнинг сўнгги қурбони

Мажбурий меҳнатга қарши қаттиқ кураш бошланган, айниқса, болаларнинг пахта теримига чиқарилиши «сиёсатга қарши хиёнат» сифатида кўрилаётган пайт. Бироқ бу иллат жуда чуқур илдиз отганиданми ёки ўша вақтда ҳудудлардаги раҳбарларнинг қон-қонига сингиб кетганиданми, мажбурий меҳнатга чорлов ҳали буткул барҳам топмаган эди.

2018 йил, 14 март. Мамлакатни ларзага келтирган ҳодиса рўй берди. 23 яшар, ёшгина ўқитувчи аёл ўлди! Мурғак фарзанди етим қолди. Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида кўчани ободонлаштириш ишларига жалб қилинган Диана Енекеева «КамАЗ» остида қолиб кетди.

Диананинг ўлими миллионлаб инсонларни йиллар давомида қийнаб келган, мамлакат раҳбари ҳар қанча курашаётган бўлмасин, томири узилмаётган муаммони яна кун тартибига чиқарди.

Фожиани президент Шавкат Мирзиёев ҳам оғир қайғу билан тилга олганди ўшанда.

«Мен самарқандлик ўқитувчининг вафоти ҳақида эшитдим. Қанақадир директор, раҳбар ёки ҳоким қачондир «меҳмон» келади деб икки-уч кун олдин айтган. Лекин менинг юрагимда бу худди мен туфайли юз бергандек туюлди. Яна бир бора ва сўнгги марта барча раҳбарларни алоҳида огоҳлантираман: бундан буён биронта ҳудудда ўқитувчи, шифокор ёки талабалар ободонлаштиришга жалб этилса, жазо жуда қаттиқ бўлади. Ишдан олиш билан бирга ўша раҳбар қилмиши учун қонун олдида жавобгар бўлади. Менга фарқи йўқ, жуда катта хизмат қилган ҳоким бўлса ҳам у ишдан кетади. Мен буни айтишга мажбурман, чунки бу давом этмоқда», — деганди давлат раҳбари.

Шунингдек, Президент бунақа кўзбўямачиликлар хиёнат эканини эътироф этади: «Мен осмондан пайдо бўлиб, тушиб келмайман: бир кун олдин қайси вилоятга ташриф буюришим ҳақида маълумот етказилади. Лекин кўп жойларда кўзбўямачиликка йўл қўйилмоқда. Очиғи, менга бу ноқулай, менда нафрат уйғотмоқда. Ўқитувчиларни мажбурлаб чиқариб қўйиб, ободонлаштириш, уларга кўча супуртириш, «тайёргарлик»ка жалб этиш — сиёсатга хиёнат. Бу ҳаракатлар фақат менга эмас, сиёсатга ҳам хиёнат».

Болаларнинг мажбурий меҳнати тўлиқ барҳам топди

Бу иллатларга қарши курашиш осон кечмади. 

Конституциямизга илк бора болалар меҳнатига оид муҳим норма яъни, 44-моддасига «Болалар меҳнатининг боланинг соғлиғига, хавфсизлигига, ахлоқига, ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланади» деган қатъий норма киритилди.

Тизимли ва қатъий ислоҳотлар натижасида Ўзбекистонда болаларнинг мажбурий меҳнати тўлиқ барҳам топиб, 2 миллионга яқин болалар мажбурий меҳнатдан озод қилинди.

Шунингдек, Меҳнат кодексининг 5-моддасида мажбурий меҳнатнинг тақиқланиши аниқ кўрсатилди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддасига кўра, меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш, — базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз баравари (37 500 000 сўм)гача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Мажбурий меҳнат ташкилотчиси бўлган шахс маъмурий жавобгарликка тортилганидан кейин яна шундай қилмишни такрорласа, Жиноят кодексининг 148²-моддасига асосан, жиноий жавобгарликка тортилади.

Сўнгги йилларда бир неча бор ушбу модда қўлланилди ва қонунга амал қилмаган турли даражадаги раҳбарлар жавобгарликка тортилди.

Бекорчи ишларга вақт сарфламанг, билим олинг, билим беринг!

Бугун ёшлар мажбурий меҳнат машаққатларини, эл бошига келган «тўй»нинг йиллар давомида миллионлаб инсонлар соғлиғи, кайфияти, ҳаётини ўғирлаганини билишмайди. Билишмасин ҳам!

Бугун «Янги Ўзбекистон» менга нима берди, «Эски Ўзбекистон» яхшироқ эди, дея тармоқларда луқма ташлаётганлар унча узоқ бўлмаган ўтмишдаги кунларини бир эслашсин, ўзлари кўрмаган бўлса, ота-оналаридан сўрашсин.

Ёшларимиз енгил-елпи, ноадекват контент, ҳайп ортидан эргашишга вақт сарфлашмасин, ўқишсин, билим олишсин, яхши ҳаёт учун интилишсин. Умрининг гулдай даврини билим даргоҳларида эмас, пахта далаларида ўтказган ота-оналари, ака-опалари учун ҳам ўқишсин!

Устозлар эса дарс ўрнига кўча тозалаб ўтказган, йўлларда жон берган ҳамкасбларининг хотираси учун ҳам янада яхшироқ билим беришсин. Улуғлар дуога қўл очишсин: «элнинг бошига бундай синовлар қайтмасин»!

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг