«Қувилмаган, сўкилмаган, туртилмаган ... журналист эмас!»
2013 йил, қиш. Совуқ забтига олган. Туман марказида ҳам автоулов кам, одам сийрак.
Эндигина 19 ёшни қаршилаган талаба кўзлари ёнган ҳолда бир даста қоғозни қучиб кетарди. Светофор ёнди, йигитча шошибгина икки қаватли, эскигина бино қаршисида тўхтади.
Бинога кирадиган эшикка тахта осилган. Унда «Китоб тонги» газетаси таҳририяти» дея ёзилган эди. Таҳририят сўзи талабанинг юрагини янаям ҳаприқтирди. Бу бинода журналистлар ишлайди. Улар хушфеъл, ақлли, гап-сўзларни чертиб ишлатадиган кишилар бўлса керак. Талаба ҳали журналистика факултетини битказиб, бундан беш баравар катта биноларда ишлайди. У фаолият юритадиган офисда иш қайнайди, сўнгги русумдаги компютерлар ишлатилади, шовқин-сурон тинмайди...
Талаба энтикканча эшикни қоқди. Жимлик. Яна бир-икки бор гурсиллатиб урди.
— Ҳой бола, нима қиляпсан?
Йигитча ўгирилди: кичик гавдали, қора плаш, жўнрўмол ўранган кампир. Бу аёл туман газетасининг ягона бош муҳаррири, мухбири, таҳрирчиси, умуман олганда универсал ходими эди. Газетага келганда кампир ўттиз беш ёшлардаги жувон эди, мана етмишни қоралабди.
— Мен, мақола...
Кампир эшикни очди, ичкарига йўналдилар. Ҳатто хонасига таклиф қилмай, коридорда қоғозларни кўра бошлади.... ва дағдаға қила кетди:
— Сенлар олифтасанлар. Мақола ёзишни биласанларми? Пул бериб, Тошкентдаги университетга жойлашгансан. Бировнинг жойини эгаллаб олгансан. Суф сенақа журналист бўламан деганга. Кўчириб келгансан мақолани.
Талаба оппоқ орзулар булутидан аччиқ балчиқ ҳиди анқиб турган ботқоққа қайтиб тушганини ҳис қилди. Чалажон нашрнинг бир оёғи гўрда бўлган муҳаррири шундай ҳақоратлар ёғдирдики, у карахт бўлиб қолди. Аччиқ устида тишлаган лаби кўкарди...
Ёш журналистнинг соҳадаги «дебюти» ана шундай бошланди.
«Опкир ичкарига, журналистнинг адабини берамиз...»
Топшириқ бўлди: мактабларни ўрганиш керак, таълимдаги муаммоларни кўтармоқ даркор. Ёш мухбир янги ишга кирган эмасми, ўзини кўрсатиш учун, тушлик қилмасдан шаҳар четига йўл олди.
Унда тажриба... ҳаминқадар эди.
Биринчи кирган мактабининг ўзидаёқ сир бой бериб қўйди. Айёрлик ишлата олмади. Шахсан директорнинг ўзига шартта «нима камчиликлар бор мактабда?» деди.
Директор ҳаммаси жойида экани, шароит олдида Гарвард ип эшолмаслигини, стандартлар бобида Финляндия «дам олишини» таъкидлади. Муҳими, «негатив» чиқмаслиги керак. Дарҳол шотирини чақириб, «жипириқ мухбирча»ни олиб чиқиб ташлашни буюрди.
«Журналистча» ташқарига чиқиб ҳам тинмади. Мажлисга келаётган ота-оналарга диктофон тутди...
Директор портлади. Икки барзангидай ўқитувчи (афтидан жисмоний тарбия ўқитувчилари бўлса керак) мухбирни мактаб четига судраб келди. Директор шундай таҳдидли гапирдики, «мухбир»нинг юраги товонига тушди...
Эҳ шўрлик мухбир! Келиб-келиб шаҳарнинг энг нуфузли мактабларидан бирининг эшигини тақиллатасанми? Содда-гўлга ўхшаб дарров мақсадингни айтасанми? Киришимлилик, баҳона тўқиш, таниш-билиш орқали информация олиш қаёқда қолди? Нега олти йил ўтсаям одам бўлмадинг? Сенга биринчи ва тўғри ташхисни 2013 йилда қари кампир, туман газетасининг (раҳматли) универсал мухбири қўйган эди...»
«Бизнинг кўча қачон асфалт бўлади?»
У ўзини қишлоқ учун кўп иш қилди деб ҳисобларди.
Тўғрида, ҳароба қишлоқ врачлик пункти унинг мақоласидан сўнг янгиланди, деҳқонларнинг маҳсулотини насияга олган савдогарлар аччиқ танқиднинг шарофати билан қарзларини узишди.
Одамларнинг олдида ўтаётганда ғурур туярди: кишилар у билан қуюқ сўрашар, очиқ чеҳра билан саломлашишарди. Бир пайтлар қора-қура, озғингига бола бугун яхшигина, эътиборли йигитга эврилганди.
Аммо... у Шокир тоғага берган ваъдасини бажармади. Ширакайф киши барча гапларни эртасигаёқ унутворади деб хато ўйлаган эди.
Мана Шокир тоға яна қийшайиб келяпти: уни кўриши билан оғзидан кўпик сачратиб, қичқирди:
— Ўўў, мухбир(ча)! Сен ғирт ёлғончи экансан. Мукофот олибсан деб эшитдим. Сенам лайчага айланибсанда... Бизнинг кўча асфалт бўлмади. Қара ҳамма Россияга кетяпти, қишлоқда иш йўқ. Нархлар ошиб ётибди. Мен неччи йилдан бери ҳаробада яшайман. Чўнтагим қуп-қуруқ (ароққа пул топилганини қаранг). Ҳаммасига сенлар айбдорсанлар. Ҳукумат нега ўқитди? Нега ишламайсанлар? Телевизордан чиқволиб, мақтанчоқлик қиласанлар. Э, кўтар, карамшўрвангни!... Дипломингга ўт тушсин, сенларни!
Охирги кучини тўплаб қичқирган пиёниста ёнбошига йиқилди...
Хулоса
Биласизми, у баъзан ҳаммасини йиғиштириб, бошқа йўлдан юргиси келади. Бошқалардан ортда қолмаслик учун тинимсиз изланиш, ўқиб-ўрганиш меъдасига теккандай бўлади. Ғалати касб. Одамлар сенга умид билан қарайди. Муаммоларини арз қилишади.
Аммо, журналистика шуниси билан тотлидек. Ўша қари муҳаррир ҳам, сени дўппосламоқчи бўлган ўқитувчилар ҳам, пиёниста ҳамқишлоғингга минг раҳмат айтсанг арзийди. Улар сени ИНСОН бўлишингга зиғирдай бўлсада ҳисса қўшишди...
Ҳаммаси силлиқ кетиб, ўзингдан ном-нишон қолдирмай ўтсанг, бунақа ижоддан кимга наф?
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter