Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Улуғбек Орипов

Баъзан сукут ҳақиқатдан афзал бўлиши мумкин.

Таклифлар, таклифлар…нега жамият уларни салбий қарши олмоқда?

Таклифлар, таклифлар…нега жамият уларни салбий қарши олмоқда?

Фото:«Xabar.uz»

Дунёнинг ишлари  қизиқ. Битта таклиф айтиб, интернет сегментида «юлдуз»га айланса бўладиган даврга ҳам етиб келдик. Аввал журналистлардан бири ойларнинг номини ўзбекчалаштиришни таклиф этди, кейин бир четига пойтахтни кўчириш масаласи «қистирилган» ижод намунаси чоп этилди. Чет элда таълим олаётган йигитлардан бири эса юрт номини алмаштириш масаласини ўртага ташлади. Туман кенгаши депутатининг вояга етмаган фарзанди бор аёлларнинг хорижга чиқишини чеклаш борасидаги мулоҳазаси эса «фикрий жангчилар»ни икки фронтга бўлиб юборди.  Шу-шу бўлди-ю, тармоқ фойдаланувчиларига  бир неча кунлик гап топилди, мазкур фикрлар ортидан аччиқ-тизиқ сўзлар айтилди.

Хўш, бугунги жамият нега таклифларнинг аксариятини қаҳр-ғазаб ва истеҳзо билан қарши олмоқда?

Бир фойдаланувчи тили билан айтганда «ой номларини ўзгартирсак, кунларимиз бошқача ўтадими, ёхуд мамлакат номини ўзгартирсак, ижтимоий-иқтисодий муаммолар барҳам топадими?»

Эътибор берган бўлсангиз, юқоридаги таклифларнинг аксариятига оддий халқ тугул зиёлилар, жамиятнинг илғор қатлами ҳам қўллаб-қувватламади. Чунки таклифлар оддий ҳаётимиз аслиятидан узоқ, бугунги давримизга ҳамоҳанг эмас.

Айрим мактаб ўқувчилари ҳалиям ярим авария ҳолатидаги мактабларда ўқияпти, деҳқон-фермерлар, тадбиркорлар ўз ишларини ривожлантиришда бюкоратик тўсиқларга дуч келмоқда, минглаб қишлоқда аҳоли газсиз, электрсиз, қисқаси, қулайликларсиз яшамоқда, нарх-навонинг ошиши давом этмоқда, таълим қолоқ, бошқалар интернет орқали бор юмушини битириб олаётганда биз «маънавият соати» ўтиб ёшларни унга қарши қайрамоқдамиз… Шунча муаммо турганда юқоридаги таклифлар албатта ёқмайди-да!

Инглиз ёзувчиси Жонатан Свифтнинг «Гулливернинг саёҳатлари» асарининг учинчи қисмида бош қаҳрамон  олимлар мамлакати Лапутага саёҳат қилади. У бу ерда вақтини беҳуда ихтиролар ва ғояларга сарфлаётган кишиларни кўради. Масалан, биттаси уйни пойдевор қисмидан эмас, томдан бошлаб қуришни, яна бир олим бодрингдан қуёш энергиясини олиш ва қиш совуқроқ келганда ундан фойдаланишни таклиф этади. Свифт шу ўринда бадиий тўқима орқали умрини беҳуда ишларга сарфлаётганларни танқид остига олади.

Бизнинг ҳолатимиз ҳам шунга яқинроқ. Жамият ўтиш даврининг мураккаб босқичларини бошдан кечирмоқда ва кунора томдан тараша тушгандек, «таклифлар» чиқиб турибди.

Аслида, бизда муаммолар ва улар юзасидан берса бўладиган таклифлар жуда кўп. Масалан, таълимдаги муаммоларни ечиш ва бир жойда депсиниб турган тизимни ривожи учун озгина бўлса ҳам ҳисса қўшиш. Эсимда, бир ташкилотчи интернет сайтларида «келинг, таълим ривожи учун таклиф берайлик» қабилида фикрлар ёзди. Аммо фирк оммалашмади. Қўполроқ айтганда, омма бу масала юзасидан «пинагини ҳам бузмади».

Мазкур масала охирида қандай якун топди, билмадим-у, жамоатчилик орасида таълим борасидан бирор жўяли таклиф чиққанига кўзимиз тушмади. Демак, ичи бўш, трендда бўлиб, бир ойда ёддан кўтариладиган таклиф ва мулоҳазалар учун ўзимиз ҳам айбдор эканмиз-да. Уларни шунчаки эътиборсиз қолдириб, муҳокамага сабаб бўлишини олдини олиш мумкин эди-ку.

Яхши таклифлар ҳам йўқ эмас: ўтган йили машҳур блогерлардан бири ўз мақоласида ёшларнинг бошини бирлаштиришга бош-қош бўлган ташкилот яккаҳокимлигини танқид қилиб, бу соҳада хилма-хиллик, турфа ғоялар афзаллигини айтиб ёшлар ташкилотларини кўпайтиришни таклиф қилганди. Шундан бери бу ғояни ривожлантирадиган, тўлдирадиган чиқиш бўлмади. 

Энг ёмони шу таклифлар муаллифларининг «шоир, журналист, академик, депутат» эканлиги кишини ўйлантириб қўймоқда. Ушбу «қовун тушириш»лар бу соҳа одамларига нисбатан ишончсизликни келтириб чиқармайдими?

Хуллас, гапирса гап кўп, вақт эса ўтиб бормоқда. Биз эса бўлган-бўлмаган мулоҳазалар билан таклифларни муҳокама қилиб бормоқдамиз. Аксарият муносабатимиз истеҳзо ва кулгидан нарига ўтмаяпти.

Хўш сиз-чи, ўқувчи? Нима таклиф берасиз?

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг