Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шуҳрат Нормуродов

Ғалати никоҳ қайдномаси, рашкчи «жон»лар: cархуш меҳмон ва узоқ умр кўрувчиларнинг сирли манзилига саёҳат...

Ғалати никоҳ қайдномаси, рашкчи «жон»лар: cархуш меҳмон ва узоқ умр кўрувчиларнинг сирли манзилига саёҳат...

— Эртаклардагидек чиройли ўрмонга боришни хоҳлайсизми. Сершовқин шаҳардан чиқамиз, чиройли манзара, салқин ҳаводан баҳраманд бўласиз, — таклиф этди самарқандлик ўрмончи Субҳон ака.

Бажонидил бу таклифни қабул қилдим. Ўзим ҳам дарахтлар, табиат ҳақида нимадир ёзиш, шунингдек, биратўла  болаликдан орзуйим бўлган эртаклардагидек ўрмонни кўришга ошиқа бошладим. Ҳамроҳим — Субҳон Абдусаломов 40 йилдан буён дарахтлар билан тиллашиб, сирлашиб келаётган тажрибали ўрмончи, селекционер.

Шаҳардан чиққанимиздан кейин анча йўл юргач, узоқдан қора бўлиб кўринган ўрмон, яқинлашганимиз сайин узун ва маҳобатли бўлиб кўзга ташлана бошлади. У қалин ва катта, жозибадорлиги билан Калифорниянинг секвойяларидан қолишмайдиган забардаст дарахтларга эга бўлган салқин ўрмон экан. Тангадек қуёш тушмайдиган бу яшил манзилда, қулочга сиғмас катта-катта, ҳатто уч асрни кўраётган дарахтлар ҳам бор экан. Ўрмонга киришимиз билан йўлдаги иссиқ ҳарорат чекиниб, юзимизга  салқингина шабада урилди.

Кекса ва ёш арчалар, қарағайлардан таралаётган хушбўй ифор бизда аъло кайфият уйғота бошлади. Маълумотларга кўра, бунақа ёқимли тароват инсонда эндорфин — яъни бахт гармони ишлаб чиқарилишига сабаб бўларкан. Бу эса иммун тизимининг яхшиланиши, одамнинг ёшаришига олиб келади. Шунинг учун ҳам ўрмончилик соҳаси вакиллари узоқ умр кўрар экан-да, сабабини аниқлагандек бўламан.

Ўпкамиз кислородга, миямиз ёқимли ифорга тўйиниб, сархуш кайфият билан суҳбатимизни бошладик.

Ҳамроҳимнинг айтишича, Самарқанддаги «Дарғом» ўрмон хўжалигига 1890 йилларда рус олими Каронков асос солган экан.

— Биз турган ўрмоннинг бир гектари бир йилда ўзидан 14 тонна кислород ишлаб чиқариб, 35 тонна чангни ушлаб қолишга қодир ва шу билан бирга 25 гектар майдонни қурғоқчилик ва чанг бўронларидан ҳимоя қила олади, — дейди Субҳон ака.

Мутахассис айтган шу маълумотларнинг ўзи ҳам дарахтларнинг, яшилликнинг нақадар ҳаётимизга  зарур эканини англатади.  

– Мана бу дарахт 70 градус совуққа ҳам чидайди, ёмғирни яхши кўради. Ўсиш даврида бу каби қарағайлар ўзидан эфир мойлари, балзамлар, учувчи витаминлар, танинлар ва бошқа моддалар ишлаб чиқаради, — давом этад суҳбатдошим.

Демак, ўрмонга қадам қўйишимиз билан биз ҳис этган ўша кайфият, юқорида саналган фойдали моддалар ажралмаси натижаси экан-да.

— Билсангиз, дарахтларни жонсиз деювчилар катта хато қилади. Уларда ҳам дард бор, улар ҳам севади, озор берса оғринади, овоз чиқаради, ҳатто рашк ҳам қилади... деб ўрмондаги баъзи дарахтларга қўйилган белгиларни кўрсатиб, «мана бу белгилар, оналик ва оталик белгилари. Шуларга қараб биз уруғ  оламиз», — дейди ўрмончи акамиз. 

— Бошқача қилиб айтганда, бу уларнинг никоҳ қайдномаси эканда,—дейман ҳазилга олиб.

— Худди шундай. Ишонсангиз кўчат етиштириш жараёнида қизиқ ҳолатларни кузатганмиз. Арча, қарағай кўчатини биз уруғдан олиб ўстирамиз. У беш, баъзан етти йилда йилда тайёр кўчат бўлиб етилади. Ёнма-ён ўсаётган кўчатларни ёнига бошқа янгисини олиб келиб қўйсангиз борми, ана унда кўринг томошани, бу ҳолатда аввалги кўчатлар авжи кескин пасая бошлайди. Буни улардаги рашк сабабли эканини кейин англаганмиз, — деб қизиқ маълумотларни улашишда давом этади Субҳон ака. Буларни эшитиб, беихтиёр хаёлимда таниш қўшиқ сўзлари жаранглайди...

Боғ қўйнида икки дарахт —

Бир-бирига интизор.

Сен бир дарахт, мен бир дарахт,

Йиғлаб-йиғлаб ўтдик ёр.

Шоирнинг дарахтлар талқинида ифодалаган бу муҳаббат таърифларига жавобни шу ерда топгандек бўламан. Демак, муҳаббат, соғинч, садоқат борасида биз жонсиз деб билгувчи дарахтлар ҳам-худди инсонлардек экан-да. 

Биз турган ўрмондан сал нарироқда махсус кўчатхоналар бўлиб, уларда кўплаб дарахтлар уруғларидан кўчатлар етиштирилар экан.

— Ҳозир хўжалигимизда қирқ турдан ортиқ ноёб дарахт ва буталарнинг кўчатларини етиштириш, кўпайтириш билан шуғулланаяпмиз, улар орасида оқ қайиндан тортиб, мовий қарағай, лола дарахти, Тяншань қарағайи, Хитойдан келтирилган павлония, япон сафораси ва қалам дарахтигача бор. Буларнинг барчаси — табиатимиз учун, экология учун. Дарвоқе, атиги саккиз йилда вояга етиб, улкан дарахт шаклини оладиган павлониянинг хосияти беҳисоб. Унинг ёғочи нафис, пишиқ, жилвадор бўлгани боис мебелсозликда кўп ишлатилади. Барги йирик, зарарли газларни ютиб, кислородни кўп ажратади. Чиройли гулларида нектар миқдори одатдагидан икки-уч ҳисса ортиқ бўлгани боис асалариларни ўзига чорлайди. Павлонияни шаҳар атрофидаги йўл ёқаларида экиб, ўстириш ажойиб самара беради, —дейди Субҳон ака.

Дарвоқе, бу манзарали манзилда фақат дарахт кўчати эмас, мева етиштириш, асалари парваришлаш, доривор гиёҳларнинг гул ва баргларини йиғиш билан шуғулланишар экан. Ўтган йили бу ўрмончилар фармацевтика саноати учун 42 тонна доривор ўсимликлар ва ноёб мевалар етиштириб беришибди. Улар орасида унаби, топинамбур, тирноқгул, мойчечак, наъматак сингари шифобахш ўсимликлар бўлиб, улар инсон саломатлиги учун беқиёс аҳамият касб этади.

Наъматак мевасини эшитиб, қизиқиш билдирган эдим. Мени меҳмондўст мезбонлар шу ўрмонда  етиштирилган наъматак дамламаси билан сийлашди... Авваллари ҳам кўп наматак чойи ичгандим, лекин бу ердагиси: новвот ва ўрмон наъматаги қўшиб дамлангани ўзгача экан. Қуюқ, нордон, хушбўй, жудаям ёқимли.      

Ҳа, шу ўринда, катта бизнес эгалари бўлган тадбиркорларга таклиф: Ўзимизда етиштирилаётган бебаҳо, шафобаҳш бу неъматларни қадоқлаб, ҳорижга экспорт қилинса, жаҳон бозорида, ўзбек новвоти-ю, ўрмон наматаги ўз мижозини албатта топарди. Ахир бизда ҳам Хитой табобати ўтлари-ю, араб седанасига талаб кўпку.   

Субҳон ака суҳбатимизни селекция мавзусига қаратиб, ўзимизнинг эски ўрик навлари: «Авиценна», «Наврўз» кабилар йўқолиб кетганини, ўзи яратган «Субҳони» нави эса СССР даврида баъзи расмиятчиликлар сабаб тасдиқдан ўтмаганини куюнчаклик билан гапириб қолди.

— Шафтолиларнинг «Владимир», «Лола», «Фарҳод» деган тури, олманинг «Размарин», «Афросиёб» «Қандил» деган навлари бўларди. Баҳоргача суви билан турарди, афсус йўқолиб кетди. Шунинг учун ҳозир бозорларимизга кўп мевалар четдан кириб келяпти. Чиройи бору, таъми йўқ, — дейди Субҳон ака.

«Ёзда, саратонда яна бир келасиз бу жойлар жуда ўзгача бўлади», дейди қисқа меҳмондорчиликдан  кўнгли тўлмай Субҳон ака.

Мен эса бу сокин, сирли ва ҳаловотли оламнинг баҳрига тўймай, уни беихтиёр тарк этаман. Ўрмондан олислай туриб, уч асрни кўраётган бу дарахтлар, қанчадан-қанча дайди шамолларга, чанг-тўзонларга қалқон бўлганини англайман. Мен кўрган каби ўрмонлар, яшил манзиллар бор экан, яна минг йиллар улар бизларга беминнат ҳизмат қилиб, ўпкамизга соф ҳаво, қалбимизга ҳаловат улашаверади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг