Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Турсунали Акбаров

Йиғлаб борма, ҳўнграб чиқади!

Марғилондаги меҳрибонлик уйи: Ҳукм ўқилди. Хўш?

Марғилондаги меҳрибонлик уйи:  Ҳукм ўқилди. Хўш?

Фото: ЎзА

Яна шов-шув

Ижтимоий тармоқлар яна жунбушга келди: уч-тўрт ой бурун Марғилондаги 1-Меҳрибонлик уйида аниқланган жиноятлар қанча шов-шув бўлган бўлса, эндиликда судланувчиларга нисбатан тайинланган жазо сурони ундан қолишмаётир. Кўндаланг қўйилаётган савол  битта: шу-унча жиноятларга шугина жазоми?..

Айбловлар ваҳимали эди-да. Қаранг:  

Жиноят кодекси (ЖК)нинг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш);

 205-модда (Мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш);

209-модда (Мансаб сохтакорлиги);

115-модда (Вояга етмаган шахснинг ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаш);

127-модда (Вояга етмаган шахсларни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб этиш);

129-модда (Ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш);

110-моддаси 2-қисми «а» ва «б» бандлари (Ожизлиги айбдорга аён бўлган вояга етмаган шахсларни муттасил равишда дўппослаш ва бошқача ҳаракатлар билан қийнаш);

128-моддаси (Ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш)....  


Мавзуга доир: Меҳрибонлик уйининг собиқ директори ва ходимларига нисбатан суд ҳукми ўқилди


Жазо қанақа бўлди?

Бўйнига шундай «айбловлар гулдаста»си илинганларнинг (улар 10 нафар: директор, унинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, бош бухгалтер, кассир ва яна олти нафар тарбиячи, судланувчиларнинг беш нафари аёллар) «каттаси» — муассаса директори ва унинг ўринбосари тўрт йилга «кесилди», бошқа эркак судланувчилар уч йил нари-бериси, аёллар эса озодликдан чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларга мустаҳиқ этилди.

Жиноятлар ўтган йилнинг охирида фош этилиб, ўшандаёқ Меҳрибонлик уйи раҳбар-ходимлари ҳибсга олингани (2017 йил, декабрь) эътиборга олинса, тайинланган жазонинг қарийб учдан ёки тўртдан бири ортда қолгани ойдинлашади (озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ жазо муддати айбдор ҳибсга олинган кундан бошлаб ҳисобланади). Демак, буёғиям оз қолган: маҳкумлар ҳатто «зона» юзини кўрмаслигиям мумкин...

Жазо оғирми ёки енгилми?

Жиноят ҳимоясиз етимларга нисбатан содир этилгани эътиборга олинса, ҳиссиётлар жунбушга келиб, жазо енгилдай туюлиши мумкин. Суд эса ўзиникини маъқуллаши аниқ, ана, ҳукмининг ҳали сиёҳи қуримай судья Р. Арабоев ЎзАга интервью беришга улгурибди: «...суд томонидан қонуний, адолатли ва асосли қарор қабул қилинди».

Судьянинг бу қадар ишонч билан гапириши ҳукм юқори босқичда ҳам ўзгаришсиз қолдирилишидан нишонадай... Устига устак, ҳукм юқорида босқичда кўрилишининг ўзи катта сўроқ остида. Чунки ҳукмга нисбатан иккита субъект шикоят бериш ҳуқуқига эга: жабрланувчиларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга масъул Фарғона вилояти халқ таълими бошқармаси ва вилоят прокуратураси. Ҳамма бало шундаки, муассасада вазият бу даражада ачиб-бижғиб кетишида иккала давлат ташкилотининг  етарлича «ҳиссаси» бор!..


Мавзуга доир: Марғилондаги меҳрибонлик уйи ходимларига чиқарилган «ўта юмшоқ ҳукм» жамоатчилик ғазабини келтирди


Битта «ёрқин» мисол: 1-Меҳрибонлик уйининг жиноий жавобгарликка тортилган директори бу даргоҳга қарийб етти йил раҳбарлик қилган (2010—2017 йиллар). Қизиғики, фаолиятининг охирги бир-бир ярим йилида у икки бор ишдан олиниб, икки бор лавозимига қайта тайинланган?! Бундай сирли «олинув-тайинланув»ларнинг ўзи халқ таълими раҳбарларига етарлича саволлар туғдиради... Рост-да, Меҳрибонлик уйидаги аҳвол чидаб бўлмас даражага етган, бундан гўёки бехабар  мутасаддилар эса директорни ишдан олиб, яна қайта тайинлаш билан овора?!

Прокуратурага ҳам саволлар етарли: вояга етмаганларнинг ҳақ-ҳуқуқи ҳимояси мазкур давлат органининг энг бирламчи вазифасига киради. Бундан ташқари, Вояга етмаганлар ишлари бўйича Республика идоралараро комиссияси бор, Бош прокуратура унинг ишчи органи бўлиб, Бош прокурор ўринбосарларидан бири бир вақтнинг ўзида мазкур комиссия раиси ҳисобланади. Шунга қарамай, муассасада етимлар ҳаққини ўмариш, норасидаларни калтаклаш-қийнаш, фаҳш-разолат оддий ҳолга айлангани ақлга  сиғмайди?!

Бундан хулосаки, бошқарма ҳам, прокуратура ҳам бу шов-шувлар, бу ғурбатлар тезроқ якун топишини хоҳлайди. Шундай экан, масалани аччиқ ичакдай чўзишдан нима наф? Қолаверса, муассасадаги ҳолатларга қанча чуқур кирилса, уларнинг  юзи шунча «очилиб» бораверади, ахир?!

Зўрлаш бормиди?

Ижтимоий тармоқларда Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари зўрлангани ҳақида бонг урилмоқда. Инсоф юзасидан айтсак, айбловда зўрлашга оид бирорта эпизод йўқ. Фақат вояга етмаган битта тарбияланувчининг оғироёқ бўлиб қолгани-ю унинг ҳомиласи мажбурий туширилгани (ЖК 115-моддаси), яна бир ўринда шу муассаса тарбиячисининг  тарбияланувчи қиз билан жинсий алоқа қилгани (ЖК 128-моддаси) ҳолати қайд этилган. Жиноят кодексининг 115-моддасида (аёлни ўз ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаш) озодликдан маҳрум этиш жазоси кўзда тутилмаган, айбдор энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишларига мустаҳиқ этилиши мумкин. 128-модда эса (вояга етмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) нисбатан оғирроқ: шундай ифлосликка қўл урган кимса «уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади».  

Албатта, ҳомила осмондан тушмайди. Ҳар икки ҳолатда ҳам вояга етмаган қизлар ихтиёрий равишда номаъқулчилик қилган дея топилиб, ҳеч ким зўрлаш жинояти билан айбланмаган. Шундан келиб чиқилса, судланувчиларга қайд этилган моддаларда кўрсатилган жазоларнинг энг оғири тайинланган кўринади. Хусусан, Меҳрибонлик уйи фельдшери вояга етмаган қиз билан «кўнгилхушлик» қилгани учун уч йилга «кесилибди»...

Шунга қарамай ҳолатни мантиқ тарозисига қўйсак: вояга етмаган шахс қилаётган ишининг оқибатини биладими? Бу борада тушунчага эгами? Умуман, калтак-қийноқ остида «тарбия» олаётган болаларда инон-ихтиёр деган нарсанинг ўзи борми?..

Айбловда йўқ иқрорлар

Гап «инон-ихтиёр»га тақалар экан, айбловга киритилмаган, бироқ муассаса директори ҳисбга олингани ҳамоно булбулчадек сайраб тан олган бир-иккита ҳолатлар хусусида тўхталиб ўтишга эҳтиёж сезилади.

Директорнинг тан олишича, у шу муассасада тарбияланган бир қизни (коллежни битириб келганидан кейин) ишга олади. Эндигина ўн еттини ҳатлаган қиз директорнинг бу «муруввати»га жавобан номусини «ҳадя» этади, гўё... Қаерда денг: раҳбарининг муассасадаги «хосхона»сида! Бу ҳолатнинг айблов даражасига чиқмагани сабабиям ўша: ҳаммаси «ихтиёрий» тарзда кечган, вассалом! Бу ўринда зўрлаш ҳақида гап-сўз бўлиши мумкинмас, дейлик. Бироқ «ихтиёрийлик» билан «мажбурлик» орасида ер билан осмонча фарқ бор, ахир?! Шўрлик қиз раҳбарнинг қучоғига кирмаганида муассасадан унга иш топилармиди? Бу саволга  ижобий жавоб бермоқ қийин. Муассасани «шахсий томорқа»га айлантириб, етимлар ҳаққини муттасил туя қилиб келган раҳбарнинг иккинчи нафси ҳам ҳакалак отгани ҳақиқатга яқиндай. Ваҳоланки, хизмат, моддий ёки бошқа жиҳатлардан айбдорга қарам бўлган аёлни жинсий алоқа қилишга мажбурлаш ёки шу бемазагарчиликни қилиш жиноят ҳисобланмайдими (121-модда)?!.

Ёмондан ёмони шундаки, Меҳрибонлик уйидаги чиркин муҳитда улғайиб, шу муассасага  тарбиячи бўлиб қайтиши ҳам «шунчаки» амалга ошмаган қизда ҳаётга, одамларга нисбатан нафрати кучайгандан кучайиб бориши тайин. Шундоқ бўлди ҳам. Бугун ўша қиз — йигирма беш ёшида судланувчилар қаторида ўтирибди! Йиллар давомида йиғилган нафратини бир пайтлар ўзи каби ҳимоясиз етим  болаларга сочган: уриб, қийнаб, азоблаб...

Яна бир ҳолат

Етимлар ҳаққини фақат шу муассаса раҳбарларигина емаган кўринади. Меҳрибонлик уйи директорининг дастлабки терговда яна шундай кўрсатмаси бор. Мазмуни шуки, вилоят молия бошқармаси томонидан 2016 йилда 1-Меҳрибонлик уйига қарашли Қувасой шаҳрида жойлашган лагернинг маъмурий биноси ва ошхона томини таъмирлаш учун 30 (ўттиз) миллион сўм ажратилади. Мазкур маблағ шунчаки тутқазиб қўйилмайди, молия бошқармасида ишлайдиган бир Валломат шарт қўядики: «пулни фалон фирмага ўтказасан, йўқса...»! Шартга директор рози бўлади. Пулга эга чиққан фирма эса таъмир ишларини қўл учида бажариб кетади...

Давлат ажратган пулга «хўжайинлик» қилган молия бошқармасидаги Валломат ҳамда унинг «паноҳидаги» фирма мутасаддилари хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилдими-йўқми деган савол очиқ ва ҳамон муаллақ турибди... Бунисига нима дейсиз?

Ёзувларимиздаги оҳанг кимлардадир эътироз қўзғаши мумкин:  жиноятни фош этиб, айбдорларга нисбатан жазо муқаррарлигини таъминлаганларга писанда нечук?.. Кечиргайсиз,  жиноят  Фарғона вилояти ДХХ ходимлари томонидан фош этилган. Фош этилгандаям юксак профессионализм намоён этилганини  тан олмаслик инсофдан эмас.  Гўёки ҳомийлар ёрдами дея Меҳрибонлик уйига кенг экранли телевизор берилиб, унга ўрнатилган камераларга муассасадаги жаҳолатлар муҳр этилмаганда, ким билсин, жиноят қачон фош этиларди?! Ҳолбуки, мутасаддилар вақти-вақти билан муассасага келган, текширган, далолатномалар ёзилган... Бироқ камералардаги манзаралардан фарқли равишда, қоғоздаги жимжималар  реал ҳолатни акс эттирса, қани?!. Лоақал 2016 йилда.

Ўшанда  прокуратура ва молия бошқармасидан келган масъуллар қандай камчилик топиб, нима чора кўрганини билмадигу, уларнинг «ташрифи»дан кейин ҳам муассасадаги аҳвол ўзгармагани ҳақиқат. Ўша текширувда  тарбиячиларидан бири сохта диплом  билан ишлаётгани  аниқланади, бироқ иссиғида «босди-босди» қилиб юборилади... Меҳрибонлик уйидаги аҳвол эса, таъкидланганидек,  «барқарор» давом этаверади: муассаса ходимларнинг тергов ҳужжатларига зикр этилган кўргазмаларига ишонсак, бу даргоҳнинг  фоҳишахонадан фарқи  қолмагандек гўё: сантехник — кир ювувчи билан «дон олишади», тўққизинчи синф тарбиячиси бўлмиш аёлнинг ҳам иштонбоғи бўш, ёши ўттизга бормаган яна бир тарбиячи аёл  «нафси хуруж» қилган пайтда балоғат остонасидаги тарбияланувчи-йигитчаларнинг «кўзини очиб» қўйишдан тап тортмайди, аёл «таъмини тотган» болалар эса  қизчаларга шилқимлик қилишдан ўзларини тия олмайди, маънавий-маърифий ишларга масъул раҳбар ўғил болаларга зормандасини кўрсатиб қилиқ қилади ва ҳоказо-ҳоказо... Бу разолатларнинг бари Меҳрибонлик уйининг хоналарида рўй берадики, бундан ажабланадиган одамнинг ўзи йўқ.

Жиноят ишидаги юқорида баён қилинган бўшлиқлар, фаҳш-разолатга нисбатан муассасада шаклланаёзган кўникмаларни кўриб-илғаб, хаёл қочади: Меҳрибонлик уйининг ўғил-қизлари шаҳвоний нафсига қул қандайдир кимсалар қўлида қўғирчоқ бўлгани хусусидаги миш-миш, гап-сўзларда ҳақиқат учқунлари йўқмасмикан?.. Астағфируллоҳ-ей!

Ҳамма айблов асослимиди?

Айланиб-ўргилиб, юқоридаги савол яна кўндаланг бўлаверади: шу-унча жиноятга жазо шугинами? Эҳтимол, жазо юмшоқроқ туюлаётгани сабаби суд дастлабки терговда эълон қилинган иккита моддани (205-модда —  мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва 127-модда — вояга етмаган шахсларни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб этиш) айбловдан чиқариб ташлагани, шунингдек етказилган зарарлар тўлиқ қопланганига бориб тақалар?!. Муассаса директори мансаб сохтакорлигига йўл қўйиб (209-модда), катта талон-торожликка қўл урган (167-модда), баски, мансабдорга хизмат вазифаси билан боғлиқ иккита айблов тиркалар экан, учинчиси —  205-модда ортиқча.  Бу ҳуқуқшуносларнинг гапи. Қонунга кўра, зарар (167 миллон сўм!) тўлиқ қопланса, айбдорга нисбатан озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланмайди. Жиноят кодексининг 209-моддаси 2-қисми кўзда тутилган жазонинг энг юқориси уч йилгача озодлик маҳрум этишдан кўп эмас. Суд барча айбловларни жамлаб, директорни узил-кесил  тўрт йил озодликдан маҳрум этган экан, тайинлаган жазо қонун доирасида бўлганидек кўринади.

Аммо барибир савол туғилади: мансабдорнинг ўзи раҳбарлик қилган давлат муассасасига рафиқаси, қайнсинглиси, тоғасининг хотин-ю келини ва бошқа қариндошларини ишга олиб, шахсий томорқага айлантириши жиноят эмас, фазилатми? Меҳрибонлик уйининг «ёғлик ўринлари» собиқ директорнинг қариндошларидан ортмагани сир эмас, ахир?!

Муассаса «шаҳзодаси»

Дастлабки терговда директор ва унинг хотинига тиркалиб (директорнинг хотини ҳам шу даргоҳда тарбиячиси вазифасида ишлаганини айтдик-а?), бироқ суд томонидан чиқариб ташланган яна бир айблов — 127-модда (Вояга етмаган шахсларни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб этиш) изоҳи шуки, бу ўринда  гап муассаса тарбияланувчилари ҳақида эмас. Гап муассаса директорининг кенжа ўғлида!

Эр-хотин бир жойда ишлагани учунми оила кенжасининг куни ҳам шу ерда ўтаркан. Муассаса «шаҳзодаси»га айланган ўн икки яшар бу тирранча онаси масъул бўлган уч ёшдан етти ёшгача гуруҳ болаларини уриб-тепиб чирқиллатишни роса хуш кўраркан денг?! Унинг бу қилиғига биров чурқ этолмайди, отаси — раҳбар, онаси — «малика» бўлган даргоҳда ким ҳам мушугини «пишт» десин?! Муштдеккина боланинг шу ва шу каби қилиқлари  ота-онасига 127-моддани «олиб берадими», йўқми — буниси энди ҳуқуқшуносларга тан (эр-хотин ўғлига: «Бор, анави етимчаларни ур, теп, қийна, роҳат қил», дея жиноятга  қасддан жалб қилмаган-да, дейишмоқда айрим донишмандлар), аммо унинг бузилган руҳиятидан ташвишга тушасан киши: мурғак вужудга ўрнашиб улгурган шафқатсизлик, ҳаром луқмалардан булғанган ҳалқум...

Бунақа эркатойлар эртага наинки ота-она, балки жамият учун ҳам бошоғриққа  айланмаслигига кафолат борми?

 Айб фақат тарбиячилардами?

Каттақўрғонда таҳқирланган аёл воқеаси фош бўлгач, зўравон қамоққа олинди, шунинг баробарида мутасаддилар ҳам насибасиз қолгани йўқ: ИИБ бошлиғи-ю ўринбосари, шунингдек ҳамкасбининг ноинсоний ҳаракатига томошабин ходимлар ҳам вазифасидан четлатилди. Самарқанддаги махсус интернат-мактабидаги зўравонлик ҳақида шов-шувлар чиқиши билан дарҳол чора-тардбир кўришга тушилди: директорга нисбатан  жиноят иши очилди, ҳатто вилоят ҳокими шахсан ўша мактаб-интернатга бориб, вазият билан яқиндан танишди. Отасига раҳмат!

Бу воқеликлар, таъбир жоиз бўлса,  Марғилондаги  маш-машалар олдида ҳолва. Ёки  яқинда ўтказилган қишлоқ хўжалиги масалаларига  бағишланган селектор йиғилишини эслайлик, якунида ғўза парваришига масъулият билан ёндашмагани учун тўртта туман сектор раҳбарларига нисбатан жиддий чоралар кўрилди. 1-Меҳрибонлик уйига оид шов-шувлар бир неча ойдирки тингани йўқ. Шунга қарамай Марғилонда бирорта мутасаддининг ҳатто бурнига чертилгани хусусида хабар чиқмади ёки эшитмадик.

Нима,  Марғилонда етимнинг қадри ғўзачалик эмасми?

Умуман, айб фақат жиноятга қўл урганлардагинами?

Бу каби воқеалар етимпарвар-болажонлиги билан довруқ таратган миллат  юзига доғ  бўлиб тушмаяптими?!

Саховат масканлари, Меҳрибонлик уйлари, махсус мактаб-интернатлар  жамиятнинг ўгай бўлагига айланиб қолаёзганини  тан олмоққа эндиям журъатимиз етадими?

Гап  миллатнинг маънавий қиёфаси ҳақида бормоқда, ахир?!

Айбдорларга берилган жазо, майли, ўз йўлига. Уч-тўрт йиллик жазо — сўнгги жазо эмас, аслида. Айни жараёнда этагини ёпишга беҳуда уринаётганларга  ҳам гап шу.

Дунёнинг илоҳий қонунлари ҳам мавжуд:  унда бўшлиқ бор, на ўзгартириш, на қўшимча киритишга имконият! Ўзгага, айниқса, ҳимоясиз етимга зулм қилган ёки ҳаракатсизлиги билан бундай жаҳолат урчишига сабабчи бўлган бирор кимса умрининг охиригача тинч-хотиржам, роҳат-фароғатда яшаганми?

Лоақал битта мисол айтинг-чи?!

 Тошкент – Марғилон – Тошкент
2018 йил, 9 август

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг