Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Турсунали Акбаров

Йиғлаб борма, ҳўнграб чиқади!

«Рост бўламиз, қозижон! Дўст бўламиз, қозижон!» - 2

«Рост бўламиз, қозижон! Дўст бўламиз, қозижон!» - 2

1

Яқинда ФИБ (фуқаролик ишлари бўйича) Тошкент шаҳар суди кассация инстанцияси ФИБ Учтепа туманлараро суди раиси М.Имомовнинг навбатдаги ҳал қилув қарорини бекор қилди.

Нима бўпти, юқори босқичда бекор қилинаётган ёки ўзгартирилаётган суд қарорлари йўқми, дерсиз?!

Суд ҳужжатлари сифатига доир масала яхшигина таҳлил қилинадиган алоҳида ва жиддий мавзу. Бунга бизнинг тишимиз ўтмоғи ҳам маҳол. Бироқ таъкид этилаётган ҳал қилув қарори билан боғлиқ жараёнлар бошқача кечгандики, бу ҳақда такрор гапирмоқ айб бўлмас.

2

Қаранг: Азамат Гайбназаров деган фуқаро икки нафар таниши — Д.Смирнов ва И.Хаитовни судга беради. Даъвогарга кўра, икковлон ундан катта миқдорда қарз олиб, йиллар давомида алдаб, қайтармай келган гўё, шу боис судга мурожаат этмоқда: пулларимни фоизлари билан ундириб беринг, деб...

Гап бўлиши мумкинмас: суд органлари, хусусан, фуқаролик ишлари бўйича судлар ҳамма учун очиқ даргоҳ. Илло, ким йиғлаб борса, шартта қарор чиқариб берадиган «ибтидоий қозихона» эмас. Даъвоинг борми — марҳамат, давлат божини тўлагин-да, далил-исботингни келтир!

А.Гайбназаровнинг даъвоси мўл-у далили мўрт экани бошиданоқ маълум эди. Негаки, у аввал ички ишлар органларига арз қилган, важлари бир эмас, уч бор (!) тергов йўли билан эзғилаб текширилса-да, тасдиғини топмаганди. Тергов жараёнида жавобгарлар бир муддат ҳибсга олинди ҳатто. Шундаям уларга тиркалаётган айб исботлангани йўқ! Шахсни қамоққа тиқибки, бирор нима «топилмабдими», демак, бу ҳазилакам гап эмас! Фақат бу орада айбсиз икки инсон салкам икки ой ҳибсда ўтиргани-ю уларни шошма-шошарлик билан қамоққа тиққан терговчининг ишдан кетгани қолди, холос.

3

Хуллас, ИИБга арз қилиб, муроди ҳосил бўлмаган А.Гайбназаров фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судига даъво киритди. Даъво-ариза суд иш юритувига олиниб, уни раис М.Имомов шахсан кўриб чиқишни бошлагани ҳамоно кўз кўриб, қулоқ эшитмаган воқеалар бошланиб кетди. Бундан қисман бохабарсиз, чунки бу ҳақда сайтимизда «Рост бўламиз, қозижон! Дўст бўламиз, қозижон!» сарлавҳали фельетон чоп этилган, унда муҳтарам судьянинг хатти-ҳаракатлари ҳайрат билан қаламга олинганди.

4

Қонунчиликда «даъво муддати» деган тушунча бор. Дейлик, ишдан ғайриқонуний бўшатилган фуқаро (тегишли буйруқ қўлига теккан кундан бошлаб) бир ой ичида судга мурожаат қилмаса, кейинги «тоат-ибодати»дан фойда йўқ. Суд ўтказиб юборилган муддатни (ҳолатдан келиб чиқиб) узрли деб топса — хўп-хўп, акс ҳолда бир зарб билан даъво рад этилиши эҳтимоли юз фоизга тенг. Мулкий низога оид низолар хусусида ҳам шу гап: уч йилда судга мурожаат қилсанг — қилдинг, йўқса, додингни Худога айт!

А.Гайбназаров даъво мудддати ўтиб кетганидан кейин судга мурожаат қилганди. Суд раиси буни ҳатто муҳокама қилгани йўқ: даъво-ариза шартта иш юритувга олинди. Буниси-ку, майли, давлат божи тўлаш масаласи «ўйин»ларни айтинг?! Яъниким, даъвогар бож тариқасида 1 миллион сўм тўлаб, қолганига маҳалла фуқаролари йиғинидан (МФЙ) «ушбуни кўрсатувчи шахснинг шароити оғирроқ» мазмуни акс этган бир парча қоғоз келтирди. Суд раиси шугина маълумотномани асос қилиб, давлат божини кечиктириш ҳақида ажрим чиқарди. Шу тариқа суд мажлисини ўтказиш учун «зангори чироқ» ёқилди гўё...

Бироқ кўп ўтмай, бу «ўйин»нинг миси чиқсами?!

5

Жавобгар томон илк суд мажлисининг ўзидаёқ А.Гаибназаров камбағал-памбағал эмас, аксинча, «Каптива»ни учириб юрган бойвачча экани, у судга тақдим этган МФЙ маълумотномаси сохталигини исботлаб қўйди.

Суд раиси сохта маълумот тақдим этганга қонуний чора кўриш масаласини ҳал этдими?

Қаёқда! Аксинча, даъвогарга сувдан қуруқ чиқиш имкониятини тақдим этди! Яъники, жавобгар томоннинг «Каптива»га тақиқ қўйиш сўралган аризасини «кейинги суд мажлисида муҳокама қиламиз», дея танаффус эълон қилворди. Бир ҳафтага чўзилган танаффус давомида А.Гайбназаров машинасини сотиб (ёки бошқа биров номига ўтказиб), яна «камбағалга айланиб» улгурди. Ваҳоланки, давлатга тўланиши керак бўлган бож миқдори кам эмас, нақ битта «Спарк» нархи билан баробар эди!.. Бундан «бождан қочиш операция»си раиснинг «бадиий раҳбарлиги»да амалга оширилмадимикан, деган мантиқли шубҳа туғилади. Йўқса, у ўзига қўшиб, давлатни ҳам алдаётган шахснинг ҳеч-йўғи «бурнига чертиб» қўймасмиди?!

Қисқаси, судья даъвогарга сувдан қуруқ чиқиш учун қанча имконият тақдим этса, жавобгарларга бунинг аксини қилгани-чи?! Иккисига ҳам мамлакатдан чиқишига чеклов, бор мол-мулкига эса хатлов солгани тушунарли. Бироқ унинг чеклов-у хатловлари низога умуман алоқаси бўлмаган (!) Бухородаги «OZPROMTEK-BUXORO» шўъба корхонасининг мол-мулкию ҳисоб-рақамини ҳам четлаб ўтмаганига нима дейсиз?!

6

Суд раисининг бундай хатти-ҳаракатлари даъво қаноатлантирилишидан белги эдики, кўп ўтмай айни башорат ўзини тўла-тўкис оқлади! Бир неча бор тергов йўли билан тасдиқланмаган-исботланмаган ва  даъвогарнинг кўп ҳолатда бир-бирига тескари важлари фуқаролик судида асосли (!) деб топилиб, даъво қаноатлантирилди!

Бу нима дегани?

Жайдари тилда тушунтирсак, исталган одам хоҳлаган инсонини ҳеч бир далил-исботсиз, қуруқ гап билан судга тортиши мумкин, унинг даъво-аризаси ФИБ Учтепа туман суди раиси М.Имомов қўлига тушса, бас: кўзни чирт юмиб, бир зумда бойваччага айлантириб қўйиши мумкин.

Фантастика!

Бу гапларда муболаға йўқ. Кимда иштибоҳ пайдо қилган бўлса, ана — фуқаролик иши, ундаги ҳужжатларга юзаки кўз ташлашининг ўзи кифоя...

7

«Рост бўламиз, қозижон! Дўст бўламиз, қозижон!..» фельетони қандай акс-садо берди, дерсиз? Ҳар ҳолда, қумга сингган томчидек бўлмади. Унинг акс-садоси орадан етти ой ўтиб янгради: даъвогар фельетон учун муаллифга қўшиб, сайтни ҳам судга берди! Раддия чоп этиш ва маънавий зарар учун 50 миллион сўм товон сўраб...

Ҳозир гап бундагина эмас.

Гап шундаки, А.Гайбназаров бизни судга берган пайтда адвокатга эҳтиёж туғилганди денг. Анча қадрдон, иссиқ-совуқ кунларда бир-биримизга далда бўлган адвокат акамизга мурожаат қилдик. Қадрдонимиз аввалига шошиб қолди, сўнг роса иккиланди... Охири минг хижолатда узр айтди: бизга адвокатлик қилиб, суд раиси М.Имомов билан муносабатларига путур етишини хоҳламас экан...

Қадрдонимизни тушунишга ҳаракат қилдик. Начора, демак, касбий салоҳияти ва маҳоратидан кўра айрим суд раислари билан «самимий муносабат» ўрнатган баъзи адвокатларнинг «иши беш»лиги рост экан-да?!

8

Ҳар ишда ҳикмат бўлганидек, қадрдонимизнинг «узри» бир синоатни хиёл очиб қўйгандек. Унинг андишасидан келиб чиқилса, фельетон муаллифи ва «Xabar.uz»ни расман А.Гайбназаров судга тортган бўлса-да, бунинг ортида суд раиси тургандай...  Қойил. Ўзганинг қўли билан «ўч олмоқ» бунча осон бўлмаса?! Даъвогар судларда умуман қорасини кўрсатмаслиги, фақат вакиллари иштирок этгани, улар эса раисга бегона адвокатлар эмаслигини билгач, шубҳалар чандон ортгани бор гап. Шунга қарамай судда ўсал бўлганимиз йўқ, шукр. Биздан товон талаб қилган даъвогар вакили суд якунига етай-етай деганда «ишни кўришни бошқа кунга қолдириш»ни сўраб, ўша «бошқа кун» келганда эса «оқ байроқ»ни кўтарганча, ҳатто хайр-маъзурни насия қилиб кетворганидан эса хабарингиз бор.

Анча кейинроқ, ўша қадрдонимиз суд раисига  хайрхоҳлик билдириб, «Унга Олий суддан айтилган экан-да, йўқса, бунақа қарор чиқарармиди?» мазмунидаги гапларига-ку шубҳа қилмаганимиз рост. Чунки, бу орада ажабтовур ҳал қилув қарори ФИБ Тошкент шаҳар судида деярли ўзгаришсиз қолдирилганди...

8

Бироқ «Олий суддан айтилди» деган гап пуч бўлиб чиқди барибир. «Бу «иш»нинг орқасида Фалончиев(а) турибди» деган гаплар ҳам шунчаки миш-миш бўлиб чиқди. Нега десангиз, «дело» айнан Олий судда абжағи чиқарилди, ўша ҳайъат таркибида эса номи армонсиз сотилган Фалончиев(а) ҳам бор эди...

Олий маҳкаманинг фуқаролик ишлари бўйича назорат инстанциясида аввалига судья М.Имомовнинг низога умуман алоқаси бўлмаган «OZPROMTEK-BUXORO» шўъба корхонасининг мол-мулкию ҳисоб-рақамига тақиқ солиш ҳақидаги ажрими бекор қилинди. Бу пайтга келиб (орадан қарийб бир ярим йил ўтганди, ахир), тақиқ боис корхона фаолияти тўхтаб, касодга учраёзган, шу ерда меҳнат қилиб, рўзғор тебратаётган ўнлаб инсонлар ишсиз — танг аҳволга тушиб бўлганди (қаранг-а, битта ноқонуний суд ҳужжатининг касофати неча тақдирга таъсир қилмоқда?!)...

Олий суд ҳайъати яна зарб билан ФИБ Учтепа туманлараро суди ҳал қилув қарорини қарийб ўзгаришсиз қолдирган ФИБ Тошкент шаҳар суди ажримини ҳам бекор қилиб, ишни шу суднинг ўзига кассация тартибида бошқатдан кўриб чиқишга юборди...

9

Қайта ўтган суд беш ойга чўзилгани энди аҳамиятсиз. Муҳими, унда ФИБ Учтепа туман суди раиси М.Имомовнинг низо бўйича чиқарган ажабтовур ҳал қилув қарори бекор қилинди. Шунинг баробарида даъвони рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилинди. Айни жараёнда давлат божи масаласига эътибордан четда қолмаслиги табиий. Биринчи истанция судида МФЙнинг сохта маълумотномаси (гарчи унинг сохта экани ўз вақтида исботини топган бўлса-да!) асосида бождан қочган даъвогар зиммасига энди аввалгисидан ҳам кўпроқ пул тўлаш мажбурияти юклатилди. Чунки, фуқаролик иши кассация инстанциясида қайта кўрилганда бож миқдори икки баробар ошиб кетади-да...

10

Фуқаролик ишининг «ичига кирмай», унинг айрим нуқталари ва асосан, «иш» теварагидаги ҳолатларгагина тўхталинаётгани эътиборингизни тортган бўлса керак. Шуларнинг ўзи унинг атрофидаги «ўйинлар» борасида етарлича тасаввур ҳосил қилишга етиб ортади. Тафсилотлар ортиқчалик қилмасди-ку, аммо ўқувчининг сабр-тоқатини ҳам аяш керак.

Давлатимиз раҳбари судлар мустақиллигини таъминлаш ҳақида куйиб-пишиб гапирар экан, айни даргоҳ «бирон-бир мансабдор шахснинг қўли етадиган идорага айланиб қолишига мутлақо йўл қўймаслик шарт»лигини алоҳида таъкид этади. Шундан келиб чиқилса, баъзи судьяларнинг ўзлари ҳам қандайдир таъсирларга тушиб қолмаслиги керак. Қаламга олинган воқелик мисолида суд раиси қандайдир таъсирга тушганини даъво қилишдан йироқмиз, албатта. Бироқ у қабул қилган ҳал қилув қарори холислик ва қонунийликдан анча узоқ бўлгани ҳам инкор этиб бўлмас ҳолат. Очиқдан-очиқ бир томонга ён босиб чиқарилган ноқонуний суд ҳужжатлари оқибатида иккита оила йиллар давомида моддий ва маънавий азоб чекди, низога умуман алоқаси бўлмаган корхонага банд солиниши натижасида касодга учраёзди, бир неча юз миллионлаб зарар кўрилди, фуқаролар ишсиз қолди. Бу жараёнда ҳатто давлат манфаатларига зид ҳаракатлар ҳам қилиндики, бунга шунчаки кўз юмиб  ёки иш кўрилиши жараёнида йўл қўйилиши мумкин бўлган процессуал хато деб бўлмас...

Энг ёмони, битта қонунсиз суд қарори фуқароларда наинки судга, балки давлатнинг инсонпарвар сиёсатига ҳам ишончсизлик пайдо қилиши эҳтимолини ҳам юзага келтиради. Муаммонинг энг оғриқли нуқтаси шунда!

Пировардида, яна бир гап. Аввалги ва ушбу мақолага бежиз «Рост бўламиз, қозижон! Дўст бўламиз, қозижон!» сарлавҳаси танланмади. Ундаги оҳангга эътибор берманг, асосий ният некбин: ростгўй (адолатпараст) қози(судьялар)га дўстлигимиз нақд!

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг