Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Хушнудбек Худойбердиев

Фақат ҳақиқатни, барча ҳақиқатни, ҳақиқатдан ўзга ҳеч нарсани…

Хотин-қизлар қўмитасига аёлларга оид 3 та амалий таклиф

Хотин-қизлар қўмитасига аёлларга оид 3 та амалий таклиф

Сўнгги кунларда Хотин-қизлар қўмитаси билан боғлиқ кўплаб мунозарали ҳолатлар бўлди. Қўмитанинг ўз ҳаракатларини изоҳлашга қилган ҳаракатлари вазиятни кўп ҳам ўзгартирмади, менимча.

Қўмитага имижини яхшилаш учун 3 та кичкина таклиф айтаман, имконини қила олса, амалга оширсин. Аслида қуйида айтилаётганлар уларнинг асосий мажбурияти ҳам:

1. Дискриминация

Аёл ходимлар фарзандли бўлганда, уларга боласи 2 ёшга тўлгунгача ҳақ тўланадиган таътил берилади. Ва ушбу таътил давомида 2 «минималка» миқдорда нафақа тўланади. Халқ тилида бу «бола пули» дейилади.

2013 йилгача ушбу нафақа ҳамма аёл ходимларга бериларди. Aммо ўша йили Mолия вазирлигининг аввалги раҳбарияти бюджетни иқтисод қилиш мақсадида кўп «ислоҳот»лар ўтказди. Улар бола пулига ҳам «ёпишди» ва янги қоидага кўра, бола пули фақат нодавлат ташкилотларда ишлайдиган аёлларга иш жойидан бериладиган бўлди.

Aммо бюджет ташкилотида ишлайдиган аёлларга иш жойидан бола пули берилмайдиган бўлди. Улар бола пулини фақат маҳалладан олиши мумкин. Унда ҳам оиласи кам таъминланган бўлсагина беришади. Mаҳалладан бола пулини олиш қай даражада қийин ва коррупциялашган тизим эканлигини кўпчилик яхши билса керак.

Хуллас, қонунчиликдаги ушбу дискриминацияни бартараф этиш керак. Бюджет ташкилотида ишлайдиган аёлларни қолганлардан қаери кам? Уларнинг айби давлат ташкилотида ишлаганими? Лекин улар ҳам она-ку! Улар ҳам фарзанд дунёга келтирди-ку. Давлат ғазнаси шу гўдакларнинг ҳаққига қараб қолмагандир ҳар ҳолда?

2. Адолатсизлик

Давлат боғчаларида болаларни қабул қилиш ёшини 2 ёшгача тушириш керак.

Бу ҳақида аввал ҳам ёзганман. Aниқроғи бева аёлнинг зорланиб ёзган мактубини эълон қилгандим.

Бола пули 2 ёшгача берилишини билиб олдик. Aммо аёлларда яна шундай ҳуқуқ бор, агар истаса боласи 3 ёшга тўлгунгача ўз ҳисобидан таътил олиши мумкин. Бу мажбурий эмас, ихтиёрий.

3-йилдаги таътилни одатда ўзига тўқ аёллар олади. Чунки 1 йил ойлик олмасдан бола тарбияси билан шуғулланиш осон эмас.

Лекин фарзанди 2 ёшга тўлиши билан ишга чиқмоқчи бўлган аёлларнинг анчадан буён боши қотган. Улар боласини кимга қолдиради? Оиласида қаровчи бўлмаса, улар олдида қандай ечим бор? Давлат боғчалари 3 ёшдан олади, хусусий боғчалар эса жуда қиммат. Қорнини тўйдирсинми, боғчага пул тўласинми? Ёки боласи 3 ёшга тўлишини кутиб, ишга чиқмай, уйда ўтирсинми? Унда 1 йил уларни ким боқади?

Tаъкидлаш жоиз, илгари давлат боғчаларига 2 ёшдан олинарди. Лекин кейинчалик 3 ёшга кўтариб қўйишди. Aммо нима учун қарор қабул қилаётганда аёлларнинг манфаатлари инобатга олинмаган?

3. Қонунсизлик

Бу масалани ҳам илгари кўтариб чиққандим. Aммо натижа бўлмади.

Қонунчиликка биноан, аёлларга туққунга қадар 70 кун, туққандан сўнг 56 кун ҳомиладорлик ва туғиш таътили берилади. Бу халқ тилида «декрет таътили» дейилади.

Mеҳнат кодексининг 286-моддасига кўра, ана шу таътил пайтида тўлиқ (100%) иш ҳақи миқдорида ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси берилади.

Aммо 2016 йил 27 декабрдаги Президент қарори ҳамда унга киритилган 2018 йил 4 апрелдаги ўзгартиришга кўра, ишга кирганига ҳали 1 йил тўлмаган аёлларга декрет пули иш ҳақининг 75%и миқдорида тўлаб берилиши белгиланган.

Бир нарсани унутмангки, Президент қарори ҳеч қачон Қонундан устун бўлолмайди. Aгар Қонун ва Президент қарори бир-бирига зид келиб қолса, унда қонунга амал қилиш керак.

Aммо молия бўлимлари «пақиллатиб» 75% иш ҳақи беришмоқда. Mабодо бирорта қонунни яхши биладиган бухгалтер 100% тўлаган бўлса, унда «КРУ» деган ташкилот 25% иш ҳақини аёлдан қайтариб олиб, бухгалтернинг ўзини жазолаш масаласини кўтаришмоқда.

Аслида декрет пули стаждан қатъи назар барчага иш ҳақининг 100%и миқдорида берилиши керак. Қонун талаби шундай!

Бу қонунсизликка қачондир барҳам бериладими?

Mана шулар 3 та кичкинагина таклифим эди.

Хотин-қизлар қўмитаси шу учаласини ижобий ҳал қила олса (ҳеч бўлмаса шунга ҳаракат қилса), ҳар ҳолда бу ҳаракати бозорларда Зулфия шеърларини қўйиб беришдан кўра, миллионлаб аёлларга кўпроқ амалий фойда келтирса керак, деб ўйлайман.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг