Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

162 турдаги миллий маҳсулотларимиз дунё бозорларида рақобат устунлигига эга – Президент

162 турдаги миллий маҳсулотларимиз дунё бозорларида рақобат устунлигига эга – Президент

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида дунёда юз бераётган иқтисодий тебранишларнинг мамлакатимиз соҳа ва тармоқларига таъсирини юмшатиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланди.

Давлат раҳбари йиғилишда иқтисодий ва савдо чекловларининг Ўзбекистонга таъсирини юмшатиш масалаларига тўхталиб, глобал иқтисодий ҳолатни таҳлил қилди.

«Ҳозирги дунё аввалгидек эмас. Гап тариф ёки уларни миқдорида ҳам эмас. Узоқ йиллар давомида давлатлар ўртасида барқарор муносабатлар ва ўзаро ишончни таъминлаган халқаро институтлар, улар ишлаб чиққан қоида ва нормалар бугун самарасиз бўлиб бораяпти.

Албатта, бу жараёнлар занжирли таъсир кўрсатиб, жаҳон иқтисодиётини секинлашуви ва халқаро савдони камайишига олиб келиши мумкин», - деди Президент.

Қайд этилишича, биргина юқори тарифлар оқибатида халқаро савдо ҳажми 3,5 триллион долларга қисқариб, дунёдаги инфляция даражаси 7,5-8 фоизга кўтарилиши ҳақида прогнозлар берилмоқда.

«Уч-тўрт кун ичида халқаро молия бозорлари 10 триллион доллар йўқотгани биз учун қаттиқ «сигнал» бўлиши керак.

Энг катта хавф – пандемия даврида бўлгани каби дунё бўйлаб таъминот ва қиймат яратиш занжирларида узилишлар пайдо бўлишидадир.

Айниқса, бундай ҳолат жаҳон экспортида юқори улушга эга тўқимачилик, электротехника, автомобилсозлик, озиқ-овқат саноати каби «драйвер» тармоқларга катта зарба бериши мумкин», - деди Президент.

Ўзига нисбатан энг катта импорт божлари қўйилган давлатлар эндиликда Ўзбекистон экспорт қилаётган йўналишларга ўзининг маҳсулоти билан кириш учун агрессив савдо сиёсатини юритиши мумкинлиги қайд этилди. Яъни, мамлакатимиз кириб борган ип-калава, мато, газлама, тайёр текстиль ва маиший техника бозорларида ҳам аёвсиз рақобат бўлади.

Гарвард университети таҳлилига кўра, ўтган беш йилда Иқтисодий мураккаблик индексида Ўзбекистоннинг ўрни 25 поғона яхшиланиб, 105-ўриндан 80-ўринга кўтарилди.

Бугунги кунда 162 турдаги миллий маҳсулотларимиз «дунё бозорларида рақобат устунлигига эга» деб эътироф этилаяпти.

Натижада охирги йилларда экспорт 2,2 баробар ошди. Ташқи савдо айланмаси ялпи ички маҳсулотга нисбатан 57 фоизга етди.

«Бу – иқтисодиётимиз ташқи бозорларга қанчалик боғлиқ эканини кўрсатадиган жуда катта рақам», - деди давлат раҳбари. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг