Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

43 минг кишининг ҳаётини буткул издан чиқарган ҳодиса

43 минг кишининг ҳаётини буткул издан чиқарган ҳодиса

Фото: CBC

2023 йил 7 октябрдан кейин Ғазо секторидаги урушда жароҳатланган 172 минг кишининг 43 минг нафари меҳнатга лаёқатсиз мажруҳга айланди. Ҳаёти буткул салбий томонга ўзгарган 43 минг кишининг 10 минг нафари болалардир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) таҳлиллари ана шундан далолат беради.

Ҳисоботда Исроил ҳарбий ҳаракатлари оқибатида жароҳатланганлар келтирилган, Ғазо сектори соғлиқни сақлаш тизими буткул издан чиққани оқибатида тиббий хизматдан фойдаланиш имконидан маҳрум бўлган беморлар, ногиронлар бу саноққа қўшилмаган.

Ногиронлар араваси, протез каби қўшимча жиҳозлар у ёқда турсин бирламчи тиббий ускуналари ҳам етишмаётир.

«Ғазо секторида тиббий хизмат тизими кўмакка муҳтож ҳолда қолар экан, даволаш мумкин бўлган ногиронлик бедаво хасталикка айланмоқда. Ғазода тиббий хизмат учун вақтинча чоралар эмас, балки доимий сармоя, ускуналар, беморлар тикланиши ва соғлом ҳаётга қайтиши учун тизим ва шарт-шароит керак», – дейди ЖССТнинг ишғол остидаги Фаластин ерларидаги вакили Рейнхильде ван де Веердт.

ЖССТ халқаро ҳамжамиятни Ғазода соғлиқни сақлаш тизимини қайта тиклаш, тиббий ускуналар ҳамда дори-дармон таъминотини йўлга қўйишга ундамоқда.

Экспертлар кўпдан буён Ғазо секторида минглаб тинч аҳоли вакиллари ўлдирилгани, хусусан, кўп сонли болалар ва аёллар қўл-оёғидан айрилгани, майиб-мажруҳ бўлиб қолганига эътибор қаратиб келмоқда.

«Барча урушлар ҳам одамларнинг ўлими, жароҳатланиши ва ногирон бўлиб қолишига олиб келади. Аммо Ғазода икки йилдан буён давом этаётган тизимли геноцид оқибатида тана аъзолари ампутация қилинган (кесиб ташланган) одамлар сони жуда кўпчиликни ташкил этади. Уларнинг аниқ сони маълум эмас. Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги тарқатган маълумотга қараганда, 2023-2025 йиллар мобайнида 4500 кишининг қуйи ва юқори тана аъзолари ампутация қилинган. Уларнинг асосий қисмини хотин-қизлар ва болалар ташкил этади», – деб ёзган эди инсон ҳуқуқлари эксперти.

Аввал хабар берганимиздек, БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ҳам Ғазодаги вазиятни «даҳшатли ва ҳалокатомуз» деб баҳолаган эди.

«Айни пайтда соғлиқни сақлаш тизими бутунлай яксон бўлган Ғазо сектори ампутация қилинган болалар сони бўйича дунёда биринчи ўринда турибди. Кўплаб болалар (тана аъзоларини кесиш) амалиётларини ҳатто анестезиясиз ўтказмоқда. Биз кўриб турган воқелик оғир халқаро жиноят деб малакаланиши мумкин», – деган БМТ бош котиби.

Ғазо ҳудудидаги шифохона ва тиббий муассасалар бомбардимонлар оқибатида вайрон бўлган.

Исроил Ғазодаги шифохоналар ва бошқа фуқаролик объектларига танловсиз бомба ёғдирганини Ҳарвард университети олимлари ҳам тасдиқлаган. 

2023 йил декабрь ойида Исроил аскарлари Камол Адван шифохонасидаги фаластинлик беморларни бульдозерларда босиб ўлдиргани ҳам халқаро ҳамжамиятнинг кескин эътирозига сабаб бўлган эди.

БМТ хулосасича, Исроил ҲАМАС ҳаракати ҳужумига жавобан Ғазо секторига бостириб кирган 2023 йил 7 октябрдан буён давом этаётган нотенг урушда 72769 нафар фаластинлик ҳалок бўлди, яна минглаб жасадлар вайроналар остида қолмоқда.

2025 йил сентябрь ойи БМТ комиссияси Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини геноцид деб тан олди. Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳам ана шундай хулосага келган

17 йил қисман блокада шароитида яшаган Ғазо сектори 2023 йил октябрь ойидан буён тўлиқ қамал остида. Ҳудудга сув, озиқ-овқат, ёнилғи кириши чекланган.

2,3 миллион аҳоли ҳаётига Исроил бомбаларидан ташқари очлик, ташналик ва юқумли хасталиклар хавф солиб турибди. 

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг