«6 мингдан ортиқ педагог қийналиб келишарди» – Шерзод Шерматов
«Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» Президент Фармони қабул қилингани ҳақида хабар берилганди. Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ушбу фармоннинг имзоланишига муносабат билдирди.
«6 мингдан ортиқ педагог ходимлар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида пропискадан ўта олмай йиллар давомида қийналиб келишарди. Ушбу фармон уларнинг оилаларига хурсандчилик олиб келиши аниқ.
Тўғриси, ўзим Тошкентда туғилиб ўсганим учун прописка деган масалага аввал унчалик эътибор қилмасдим. Лекин, Халқ таълими вазирлигига ўтгандан кейин прописка бўйича юзлаб мурожаатларни кўриб, бироқ раҳбар сифатида уларга ёрдам бера олмасликни бошдан ўтказгандан кейин, бу масала ушбу соҳа ходимлари учун қанчалик зарур эканини ҳис қилишга тўғри келган эди.
Мактаблардаги ойликлар йиллар давомида паст бўлгани сабабли тошкентликлар орасида мактабга ишга кириб ишлашни хоҳловчилар ҳам унчалик кўп бўлмаган. Бундай шароитда ишлаш учун эса кўпгина мактаблар бошқа ҳудудлардан келган ходимларнигина ишга таклиф қила олган.
Лекин, шу оғир меҳнатига қарамай, прописка деган расмиятчиликни деб, улар ўз уйи бўлса ҳам унга қонуний эгалик қила олмаган. Мана, Президентимизнинг ушбу фармони билан барча давлат ташкилотларида 5 йил ишлаб келган ходимлар учун прописка муаммоси ҳал бўлди. Шунинг учун бу фармондан сон жиҳатдан энг кўп хурсанд бўлганлар айнан халқ таълими соҳасидагилар бўлса керак деб ўйлайман», – деб ёзади вазир.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter