Адлия бўлими ҳокимга чора кўришни сўрамоқда

Андижон тумани ҳокими Улуғбек Исомиддинов яна сайтимиз «меҳмони»!
Очиғига кўчсак, мавзуга қайтишни хоҳламаган эдик. Андижон туман ҳокимининг ажабтовур фаолияти ҳақида сайтимизда бир эмас, бир нечта мақолалар чиқди. Ҳадеб битта амалдорга «ёпишиб олиш» жамоатчиликда турфа фикрлар уйғотиши мумкин. Худдики, ҳоким арпамизни хом ўрган-у ўчакишиб уни такрор-такрор оқ калтак-қора калтак қилаётгандекмиз гўё... Аслида бундай эмас. Гап шундаки, мақолаларда баён этилган муаммолар расман инкор этилгани йўқ, шу баробарида... ечимини топмаяптиям-да. Нима, «бор-е!» деб қўл силтаб кетавериш керакми?! Ҳечам-да! Ҳоким танқидларга қўл силтаб келаётганда матбуот нега чекиниши керак?!
Кейинги мақолада ҳоким «Шерзодбек олтин даласи», «Абдуқаҳҳор ворислари» ҳамда «Жўрабек» каби илғор фермер хўжаликларининг ер майдонларини қонунга зид равишда олиб қўйгани-ю унинг бу ҳақдаги қарорини бекор қилиш учун фемерлар бир йил (!) судма-суд юргани баён қилинганди.
Ҳокимнинг ўша қарори (23 январь, 2019 йил) Олий судда (23 декабрь, 2019 йил) ҳақиқий эмас деб топилгач ҳам муаммо ечим топмади. Яъниким, жаноб Исомиддинов Олий суд ажримига асосан ўз қарорини бекор қилган (17 февраль, 2020 йил) бўлса-да, «суд ҳужжатида ерни қайтариб бериш кўзда тутилмаган» деган ўринсиз важ билан билганидан қолаётгани йўқ.
Мана, баҳорнинг икки ойи ҳам ўтиб бўлди. Бу фермер-деҳқонлар учун яна бир йил ҳавога учди деган гап. Янаям очиқроқ айтсак, уч фермер ва унинг қўлида ишлайдиган бир неча ўнлаб ишчиларнинг қора қозони сувга тушди дегани ҳамдир. Бу ёқда короноврус деган бало иқтисодга аямай зарба бериб турибди. Бундай оғир шароитда оқил ҳудуд раҳбари аҳолининг оғирини енгил қилиш учун бор имкониятини солади. Андижон туман ҳокими эса қонунсиз хатти-ҳаракатлари билан неча оила аҳволини баттар танг қилаётгани кўриниб-билиниб турибди. Наҳот бунга мутасаддилар томошабин бўлиб тураверади, деган хаёлда эдикки, куни кеча қўлимизга Андижон туман адлия бўлими бошлиғининг вилоят маъмурий суди раисига ёзган хати келиб тушди.
Унда туман адлия бўлими бошлиғи ҳокимнинг суд қарори ижросини пайсалга солиш билан «вақт ўлдириб» келаётгани яна бир бор намоён бўлади.
Марҳамат, ўқинг, хулоса қилинг.
Хатга жавобан маъмурий суд ҳокимга нисбатан қандай чора кўргани ҳали маълум эмас. Шундоғам маъмурий суд иш юритувида фермерларнинг туман ҳокимининг хатти-ҳаракатларига нисбатан аризаси мавжуд эди. Мазкур ариза суд томонидан кўриб чиқилиши чўзилаётганига охирги мақолада ишора қилиб ўтилганди.
Демак, маъмурий судда ҳокимга нисбатан киритилган аризалар сони яна биттага кўпайган.
Ҳар икки ариза натижаси хусусида вилоят маъмурий судидан жавоб кутамиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter