Анқара «2026 йил Турк дунёсининг туризм пойтахти» деб эълон қилинди

Анқарада Туркий Давлатлар Ташкилоти (ТДТ) Туризм вазирларининг 10-йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда ТДТ Бош котиби Кубаничбек Ўмуралиев, Маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой, ТДТга аъзо ва кузатувчи давлатлардан делегация раҳбарлари ҳамда АК Партия раиси ўринбосари Куршад Зорлу иштирок этди.
Туркия Маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой очилиш нутқида ушбу учрашувнинг мамлакатлар ўртасидаги азалий қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлашига ишонч билдирди. Эрсой муштарак тил, тарих, маданият ва цивилизация тушунчаси атрофида шаклланган Турк дунёси минтақавий ва глобал миқёсда янада кўзга кўринган ва яхлит бир тузилмага айланаётганини таъкидлади.
«ТДТ ушбу ўзгаришларнинг институционал асосини ташкил этар экан, у бизга ҳамкорлик ва умумий салоҳиятимизни ишга солиш учун бебаҳо имкониятларни тақдим этади», - деди Туркия Маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой.
Меҳмет Нури Эрсой ТДТга аъзо давлатлар билан туризм алоқалари аниқ маълумотлар билан мустаҳкамланганини таъкидлаб, қуйидаги маълумотларга тўхталиб ўтди:
«2025 йилнинг дастлабки беш ойида Озарбайжондан 317 минг, Қозоғистондан 203 минг, Қирғизистондан 79 минг, Ўзбекистондан 215 минг, Венгриядан 58 минг ва Шимолий Кипр Турк Республикасидан 106 минг нафар сайёҳни қабул қилдик. Шу муносабат билан Туркияга кўрсатган катта қизиқишингиз учун барча қардош халқларимизга ва сиз, қадрли ҳамкасбларимга чин қалбимдан миннатдорчилик билдираман.»
Меҳмент Нури Эрсой, шунингдек, вазирлик томонидан маданий мерос ҳудудларида туристлар тажрибасини бойитиш мақсадида амалга оширилаётган турли лойиҳалар билан ўртоқлашди ва тунги музей амалиёти бошланганини эслатди.
Вазир 1 июндан 1 октябргача ташриф буюрувчилар Аясофя масжиди, Галата минораси, Эфес антик шаҳри, Немрут ва Зеугма мозаика музейлари каби 27 та жойни кечқурунлари ҳам зиёрат қилишлари мумкинлигини маълум қилди. Аясофя ва Эфесда амалга оширилган лойиҳаларга ўхшаб, ёшларга рақамли контент орқали тарихни ўргатиш учун рақамли тажриба музейлари ташкил этганликларини айтиб ўтди.
Меҳмет Нури Эрсой, археологик қазишмаларнинг илмий самарадорликни ошириш ва маҳаллий тараққиётга ҳисса қўшаётганини таъкидлади. Унга кўра, Гордиондаги 47-тепаликнинг кашф қилиниши Анқаранинг ЮНEСКО Жаҳон мероси рўйхатидаги жойини танитишида муҳим рол ўйнайди.
БМТ Жаҳон Туризм Ташкилоти томонидан эълон қилинган 2025 йил май ойи Жаҳон Туризм Барометрига кўра, Туркия 2024 йилда 56,7 миллион хорижий сайёҳни қабул қилиб, дунёда тўртинчи ўринни эгаллади. Ўтган йилга нисбатан бир поғона 5-ўриндан 4-ўринга кўтарилган Туркия бу соҳада барқарор юксалишини давом эттирди.
«Қўшма туризм йўналишлари ташкил этиш, визани енгиллаштириш, маданий меросни биргаликда тарғиб қилиш каби қадамлар нафақат мамлакатларимизни, балки бутун Турк дунёсини янада кўримли ва жозибадор қилади», - дейди вазир учрашувга мезбонлик қилган пойтахт Анқаранинг тарихий ва маданий бойлигига эътибор қаратиб.
Вазир Анқаранинг Салжуқийлар давридан Усмонлилар ва Жумҳурият давригача бўлган чуқур илдизларга эга тарихи билан муҳим цивилизация маркази эканлигига тўхталди ва шундай деди:
«Буларни инобатга олган ҳолда ТДT ҳузурида Анқарани 2026 йил учун «Турк дунёсининг туризм пойтахти» деб эълон қилмоқчи эканлигимизни мамнуният билан билдирмоқчиман. Бу унвон Анқаранинг маданий дипломатиядаги қудратини кучайтиришига ва Турк дунёсидаги маданий туризмга янги туртки беришига ишонаман».
ТДТ Бош котиби Кубаничбек Ўмуралиев ҳам Туркиянинг туризм бўйича дунё етакчиси эканини таъкидлади.
Ўмуралиев 2014йилда Бодрумда бўлиб ўтган саммитдан буён ТДТ тарихий, маданий ва географик бойликларни умумий кучга айлантириш учун катта саъй-ҳаракатлар қилганини таъкидлади. Бугунги кунда ТДТ томонидан амалга оширилаётган стратегик ва истиқболли ташаббусларда бу боғлиқлик руҳи яшаётганини қўшимча қилди:
«Бу қадимий йўл савдо тармоғидан ҳам кўра кўпроқ Шарқ ва Ғарбни мураккаб ҳамкорлик тармоғида боғловчи ғоялар, ахборот ва маданият алмашинуви канали эди».
Йиғилиш Туркий давлатлар ташкилоти томонидан Анқаранинг 2026 йил «Турк дунёсининг туризм пойтахти» деб эълон қилиниши билан якунланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter