Ақчага бой Ақчакўл – Элликқалъадаги кўл сирини биласизми?
Қорақалпоғистон юртимиздаги туризм салоҳияти анча юқори бўлган ҳудудлардан ҳисобланади. Бу ерда сайёҳлар қизиқишига сабаб бўладиган юзлаб масканлар бор. Ақчакўл ҳам мана шундай ноёб жойлар сирасига киради.
Экология вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган сафар давомида сайёҳлик операторлари ва ОАВ вакиллари Ақчакўл сайёҳлик масканида амалга оширилаётган ишлар билан танишдилар.
Асли бу ерда туристик жой ташкил этиш ташаббуси Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевдан чиққан эди. Давлат раҳбари Қорақалпоғистонга қилган ташрифи давомида Элликқалъа туманидаги 6000 гектарлик Ақчакўл атрофида дам олиш масканлари, пляж ҳудудлари ташкил этишни таклиф этган эди.
Қорақалпоғистон Туризм ва маданий мерос вазирининг биринчи ўринбосари Байрам Кусекеевнинг таъкидлашича, бу ташаббусни амалга ошириш учун 2022 йилнинг ўзидаёқ 10 миллиард сўм маблағ ажратилган. Натижада тадбиркорлар томонидан меҳмонхоналар, пляж, йўлаклар, амфитеатр, спорт майдонлари ва бошқа дам олиш жойлари қурилиб, тўлиқ электрлаштирилди.
Шунингдек сайёҳлик маскани ташкил этилишида экологияга ҳам алоҳида эътибор берилиб, 3000 тоннага яқин чиқиндилар тозаланиб, олиб чиқиб ташланди. Бу ишлар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ташаббусига кўра амалга оширилди.
Ақчакўлда тадбиркорлик фаолиятини олиб бораётган «Тупроққалъа тур» МЧЖ раҳбари Ойбек Жумабоевнинг айтишича, сайёҳлик маскани ташкил этилгандан сўнг нафақат сайёҳлар, балки маҳаллий аҳолининг ҳам бу ерга қизиқиши ортиб бормоқда. Ақчакўлда нафақат дам олиш, балки спорт билан шуғулланиш имкониятлари ҳам мавжуд. Ёшлар пляж футболи, волейбол ва бошқа ўйинларни ўйнаш учун келмоқдалар, велойўлакчаларда эса велоспорт билан шуғулланиш имкони бор. Сайёҳлик фирмаси томонидан хорижлик туристлар учун халқ миллий куйлари ва ўйинлари ташкил қилиб берилмоқда. Дам олиш масканида 40 кишилик ўтовлар ва 80 ўринли хостеллар қуриб, фойдаланишга топширилган. Шунингдек айни вақтда 5 юлдузли меҳмонхона билан биргаликда 10 та вилла қурилиши ҳам давом этяпти.
Халқ орасида юрадиган ривоятларга кўра бир вақтлар Чингизхон ўлкамизни босиб олишга келганда кўл остига улкан хазинасини яширган экан. Албатта бу афсоналарда ҳақиқат борми, ёки йўқ, буни хозир ҳеч ким аниқ айта олмайди. Аммо шуни ишонч билан айтса бўладики, тадбиркорлик ишлари тўғри ташкил қилинган тақдирда Ақчакўлдан анча молиявий манфаат кўриш мумкин.
Тадбиркор бой бўлса, халқ бой бўлади. Халқ бой бўлса, давлат кучли ва қудратли бўлади. Ақчакўлда олиб борилаётган ишлар мисолида юртимизда дарҳақиқат тадбиркорлик ривожланиб бораётганига гувоҳ бўлиб қайтдик.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter