АҚШ Эронга яна зарба берди, Теҳрон Ҳўрмуз бўғозини ёпганини эълон қилди
АҚШ Қуролли кучлари 10 июн куни Эрон ҳудудидаги нишонларга қарши янги зарбалар берди. Бу ҳақда АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) маълум қилди.
Вашингтон ушбу ҳужумларни «Эроннинг давом этаётган агрессиясига жавоб» деб атади. АҚШ оммавий ахборот воситалари маълумотларига кўра, зарбалар Эрон жанубидаги бир қатор ҳарбий ва стратегик объектларга йўналтирилган.
Эрон давлат ОАВлари Минаб, Сирик ва Бандар-Аббос шаҳарлари атрофида портлашлар содир бўлганини хабар қилди.
Теҳрон эса жавоб тариқасида Форс кўрфази давлатлари ва Иорданиядаги АҚШ ҳарбий базаларига ракета ҳужумлари уюштирганини маълум қилди. Бир қатор давлатларда ҳаво ҳужумидан огоҳлантирувчи сиреналар ишга туширилган.
Шу билан бирга, Эрон ҳарбий қўмондонлиги Ҳўрмуз бўғозининг тўлиқ ёпилганини эълон қилди. Баёнотда айтилишича, бўғоз орқали ҳаракатланишга уринадиган ҳар қандай кема ҳужумга учраши мумкин.
Бироқ АҚШ Марказий қўмондонлиги бу маълумотни рад этиб, савдо кемалари Ҳўрмуз бўғози орқали ҳаракатланишда давом этаётганини билдирди.
Ҳўрмуз бўғози дунё нефт савдосининг муҳим қисми ўтадиган стратегик йўлак ҳисобланади. Шу боис унинг ёпилиши ҳақидаги хабарлар халқаро энергетика бозорларида жиддий хавотирларга сабаб бўлмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter