Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

АҚШ Украинани “тузоққа туширди” – ОАВ

АҚШ Украинани “тузоққа туширди” – ОАВ

Битимга вазирлар С.Бессент ҳамда Ю.Свириденко имзо чеккан.

 Фото: АҚШ молия вазирлиги

Вашингтон ва Киев бир неча ойга чўзилган дипломатик тортишувлардан кейин Украинанинг фойдали қазилмаларини тасарруф этишга доир шартномани имзолади.

30 апрель куни имзоланган келишув доирасида Украинани тиклаш бўйича инвестиция жамғармаси ташкил этилади.

АҚШ молия вазирлиги ҳужжат имзоланишини президент Доналд Трампнинг “эркин, суверен ва фаровон Украинани қўллаб-қувватлаш аҳдида собит”лиги ифодаси дея талқин қилган

DW нашри суҳбатлашган украиналик экспертлар битим борасида икки лагерга бўлинганини кўриш мумкин. Бир гуруҳ таҳлилчилар Трамп маъмурияти билан тил топишувни дипломатик ютуқ деб баҳолаган. Бошқа бир гуруҳ экспертлар эса “АҚШ Украинани тузоққа туширди” деган фикрда.

Қайд этиш жоизки, ҳужжат аввал-бошда режалаштирилганидек, президентлар эмас, вазирлар томонидан маъқулланган. Битимга АҚШ молия вазири Скотт Бессент ҳамда Украина бош вазири ўринбосари – иқтисодиёт вазири Юлия Свириденко имзо чеккан.

Ҳужжатга мувофиқ, Вашингтон ва Киев Украинани тиклаш ва сармоялар жалб этиш бўйича қўшма жамғарма тузади. Украина ҳудудидаги барча фойдали қазилмалар Киев ихтиёрида қолади. Жамғарма эса “50/50” тамойили асосида ишлайди, яъни бошқарувда ҳам, фойдада ҳам томонлар тенг овозга эга бўлади.

Таҳлилчи Илья Несходовский фикрича, АҚШ билан битим Украина учун муҳим аҳамият касб этади.

“Биз бойликларимиздан олган даромаднинг бир қисмини АҚШга берамиз, бунинг эвазига ҳарбий, молиявий кўмак ва Америка сармояларини оламиз. Сармоя сарфини назорат қилаётганига амин бўлган америкаликлар Украина иқтисодиётига янада кўпроқ инвестиция киритади”, – дейди Несходовский.

Украинанинг собиқ иқтисодиёт вазири, ҳозирда Киев иқтисодиёт мактаби раҳбари Тимофей Милованов ҳам битимни ижобий баҳолаган.

“Бу – Украина учун улкан сиёсий, дипломатик ғалаба. Бу Трампга ички сиёсий ғалаба руҳини беради ва бунинг ортидан Украинага муносабат янада ижобийлашади. Украина битим доирасида ўз манфаатларини ҳимоя қила олди. Ҳамкор томоннинг Украинага қўйган юҳоларча талаблари, кучли босимларга қарамай, бекор бўлди”, – дейди  Т.Милованов.

Аммо бошқа гуруҳ таҳлилчилар битимда Украина учун хавфсизлик кафолати ҳақида бирор банд йўқлигини танқид қилмоқдалар. Ҳолбуки, президент Владимир Зеленский фойдали қазилмаларни тасарруф этиш эвазига АҚШ Украинага хавфсизлик борасида кафолат бериши лозимлигини талаб қилиб келаётганди.

“Битим сиёсий характерда эканини тушуниш керак. Бу – АҚШ билан муносабатларни янгилашга уриниш йўлидаги қадам. Аммо унда хавфсизлик кафолати кўзда тутилмаган ва бу Украина учун жиддий муаммо”, – деб ҳисоблайди Жаҳон сиёсати институти директори Евгений Магда.

Унга кўра, Украина аввалроқ халқаро ҳамкорлар билан имзолаган хавфсизликка оид битимлар АҚШ билан тузилган шартномадан манфаатлироқдир.

Таъкидлаш жоизки, Оқ уй маъмурияти Украинага фойдали қазилмаларга оид битим имзолаш борасида кучли босим ўтказиб келди. Жумладан, президент Трамп АҚШ Украинага уруш бошланганидан буён 350 миллиард доллар кўмак берганини айтиб, Киев ҳукуматидан фойдали қазилмалари орқали 500 миллиард доллар компенсация қайтаришни талаб қилди.

Президент Зеленский эса АҚШ Украинага 350 миллиард доллар эмас, балки 100 миллиард доллар бергани, уни ҳам қарз эмас, грант сифатида ажратганини билдирди.

“Мен ўн авлод украиналиклар елкасида юк бўладиган битимни имзоламайман”, – дея Вашингтон таклиф этган илк ҳужжатга имзо чекишдан бош тортди Зеленский.

Аввал хабар берганимиздек, Вашингтон ва Киев ўртасида фойдали қазилмаларга доир битим имзолаши режалаштирилган Оқ уйдаги учрашув Трамп ва Зеленскийнинг мисли кўрилмаган дипломатик зиддияти билан якунланганди.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг