Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Арманистон яна Москванинг “жиғига тегди”

Арманистон яна Москванинг “жиғига тегди”

Ереван Москвани иттифоқчилик мажбуриятини бажармасликда айбламоқда.

Арманистон Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг (КХШТ) Бишкекдаги муҳим учрашувида қатнашишдан бош тортди. Таҳлилчилар Ереван бу қарори билан яна бир карра Москванинг жиғига текканини айтмоқда

Эътиборга молик жиҳати, КХШТ йиғинига бормасликни маъқул кўрган Арманистон ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян Ереванда Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас билан учрашган. ЕИ Арманистонга 270 миллион евро ажратиш ниятини билдирган.

К.Калласни қабул қилган Арманистон президенти Ваагн Хачатурян мамлакат демократия йўлига ўтган ва ЕИ билан муносабатларга алоҳида эътибор қаратишини таъкидлаган.

Арманистон учинчи йилки, Россия шамсияси остида экани айтиладиган КХШТ йиғилишларида қатнашмай келмоқда.

Маълумки, Озарбайжон 2020 йил сенятбрь ойидаги жангларда халқаро ҳуқуқ меъёрларига мувофиқ ўзига тегишли бўлган Қорабоғ ҳудудини Еревандан қайтариб олди. 2023 йили Боку Қорабоғда узил-кесил назорат ўрнатди. Расмий Ереван КХШТ ушбу урушга аралашмаганидан норози бўлиб келмоқда.

2024 йил февраль ойида Арманистон ҳукумати раҳбари Никол Пашинян КХШТни сусткашликда айблаб, мамлакатнинг мазкур тузилмадаги иштирокини “музлатиб қўйди”.

Пашинянга кўра, Россия Федерацияси мудофаа ва ҳарбий-техника соҳаларида Арманистоннинг асосий ҳамкори бўла олмайди.

Москва билан муносабатлар таранглашуви фонида Ереван Ғарб томон юз бурмоқда.

2024 йил июль ойида Арманистонда АҚШ билан ҳамкорликда ҳарбий машғулотлар ўтказилди. Таҳлилчилар Ереваннинг Вашингтон билан ҳамкорликдаги ҳарбий ўқув тадбири “Россияни хафа қилувчи қадам” бўлиши мумкинлигига эътибор қаратган.

Муносабатлар совуқлашуви ортидан Арманистон пойтахти Ереван шаҳридаги “Звартноц” халқаро аэропортида 32 йил давомида хизмат ўтаган Россия чегарачилари ҳам ўз уйига қайтарилган.

Россия эса Арманистонни ўз орбитасидан чиқариб юбормасликка зўр бериб уринмоқда. Сўнгги ҳодисаларга муносабат билдирган Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Москва ҳали-ҳамон Арманистонни КХШТ аъзоси деб билишини таъкидлаган. Песков фикрича, КХШТга аъзолик Арманистон учун манфаатли эканига шубҳа йўқ.

Дарвоқе, Арманистон Россиядан Озарбайжон сабаб хафалашиб юрган бир вақтда Боку ва Москва муносабатларида ҳам таранглик кучаймоқда

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг