Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Аслзода аёл – зийнатлар ичидаги камтар ҳаёт

Аслзода аёл – зийнатлар ичидаги камтар ҳаёт

foto: internet, ochiq manba

Княз Александр Мешерскаянинг қизи Екатерина (Китти) Мешерская шон-шуҳрат ва бойлик ичида яшаган. Унда ҳамма нарса бор эди: кўркам сарой, қимматбаҳо зеб-зийнатлар, нафис кўйлаклар, пианино.

У зодагон, аслзода қизлар учун мўлжалланган мактабда тарбия олган. Белини тўғри тутиши учун қаттиқ корсетли кўйлак кияр, нафас олиш ҳам қийин бўларди. Ҳар куни соат олтида уйғониб, муздек сув билан ювинарди. Қизлар билан бирга ибодатга борарди.

Ётоқхонада йигирмата қиз турарди, ҳар бирида темирдек қаттиқ тўшак, юпқа кўрпа ва паст болиш бўларди. Ҳар куни икки марта совуқ сувга чўмилиш керак эди. Ҳарорат – атиги ўн даража. Кийим-кечак стул устига шундай жойлаштирилиши шарт эдики, синф раҳбари барчасини кўра олсин: ҳатто пайпоқлар ҳам жойидами? Совуқдан баъзилар пайпоқ билан ухлашга уринарди – лекин бу учун улар жазоланарди: тушликсиз қолдиришарди.

Ибодатдан сўнг нонушта: чой ва сариёғ суртилган бир бўлак нон, тамом.

Овқат оз бериларди. Агар кимдир яширинча нимадир ейдиган бўлса – масалан, ота-онаси олиб келган бутербродни – жазоланарди.

Ота-оналар ҳафтасига бир марта келишарди. Қизлари билан фақат синф раҳбари ҳузурида суҳбат қилишарди. Ҳафта охирида дам олиш кунлари бўлмасди: қизлар қўшиқ айтишар, ибодат қилишар ва одоб-ахлоқни ўрганишарди. Масалан кимнидир сотиш, чақимчилик қилиш – пасткашлик, лекин ширинлик олишга рухсат берилса, уни бошқалар билан бўлишиш шарт. Белни тўғри тутиш керак, эгилиш машқ қилиниши керак. Қимматбаҳо ич кийим – беҳаёлик, асосийси – тозалик. Пулни эса муҳтожларга берган афзал.

Кейинчалик замон ўзгариб Китти Лубянка ертўласига ташланди – лекин у ерда ҳам қийинчиликларни енгиб омон қолди. Кейин уруш бошланди – у ҳаво армиясида хизмат қилди. Фронтга концертлар уюштирди, ҳарбий маршлар ёзди.  

У 91 йил яшади. На зеб-зийнат, на саройлар, на зийнатли кўйлакларсиз – аммо белини, гавдасини тўғри тутишни унутмади. Ва ҳақиқий аристократлар тарбиясини сақлаб қолди: шикоят қилмаслик, дўстни сотмаслик, кўмаклашиш, нолимаслик – ва зарур пайтда таъзим қилиш, машқ қилиш, кўнгилсизликларга енгилиш эмас, руҳан кучли бўлиш ва бошқаларга намуна кўрсатиш.

Ана шу – ҳақиқий аслзодалар тарбиясидир. Шу тарбия туфайли малика ҳаммасига дош берди, омон қолди. Уни Москва мудофааси учун медаль билан мукофотлашди. Унга яхши нафақа тўланди. Китти эса ўзи айтганидек, ўргатишганидек маблағини доим бошқалар билан бўлишди. Чунки бўлишиш инсоний бурч!

Шундай экан, болани, албатта, эркалатиш керак. Лекин тарбиялаш ҳам шарт. Олдинда ҳаёт бор. Афсуски, ҳаёт ҳар доим эркаламайди. Ва баъзан инсонни омон сақлаб қоладиган ягона нарса – бу тарбия... ва гавдани тўғри тутиб, бошни баланд кўтариб яшаш қобилияти.

А.В.Кирянова саҳифасидан  таржима қилинди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг