Банк сирини ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланиши мумкин
Жисмоний ва юридик шахсларнинг тижорат, банк, солиқ ёки суғурта сири ҳисобланган ахборотни ёки бошқа шу каби ахборотни ошкор қилганлик билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жиноий жавобгарликни белгиловчи қонун лойиҳаси эълон қилинди.
Унга кўра, кодекснинг қонунга хилоф равишда ахборот тўплаш, уни ошкор қилиш ёки ундан фойдаланишни назарда тутувчи 191-модда янги таҳрирда қабул қилинади.
Яъни, қонун лойиҳасида мазкур модда «Тижорат, банк, солиқ ёки суғурта сири ҳисобланган ахборотни ноқонуний тўплаш, ундан фойдаланиш ёки ошкор қилиш» деб номланмоқда.
Шунингдек, тижорат, банк, солиқ ёки суғурта сири ҳисобланган ахборотни ёки бошқа шу каби қонун билан қўриқланадиган ахборотни эгаси бўлган жисмоний ёки юридик шахснинг ёхуд ваколатли органнинг розилигисиз ноқонуний фойдаланиш ёки ошкор қилиш мақсадида ҳар қандай усулда олиш, тўплаш ёхуд ошкор қилиш – БҲМнинг юз бараваридан икки юз эллик бараваригача миқдорда жарима ёхуд бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар:
а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
б) шахс томонидан ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда;
в) кўп миқдорда зарар етказган ҳолда;
г) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, БҲМнинг икки юз эллик бараваридан беш юз бараваригача миқдорда жарима ёхуд бир йилдан икки йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилдан икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар:
а) жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда;
б) мансабдор шахс томонидан;
в) уюшган гуруҳ ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter