Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Байрамингиз билан, юраги чандиқларга тўла ҳамкасбим!

Байрамингиз билан, юраги чандиқларга тўла ҳамкасбим!

foto: Xabar.uz

2024 йил декабрнинг сўнги кунлари. Фарғонада метан газ қуйиш шохобчасида содир бўлган ўша даҳшатли портлаш лавҳалари ҳалиям кўз олдимдан кетмайди. Машина ичида болалари билан қолиб кетган она, атрофда икки боласи билан чўккалаганча куйиб кул бўлган аёл... Мен у ерда эмасдим, воқеани ўз кўзим билан кўрмадим. Лекин фожиа пайти яшин тезлигида тарқалган сурат ва видеоларни анчагача хаёлимдан чиқара олмадим. Ўшанда масъулиятсиз масъулларни, инсон ҳаётига бефарқ бўлганларни танқид қилиб мақола ёзгандим, уларни ўша машҳур сурат очликдан ўлаётган боланинг тепасида ўлимини кутиб турган калхатга ўхшатгандим. Ундан кейин яна ва яна шу каби воқеалар такрорланишда давом этди... мен қайта-қайта аллақачон илмий номга эга бўлган “Маънавий жароҳат” (“Moral Injury investigative journalists”) яъни журналист кўра-била туриб воқеани тўхтатолмагани ёки тизимли шафқатсизлик қаршисида ўзини ожиз ҳис қилганида юзага келадиган оғир ички инқирозни ўз бошимдан ўтказавердим.

Шу ерда журналист сифатида ўзимга савол бераман, мен-ку масофадан туриб, монитор қаршисида хавфсизгина ўтириб, фақатгина суратларни кўриб шунчалик азобландим, руҳиятим озорланди, аммо шундай даҳшатларни, ўлимни, қонни ва адолатсизликни ўз кўзи билан кўрган, жаҳаннамнинг ичида туриб кадр олган журналистлар-чи?

Уларнинг руҳияти қандай чидаган?

Мана шу савол бизни жаҳон журналистикаси тарихидаги энг машҳур ва энг фожиали фактларга етаклайди. Фоторепортёр Кевин Картер 1993 йилда Судандаги даҳшатли очликни суратга олаётганда, объективига очликдан ерга ёпишиб қолган қоқсуяк бола ва ундан бир неча қадам нарида ўлимини кутиб турган калхат тушади.
Картер кадрни йўқотмаслик учун суратни олади. Бу сурат дунёни уйғотди, Суданга миллионлаб долларлик ёрдамлар оқиб келди. Журналист 1994 йил апрелида Пулитцер мукофотини олди. Аммо жамият уни қоралашга ҳам улгурди: “Нега болага ёрдам бермадинг?”

У кўрган даҳшатлар ва жамиятнинг таънаси ижодкорни ичидан емириб бўлган эди. Мукофот олганидан атиги уч ярим ой ўтиб, 1994 йил 33 ёшли Кевин Картер ўз жонига қасд қилди. Унинг қолдирган хатида шундай сўзлар бор эди: “Мени ўлимлар, жасадлар ва оғриқлар ҳақидаги хотиралар таъқиб қиляпти..."

Ҳа, Нью-Йоркдаги Колумбия университетида ҳар йили баҳорда Пулитцер лауреатларига мукофотлар топширилади. Саҳнада ҳамма кулиб туради, аммо бу тантанали лавҳаларнинг орқа фонида нималар қолганини фақат журналистларнинг ўзлари билишади. Пулитцер шунчаки муваффақият рамзи эмас, балки журналистнинг руҳий соғлиғи, тинчлиги ва баъзан ҳаёти эвазига жамиятга “сотилган” аччиқ ҳақиқатидир. Ва бу оғриқли қисмат фақат Африкада ёки уруш майдонларида учрамайди. Инсониятнинг тизимли жиноятларини фош қилувчи ҳар бир суриштирувчи худди шу деворга боши билан урилади.

Ёки бўлмаса...

2002 йил 6 январда The Boston Globe нашрининг “Spotlight” суриштирув гуруҳи дунё тарихидаги энг оғир мақолалар туркумини эълон қилишни бошлади. Журналистлар маҳаллий католик черковида йиллар давомида болаларга нисбатан қилинган тизимли зўравонликларни ва юқори мартабали раҳбарлар бу жиноятларни қандай хаспўшлаб келганини фош этишди.
Аммо журналистларнинг ушбу мақолалар тўплами учун олган Пулитцер мукофоти махсус хизмат жосусларининг таъқиблари, телефон эшитишлари ва оиласига бўлган таҳдидлар остида яшаш — улар тўлаган бадал эди. Ҳар куни жабрланувчиларнинг кўрсатмаларини ўқиш, юзлаб архив ҳужжатларини вайрон бўлган тақдирлар орқали варақлаш журналистларни инсониятга бўлган ишончидан ҳам айирганди.

Журналист — қутқарувчи...

Гоҳида касбий бурч ва инсонийлик ўртасидаги чегара шу қадар ингичкалашиб кетадики, у ерда совуққон журналист бўлиб қолишнинг иложи бўлмайди. 1973 йилда фотожурналист Ник Ут Вьетнам уруши пайтида америкаликлар ташлаган ёндирувчи бомбадан кийимлари куйиб кетган, даҳшат ва оғриқдан чинқириб қочиб келаётган 9 ёшли яланғоч қизалоқ Ким Фукни суратга олади.

Тасаввур қилинг, кўз олдингизда болалар тириклайин ёняпти, уларнинг териси эриб кетяпти... Ник Ут кадрни муҳрлайди-ю, аммо шундан сўнг камерани ташлаб, қизалоқни машинасига солиб касалхонага боради. У шифокорларни қизалоқни даволашга мажбур қилади ва қиз тирик қолади. У қизни қутқарди, аммо ўша куйиб кетган болаларнинг чинқириғи, урушнинг куюк ҳиди ижодкорнинг руҳиятида бир умрлик даҳшатли чандиқ бўлиб қолди. У урушдан қайтса-да, лекин уруш унинг ичидан ҳеч қачон чиқмади.

Тан олиш керак, бу профессионал мажбурият баъзан ҳақиқий қийноққа айланади. Мақола мукаммал, фактлар эса бенуқсон чиқиши учун сен ўзинг асло хоҳламаган, юрагингни унутганча даҳшатли кадрларни қайта-қайта кўришга мажбурсан.

Ва ўшанда яна англайсан...

Яна ичингда ўзингга қайта-қайта ўша саволни берасан: агар мен шунчаки монитор қаршисида, хавфсиз хонада ўтириб, тайёр архив кадрларини мажбурликдан қайта-қайта кузатиш орқали мана шундай ичдан куйиш ҳиссини туйган бўлсам, яширин жиноятлар занжирининг ичига кириб, ҳақиқий суриштирув қилаётган, хавф-хатар билан юзма-юз келаётган журналистлар-чи? Уларнинг тунлари қандай ўтган экан?
Журналистнинг энг катта драмаси мақола мукаммал, фактологик жиҳатдан бенуқсон чиқиши учун ўзинг хоҳламаган, руҳиятингни чил-чил қиладиган даҳшатли кадрларни қайта-қайта кўришга, каттартириб ўрганишга, сониясигача пауза қилиб тикилишга мажбурлиги. Ўқувчига беш қаторлик факт тақдим этиш учун, журналист ўша нохуш суратларни ўз ичидан қайта-қайта ўтказади. Хориж журналистикаси ва руҳиятшунослигида суриштирувчи журналистларнинг мана шундай ичидан куйишини ифодоловчи махсус терминлар бор. Профессионал доираларда бу ҳолатни “Remote Vicarious Trauma” (Масофавий иккиламчи жароҳат) деб аташади. Бу журналист воқеа жойида ўзи жисмонан бўлмаса-да, экран ортида архивларни кавлаганда, қурбонларнинг суратлари ва видеоларини қайта-қайта томоша қилганда, руҳияти худди ўша даҳшатни ўз бошидан ўтказгандек оғир жароҳат олишидир. Худди шундай ҳолатни тавсифлайдиган яна бир термин “Journalism burnout and PTSD symptoms” — “Журналистлардаги касбий куйиш ва посттравматик стресс белгилари”.

Ичдан куйиш изтироби...

Инсонни ичидан куйдирадиган оловли кучини 2024 йили Фарғонадаги метан газ қуйиш шохобчасида содир бўлган даҳшатли портлаш ҳақида ўрганаётганимда ёки Қибрайда тўрт бола ис газида қолиб кетгани, айниқса, қизалоқлардан бири эшикни тимдалаганча жони узилганини онаси айтиб бераётганда, водийлик беш нафар талабанинг ис газидан вафот этгани ва мақола ёзиш учун беш уйдаги таъзияда иштирок этганимда ўз танамда ҳис қилганман.

Яқинда эса дунёдаги энг шафқатсиз ва қонли конвеерлардан бири бўлган, Хитойнинг анъанавий тиббиётидаги “эцзяо” ёшартирувчи малҳами учун ҳар йили 6 миллиондан ортиқ жонзотни қурбон қилаётган глобал эшак териси савдосини суриштираётиб, яна ўша “олов” ичига тушиб қолдим. Инглиз ва хитой тилларидаги махфий сайтларни, халқаро ҳисоботларни соатлаб ўргандим. Бу кадрларни ўрганиш мен учун худди ўзимни энг даҳшатли, қонли кинони томоша қилишга мажбурлагандек кечди, ҳалигача ўша мақоланинг ичида яшаяпман: кўз олдимдан тирик жонзотларни вагонларга тиқиб, кунлар давомида сувсиз ва овқатсиз чегаралардан олиб ўтишгани, уларни юкхоналардан худди жонсиз, туйғусиз бир буюмдек улоқтиришгани кетмайди. Ўша ваҳшийликдан тирик юклар тушириладиган жойларда суяклари синган хўтикчаларни, узилган думларни, қулоқларни кўрдим. Очкўзлик ва шафқатсизлик шу даражага етганки, Африка далаларида уларнинг тириклайин терисини шилиб, қонга беланган гўшт ва суякларини шунчаки кўчаларга, калхатларга ташлаб кетишган. Савдо шу қадар фойдали ва назоратсизки, бу совуқ тижорат занжирига атрофимиздаги 23 та давлат аллақачон қўшилиб бўлган...

Буларнинг ҳаммасини масофадан туриб, соатлаб ва сониясигача пауза қилиб ўрганар эканман, ичим ҳар сафар худди ўша Фарғонадаги газ портлашидагидек куйишда давом этаверди. Энг даҳшатлиси, бу оғриқ фақат экран ёки архив ҳужжатлари ичида қолиб кетмади. Ўша ўрганишларимдан кейин бу фожиани янада теранроқ ҳис қила бошладим. Кўча-кўйда, бозор атрофида устида ўзидан ўн баробар оғир юкни кўтариб турган, хивичлар яғирини яра қилиб ташлаган бўлса-да, яна қайта-қайта қамчиланаётган ўша беозор жонзотларни кўрганимда, мақола учун ўрганган ҳар бир факт, ҳар бир сурат, Кенияда эшаклари ўғирланиб, тирикчилиги кунига 30 доллардан 5 долларга тушиб қолган Моррис Нжерунинг ортда қолган болалари кўз олдимда жонланади....

***
Матбуот ва Оммавий ахборот воситалари ходимлари куни кенг нишонланаётган бир пайтда, жуда кўпчилик истеҳзо билан эслайдиган жониворни, эшакни эслаш шартмиди, дея истеҳзоли жилмайишингиз мумкин.

Ҳа, бугун мен учун шарт!

Чунки журналистика фақат чиройли табриклардан иборат эмас.
Гарчи ҳеч қачон қонли урушларда қатнашмаган, оловларнинг ичида бўлмаган, дунё тан олган Пулитцер мукофотига ҳеч қачон даъвогарлик қилмаган бўлсам-да, ичидан куйган, “Маънавий жароҳат” (“Moral Injury investigative journalists”) яъни кўра-била туриб воқеани тўхтатолмаганим, шафқатсизлик, адолатсизликлар қаршисида ўзимни ожиз ҳис қилганим учун оғир ички инқирозни қайта-қайта қалбидан ўтказаётган оддий журналистман. Байрамингиз билан табриклайман, юраги чандиқларга тўла ҳамкасбим!

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг