Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Биринчи марта давлат ишига кирганлар билан бир йиллик шартнома имзоланади – Фармон

Биринчи марта давлат ишига кирганлар билан бир йиллик шартнома имзоланади – Фармон

Жорий йил 20 июнь куни Президентнинг «Давлат фуқаролик хизматини янги ёндашувлар асосида ташкил этиш ҳамда профессионал ва натижадорликка йўналтирилган давлат хизматчилари корпусини шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, 2025-2026 йилларда давлат фуқаролик хизматини янги ёндашувлар асосида ташкил этишнинг асосий йўналишлари белгиланди.

Жумладан, 2026 йил 1 январдан бошлаб:

  • давлат хизматига биринчи марта қабул қилинган давлат хизматчилари билан меҳнат шартномаси дастлаб бир йил муддатга тузилади ва кейинчалик фаолиятининг ижобий натижаларига кўра меҳнат шартномаси номуайян муддатга узайтирилади;
  • давлат хизматига биринчи марта қабул қилинган давлат хизматчилари мажбурий “Давлат хизматига кириш” махсус курсларини ва кейинчалик ҳар уч йилда камида бир маротаба малака ошириш курсларини ўтайди ҳамда мазкур курсларнинг якунлари бўйича уларнинг назарий билим ва кўникмалари диагностикадан ўтказилади;
  • диагностикада давлат хизматчиларининг тегишли соҳа ва тармоқ бўйича билим даражаси, ҳужжатларни тузиш ва давлат тилида иш юритиш кўникмалари, таҳлилий, раҳбарлик ва коммуникативлик малакалари, компьютер саводхонлиги, қонунчиликдаги янгиликларни, Ўзбекистон тарихи ва хорижий тилларни ўзлаштирганлиги, умумий эрудицияси, психологик диагнози ва интеллектуаллик коэффициенти (IQ) каби кўрсаткичлари баҳоланади;
  • диагностика ва фаолият самарадорлиги (KPI) натижалари Ходимларнинг касбий компетенциялари ривожланишини узлуксиз онлайн мониторинг қилиш тизимида (кейинги ўринларда – Мониторинг тизими) йиғилади ва таҳлил қилинади;
  • Мониторинг тизими таҳлили натижаларига кўра, ходимнинг мавжуд билим ва кўникмаларини касбий ривожлантириш харитаси – портфолиоси яратилади;
  • касбий ривожлантириш харитаси асосида давлат хизматчиси ривожлантириши лозим бўлган “юмшоқ” ва “қаттиқ” кўникмалари бўйича мажбурий малака ошириш, шу жумладан, мустақил таълим олиш дастурини ўтайди;
  • вазирлик ва идоралар томонидан ходимларни хорижда ўқитиш, тайёрлаш, малакасини ошириш ҳамда стажировкасини ташкил этиш, шу жумладан, грантлар ёки донорлар маблағлари ҳисобига амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида давлат хизматчиларини ўқитиш, тайёрлаш, малакасини ошириш ҳамда стажировкаси билан боғлиқ тадбирлар мажбурий тартибда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан келишилгандан сўнг амалга оширилади.

Манба: uza.uz

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг