Болаларни ноодатий тарбиялаётган «дефектолог»га нисбатан жиноий иш қўзғатилди

Бир муддат олдин ижтимоий тармоқларда ўзини дефектолог-психолог деб таништирадиган Д.Ж.нинг дудуқланган болаларни сўкиниш ва қўрқитиш усулида даволашга урингани акс этган видеолавҳа тарқалган эди.
Болалар омбудсмани мазкур ҳолатга ўз муносабатини билдириб, идора бу борада 2024 йилнинг якуни ва 2025 йил январ ойида ўрганиш олиб боргани ва бу ҳақда жамоатчиликка маълумот берилганини билдирди.
Хусусан, Болалар омбудсманининг Д.Ж.нинг иш услубига илмий ва касбий баҳо бериш учун киритган сўрови асосида малакали дефектолог ва логопедлардан иборат ишчи гуруҳ ўтказган ўрганиш натижасида, педагог Д.Ж нинг иш усули мутлақо илмий асосланмаган, мураккаб дудуқланиш муаммосига тор ва ибтидоий ёндашувда эканлиги, Д.Ж нинг дудуқланишни бартараф этишда қўллаётган руҳий ва жисмоний зўравонлик усуллари болаларнинг соғлиғи ва тарбиясига жиддий зарар келтириши ҳамда педагогика қоидаларига бутунлай зидлиги тўғрисида хулоса берилган. Бунинг асосида Болалар омбудсмани томонидан прокуратура органларига ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш тўғрисида сўров киритилган ва Д.Ж га нисбатан жиноят иши юритуви олиб борилган.
Бироқ, маълум вақт ўтганидан сўнг Д.Ж. аввалгидек дудуқланиши бўлган болалар билан ўзининг илмий асосланмаган, дефектологияга дахли йўқ амалиётини давом эттиргани кузатилган.
Д.Ж.нинг бола манфаатларига зид ҳаракатлари юзасидан 2025 йилнинг 2 июнь куни Болалар омбудсмани Бош прокуратурага тегишли сўров юборди.
Натижада, 2025 йил 25 июнь куни Тошкент шаҳар, Юнусобод туман прокуратураси томонидан жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги қарор (17.04.2025 йилда чиқарилган) бекор қилиниб, иш ҳужжатлари тергов ҳаракатларини олиб бориш учун Юнусобод туман ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлимига юборилган.
2025 йил 4 июлда тергов бўлими томонидан Д.Ж.нинг бола манфаатларига зид ҳаракатлари юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter