Бўрибой аканинг васияти
Вольфганг Шрайберни эслаб...
Совет даврида ёш ижодкорлар – меъморлар, композиторлар, журналистлар, шоир ва санъаткорлар – гуруҳи таркибида Польша ва Германияга сафарга борганман. Тошкентдан поездга чиқиб, Қозоғистон орқали Россиядан ҳам ўтиб, уч кунда Белоруссиянинг Брестигача борганмиз. Кейин у ерда бир автобусга чиқдик ва унинг бизни тинимсиз «йўлга солиб» юрган ўрис ҳайдовчиси билан икки мамлакатда юрдик.
Германияда бўлганимизда ҳарбий қисмларга бориб, совет аскарларига концерт бердик ва чиқишлар қилдик. Ўрис ҳайдовчи бизга эҳтиёт бўлишни, немислар совет одамларини яхши кўрмаслигини, урушда енгилгани аламидан чиқмаганлигини, улар билан жуда яқинлашмасликни уқтирарди. Совет аскари ҳайкалини зиёрат қилдик, биздан бошқа биров бориб зиёрат қилганини кўрмадик. Наумбург шаҳридаги ҳарбий қисмда чиқиш қилдик ва зиёфат пайти қисм командири: «Шаҳар айланганда эҳтиёт бўлинглар, йўл четидан, балконлар тагидан юрманглар. Бу шаҳарда Гитлернинг ёшлик йиллари ўтган. Ўша замонга шод кампирлар, чоллар бор. Тепадан бир томчи кислота томизади, агар мияга тушса, оёққача тешиб тушади. Булар бизни, ҳарбий қисмларни ҳам босқинчи қўшин деб билади. Фақат озиқ-овқат учун ҳудуддан чиқамиз, холос», – деди. Шу гаплар таъсирида сафар қилиб келдик.
Яна бир ўша сафардан ёдда қолгани – олмонларнинг тартиблилиги эди. Бирор ерга, ҳатто бизга овқат тайин қилинган емакхонага-да, кечикиб ҳам, вақтидан олдин ҳам бормаслик керак эди. Овқатхонада таомларни олиб келиб қўйишди-ю, лекин нон қўйишмади. Мактабда ҳам, мен ўқиган иккита университетда ҳам чет тили сифатида инглиз тилини ўқиганман. Немисча билмасдим. Қарасам, ҳамма таом ташийдиган жувонга «битте-битте» деб мурожаат қиляпти. «Илтимос» ёки «марҳамат қилинг» ёхуд «ташаккур» дегани бўлса керак деб ўйладим. Кўрган киноларимдаги «ахтунг!», «цвайн-драйн»ларни эсладим. Сўнг инглизча «бутерброд» (ёғу нон) эсимга тушди. Олмончада ҳам нон шунга монанд «брот» экан. Жувонга «битте» девдим, олдимга келди. «Битте, цвайн брот...» – дегандим, югуриб бориб икки бўлак нон келтирди. Немисчани ҳам билиб олдим, деб илк бор қувонганман.
Совет тузуми қулади. Мустақил давлат бўлдик. Дунё билан юзма-юз келдик. Турли давлатларда сафарда бўлдик. Юртимизга ҳам дунёдан одамлар келди. Халқаро ташкилотлар келди. Шулар қаторида Германия билан дўстона алоқалар йўлга қўйилди.
Ва тақдир Ўзбекистон давлати ва халқига кўплаб хайрихоҳ инсонларни йўллади. Шу даврда биз, зиёлиларга ажойиб бир олмон дўст – чин офицер, моҳир сиёсатчи ва зукко ташкилотчи Вольфганг Шрайберни ҳадя қилди. У менинг немис халқи ҳақидаги тасаввурларимни батамом ислоҳ қилди.
1938 йил июлида Германияда – Тюрингияда туғилган Вольфганг Шрайбернинг болалиги ва ўсмирлиги Хитойда ҳамда Туркияда ўтган, Осиё ва Шарқ унинг қалбида бир умр қолди. Бу меҳру муҳаббат унинг ҳаётий қадамларида ва сўнгги қарорида ҳам акс этди.
Ҳарбий учувчи бўлган, НАТО қўшинларида хизмат қилган Вольфганг Шрайбер касбий фаолиятини тугатганидан сўнг, болалик орзуси бўлган Шарққа талпинди ва уни Конрад Аденауэр жамғармасининг Марказий Осиёдаги бўлинмасига раҳбар қилиб тайинлашди. Шрайбер раҳбарлигида мазкур жамғарма минтақамизда жуда кўплаб фойдали лойиҳалар – сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар, экология, маънавият, диний бағрикенглик, сўз эркинлиги сингари глобал муаммолар билан бирга олис ҳудудларни сув билан таъминлаш, муқобил энергия манбалари сингари ҳаётий эҳтиёжларни ўз ичига олган турли-туман дастурларни амалга оширди.
Мен дастлаб мазкур жамғарманинг айрим семинар ва тренингларида қатнашгандим. Айниқса, Абу Райҳон Беруний, Баҳоваддин Нақшбанд сингари аждодларимиз меросини мустақилликка боғлаб тадқиқ этилишига, миллий ўзликни тиклаш, жадидлар меросини ўрганишга (Шрайбер жадидларнинг ижоди ва фаолиятига меҳрли эди) сўз эркинлиги қарор топишига хизматлари кўнглимга жуда мақбул эди. Фонднинг ва Шрайбернинг ижтимоий-сиёсий фаолияти ҳақида ёзилган ва ёзилмоқда. Мен ўз шахсий таассуротларимни айтаман.
Вольфганг ака билан илк учрашувимиз Ўзбекистонда «Ҳуррият» мустақил газетасининг шов-шувли беш сонига бош муҳаррирлик қилганим ва цензурага исён сифатида уни тарк қилганимдан кейин бўлди. Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг минтақадаги Вольфганг Шрайбер билан ўша учрашувимни ҳануз эслайман. У газетанинг ва менинг тақдиримдан хавотирда эди. Мендан сўз эркинлигини қарор топтириш учун бу мамлакатда яна нималар қилиш лозимлигини сўради. Мен, албатта, муаммоларни қаторлаштириб кўндаланг қўйдим ва у мийиғида жилмайди: «Ўртоқ янги жадид, сал толиқибсиз, чарчабсиз. Биласизми, биз, хорижликлар бу ишларга ёрдам қиламиз деб ҳаракат қилсак ҳам, сизнинг ҳукуматингиз «мамлакатнинг ички ишларига аралашяпсизлар», – деб айблайди. Келинг, сиз биз билан Германияни бир айланиб, дам олиб келинг», – деб таклиф қилди.
Англадимки, у мамлакатда аста-секин бош кўтара бошлаган авторитаризмдан ҳайроналикда бўлиб, менинг дунё кўришимни, етакчи давлатларда ҳукумат ва матбуот қандай ишлашини ўрганишим ва яхши кунларни кутишимни истарди. «Мен кўп мамлакатларда бўлганман ва турли тузумлардаги турли халқларни кўрганман, – деди у. – Ҳамма ерда бир нарса бор – бир фоиз одам мудом алдам-қалдам ва ёлғон билан яшайди, бир фоиз одам ҳар қандай тузумда ҳам фақат рост гапиради, тўқсон саккиз фоиз одам ҳукуматнинг феълига қараб туради, имкон беришсагина рост гапиради. Мана, ошкоралик ва қайта қуриш даврида, мустақилликнинг дастлабки йилларида қанча гаплар айтилди. Лекин яна сўз эркинлигига босим бошланганда, ҳамма жимиб қолди. Сиз эса ўша рост гапирувчи жадидлардансиз. Менинг вазифам ўша ҳар қандай ҳолда ҳам рост гапирадиган бир фоизни асраб қолишда ёрдам беришда, деб биламан».
Биз Германияга йўл олдик. Сафимизда Инсон ҳуқуқлари бўйича парламент вакили – Омбудсман Сайёра Рашидова, Ўзбекистон Конституциявий суди раиси Баҳодир Эшонов, Ташқи ишлар вазирлиги «Жаҳон» ахборот агентлиги раҳбари Аброр Ғуломов, суд ва прокуратуранинг баъзи минтақавий раҳбарлари бор эди. Ҳаммаси казо-казо, мен эса ўша пайти газетадан кетиб, ишсиз юрган одам эдим.
Мазкур сафар менинг дунёқарашимга катта таъсир кўрсатган. Бу мен совет даврида борган мамлакат эмас, бирлашган Германия эди. Кўплаб нарсалардан ҳайратланганман. Айримларини санаб ўтаман. Икккинчи жаҳон урушини бошлаган, бутун дунёга ва немис халқининг ўзига қаҳшатқич зулм ва азоб келтирган фашистик тузумдан хулоса чиқарган Конрад Аденауэр бу зулмнинг манбаи ҳокимиятнинг бир қўлда тўпланиши, авторитаризм эканини яққол тасаввур қилди ва юқоридаги кучларни тақсимлаш ва марказдан четлатишга қарор қилди. Яни ҳокимиятнинг турли тармоқлари нафақат сиёсий ва қонуний бир-биридан мустақил бўлди, балким жуғрофий жиҳатдан ҳам ажратилди. Ҳукумат раҳбари Боннда бўлса, Олий Суд мамлакатнинг бир четига, Прокуратура бошқа чеккасига, Хавфсизлик ва разведка идораси Кёльнга, Ишчи ишлар вазирлиги шимолий ерларга жўнатилди. Буни ўзбекона айтсак, Олий суд – Сурхондарёда, парламент – Самарқандда, прокуратура Фарғонада, ички ишлар вазирлиги Хоразмда жойлашган бўларди. Мен 20 йилдан бери ишлаётган Олий суд раисидан сўрадим: «Сизга Бонндан ҳукумат раҳбари кимнидир қамашни ёки озод қилишни буюриши мумкинми?». У шундай жавоб берди: «Йигирма йилдан бери буюриш у ёқда турсин, Бонндан бир марта телефон қўнғироғи ҳам бўлмаган». Албатта, бир одамнинг қўлида суд ҳам, полиция ҳам, оммавий ахборот воситалари ҳам тўпланиши авторитар, фашистик тузумни олиб келади эл бошига...
Мен Германияда матбуотнинг қудратини ҳам кўрдим. Бундай эсдаликларим кўп ва, албатта, Вольфганг Шрайбернинг миссияси ўзбек ва немис халқини дўст қилиш бўлса, у мени немисларга дўст қилган. У эркин матбуот нима экани ва қандай ишлашини менга ўргатишни ният қилган бўлса, менга ўргата олди.
Вольфганг Шрайберда бу юртда ишлаган даврида, одамларни, тарихни, маънавиятни ўрганиш мобайнида Ўзбекистонни ва ўзбек халқини астойдил севиб қолди, унинг ташвишидан қўшилиб куйинадиган, унинг қувончига қўшилиб шодланадиган бўлди. Бу намойишкорона муҳаббат эмасди, чин дилдан келадиган ва ҳаракатлар билан қувватланган муҳаббат эди.
Бу муҳаббатнинг биринчи исботи – у хизмат ваколати тугаганидан сўнг ҳам Ўзбекистонда яшаб қолди, нафақахўр пайтида ҳам тоғли қишлоқларда муқобил энергия манбалари, қишлоқ хўжалиги ислоҳоти, санъат бўйича халқаро лойиҳаларнинг ташаббускори ва ижрочиси бўлди. «Дўстлик» ордени билан тақдирланди.
Хумсонда ер олиб, уй тиклади ва ҳар йили тоғдаги ярим йилини қишлоқ одамлари ичида яшади, куз ва қишда Тошкентда истиқомат қилди.
Шрайбер Алишер Навоийни, Беруний ва Нақшбандни яхши билар ва яхши кўрарди. У ўз атрофига ҳамфикр, ҳаммаслак ҳамда ҳурфикрли инсонларни тўплади ва бу даврани «Чиғатой гурунги» деб атади. Ҳар ойда бир марта дўстларни Тошкентдаги уйида ёки Хумсондаги дала уйида жамлар, мамлакат тақдири, демократия, диний толерантлик, санъат сингари мавзуларда суҳбат ташкиллаштирарди. Бу давраларнинг асосий ташкилотчилик ишлари унинг зиммасида бўлди. Бу йигирма йил давомида деярли ҳар ой мунтазам йиғилиб, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий маънавий муаммоларни муҳокама, мунозара қилган даврада «Ташкентская правда» газетасининг машҳур муҳаррири ва ажойиб журналист Аъло Хўжаев, Журналистларни қайта тайёрлаш халқаро Маркази раҳбари Гулнора Бобожонова, «Ижтимоий фикр» марказининг раҳбарларидан бири, социолог Марат Ҳожимуҳамедов, сиёсатшунослик фанлари доктори, паловни қойиллатиб дамлайдиган Муқимжон ака Қирғизбоев, буюк рассом, Бадиий академия Президенти Акмал Нур, Ўзбекистон Консерваториясининг профессори, дирижёр Владимир Неймер, Ўзбек-немис дўстлик жамиятининг раҳбари Галина Асташова, давлат арбоби Хотам Абдураимов, журналист, «Анҳор.уз» сайти раҳбари Лола Исломова, Миллий университет журналистика факультети доцентлари, филология фанлари доктори Ёқутхон Маматова, филология фанлари номзоди Наргис Қосимова сингари қатор зиёлилар бор. Ҳаммамизни бирлаштирган инсон Вольфганг Шрайбер эди.
Шрайбер Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг Германиядаги илк ташрифида канцлер Гелмут Колл билан учрашганда иштирок этган ва мамлакатни демократлаштиришга ёрдам қилиш даъватига ишониб Марказий Осиёга келганди. Янги давлатнинг ҳар бир ижобий қадамидан қувонарди ва ҳар бир салбий ҳаракатдан қаттиқ ўксинарди. Унинг содда ва самимийлигидан ҳайратланардим. Бирор-бир одам ҳақсўзлигидан қамалса ёки бирор амалдорнинг мансабни пора билан эгаллаганини билиб қолса, ҳайратланишдан тўхтамасди: «Как же та», ахир Ислом ака Ўзбекистонни демократик ҳуқуқий давлат қилишга қарор қилганди-ку?!» – дерди. Ислом Каримов ақлли, аммо доғули ва маккор шарқона ҳукмдор эканини, бир нарсани гапириб, иккинчи нарсани ўйлаб, учинчи ишни қиладиган кўпюзли шахслигини қабул қилолмасди. Тузум аста-секин авторитаризм ва коррупция ботқоғига ботаётганидан ҳар гал «Как же так, Карим?!» деб ҳайратланарди ва тузумни инсонийлаштириш ҳаракатларидан тўхтамасди.
Худога шукур, у умрининг охирида янги ислоҳотлар бошланаётганини кўрди.
Вольфганг Шрайбер дастлабки китобидаёқ ўзининг исми-шарифини немисчасига ҳамоҳанг қилиб, Валижон Шарипов деб қўйганди. Немисчада ва инглизчада «Вольф» дегани «бўри» демакдир. Уни ҳамма Бўрибой ака дерди. Ҳатто Хумсондаги уйи дарвозасида мовий тахтачага зарҳал ҳарфлар билан «VILLA BURIBOY» деб ёзиб қўйганди.
Немис Бўрибой ака мамлакатда вақтинчалик келган сайёҳдай яшамади, маҳалланинг оддий аъзоси каби киришиб кетди. Шрайбер Тошкентдаги Ўрдадаги маҳалласида маҳалла фаолиятида фаол иштирок этди ва, ҳатто бир муддат маҳалла раисига ўринбосар бўлиб ишлади. Биринчи қилган иши уйининг орқасидаги қаровсиз, ўтган-қайтган ерни ҳокимиятдан сўраб, обод қилди, ўт ва гуллар эктирди, Хитой меъморчилиги услубида санъаткорона айвонча тиклади. Унда Конфуций ҳикматларининг иероглифлари битилган безакларни осиб қўйди ҳамда боғга бир боғбон тайинлаб, маошидан ҳақ тўлаб турди.
Бўрибой ака турадиган беш қаватли уйининг ўзи турадиган йўлагининг беш қаватини ўз ҳисобидан таъмирлатиб, деворларига санъат асарларини остирди, эшикларга энг замонавий электрон қулф ўрнаттирди (ахир, санъат асарларини ҳам, маҳалла хавфсизлигини ҳам ўйларди). Ўзи турадиган кўпқаватли уйлар қаршисидаги ёмғирда занглаган темир гаражларни йўқоттирмади, аксинча, рассомларни олиб келиб, стрит-арт услубида расмлар солдирди, қаршисидаги болалар майдончасини обод қилди, барчага ўрнак бўлди. Маҳалланинг катта-кичик муаммолари бўлса, маҳалла аҳли обрўли одам сифатида унга келишар ва у юртбошидан олган «Дўстлик» орденини тақиб, юқори идораларга борарди. Бир маҳалладош шунчалик бўлади-да!
Шрайбернинг санъатга, хусусан, ўзбек санъатига муҳаббатини унинг хонадонидан кўриш мумкин эди. Алишер Навоий номидаги театрининг деворларидаги ганч наққошлиги намуналарини кўриб, бу санъат турининг бугун йўқолиб боришидан ўксинди ва ўз уй деворларига ганч ўймакорлиги усталарини ишлатди, бу уйнинг эшик ва деразалари кесакилари, санъат асарларининг багетларида ёғоч ўймакорлиги намуналарини кўриш мумкин. Уй жиҳозларининг ҳар бири – энг мўъжаз ўтирғичларигача – санъат асари эди, яъники у бир хилликни ёқтирмасди, ҳар бир нарсанинг ноёблигини таъкидларди. Эҳтимол, Акмал Нур асарларининг энг ноёб коллекцияларидан бири унга тегишли эди. Уй деворларини Акмал Нур сингари кўплаб мусаввирларнинг ишлари безаб турарди.
Бўрибой ака ўзбек санъатини Европа, хусусан, Германияда тарғиб қилиш, Европа мусиқаси ва санъатини Ўзбекистонга ёйишга ҳаракат қиларди. Болалар мусиқа оркестри ва унинг митти дирижёрларининг Европага сафарини ташкил қилган, Тошкент консерваториясида ва шаҳримиздаги католик черковида Шопен, Бетховен, Бах ва бошқа композиторлар асарлари концертларига бизни таклиф қиларди.
Вольфганг Шрайбер католик эди ва католик черковининг роҳиблари билан динини қувватлаш учун беғараз мадад берарди. Уйининг айвонида ота-боболари динининг рамзларидан бурчак ташкил этган ва, эҳтимол, ёлғизлигида шу бурчакда ибодатини қиларди. Шу билан бирга ислом алломаларининг меросини ўрганиш ва тарғиб қилишда катта ишлар қилди. Диний бағрикенгликка оид ўнлаб анжуманлар, Баҳоваддин Нақшбанд меросига оид конференция ўтказди, олмон жамғармалари Имом Мотуридийнинг асарлари ва унинг ботил мазҳабларга доир классификацияни тадқиқ этган китобларни чоп этди. Албатта, дунё глобаллашган замонда мўътадил исломнинг қарор топишидан, мутаассиблик ва террорчиликнинг барҳам этилишидан бутун дунё манфаатдордир. Шрайбернинг жаҳолатга қарши маърифат билан курашдаги хизматларининг аҳамиятини, у беҳуда хавотирга тушмаганини бугунги Европага ҳам кўчган террорчилик ҳаракатлари кўрсатмоқда.
Шрайбер дин душманчиликка эмас, дўстликка хизмат қилиши керак дерди. Бир куни менга қувониб: «Бугун йўлдан қайтаётсам, икки дугона кетиб бормоқда – бири рўмолга ўранган, муслима қиз ва унинг дугонаси ўрис қиз (талабалар бўлса керак) – шу қадар чақчақлашиб, бир-бирлари билан шивирлашиб кетиб бораётганди. Фотоаппаратим бўлганда суратга олардим. Бу бағрикенгликнинг намунаси!» – деганди.
Шрайбернинг кўпқаватли уйи йўлагига осилган суратлардан бирини ўғри уриб кетади. Бундан хабар топган милиция узоқ излаб тополмайди ва милиция майори келиб унга «Оятал курси» битилган мусулмонча суратни совға қилади. У католик бўлса ҳам, бу суратни уйининг тўрига илиб қўйганди.
Шрайбер ҳар рамазонда мусулмонларга ифтор қилиб берарди.
Бир куни у, «Бизнинг Германияда қабристонга йигирма йил пул тўлаб турилади. Йигирма йилдан сўнг, қанча пул берсанг ҳам, янги бегона ўлик кўмишади», – деб қолди. Ота-онасининг қабр тошини ва бир ҳовуч тупроғини Тошкентга келтирди ва ўзи яратган боққа ўрнатиб, тавоб қилиб турди. Фарзандлари чорласа ҳам, Тошкентда яшаб қолди ва ўзини шу ерга дафн қилишларини сўради. 2019 йили саксон ёшида ҳаётдан кўз юмди ва Боткин қабристонида дафн этилди.
Шрайбер бизга ясама бўлмаган ва ҳар бир қадам билан ўлчанадиган юртга фидойилик туйғусини васият қилди. Шрайбер бизга давлатни демократиклаштириш ва одил фуқаролик жамияти қуриш орзусини васият қилди. Шрайбердан бизга «Чиғатой гурунги»ни ва дўстликка садоқатни мерос қилиб қолдирди. Шрайбердан диний бағрикенглик ва мутаассибликдан йироқ бўлган биродарлик мерос қолди. Шрайбер бизга маънавий меросга ҳурмат, санъат ва санъаткорга эҳтиром мерос қолди. Шрайбер бизга бугунги ислоҳотлар учун зарур ҳалоллик ва инсонийликни васият қилди. Шрайбер бизга сўз эркинлигига садоқатни васият қилди.
Биз бу мерос ва васиятни қанчалик истиқболга томон олиб боришимизни вақт кўрсатади.
Карим Баҳриевнинг «Бетоқат» китобидан.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter