Бўш қутилар фош қилган жиноят (фото)
100 минг қути сигарет маршрути: Бирлашган Араб Амирликлари — Тошкент аэропорти — Булунғурдаги хонадон — чиқиндихона.
Атрофга чилим ашёсининг сезилар-сезилмас, қайсидир меванинг таъмини эслатувчи ҳиди ёйилди. Самарқанддаги марказий чиқиндихона ҳудудида юк машинасидан картон қутилар пастга ташланаётгандаги ҳолат эди бу.
Оёқ остида «Milano» тамаки маҳсулотлари қатори «Serbetli 50gr» ва «Serbetli 1000 gr» чилимбоп тамаки маҳсулотлари ҳам очилиб-сочилиб кетди.
Бирлашган Араб Амирликларидан авайлаб Булунғургача келтирилган маҳсулот энди кераксиз, йўқ қилинишга маҳкум эди. Махсус қазилган улкан ҳандақ оз эмас, кўп эмас, ана шу 1 миллиард 700 миллион сўмлик маҳсулот билан тўлдирилди. Сўнг, экскваторнинг улкан чўмичлари контрафакт маҳсулотни чунонам янчди. Кейин чуқурликка сув қуйилди, яроқсиз ҳолатдаги товар бўктирилди. Бироз вақтдан кейин, устига тупроқ тортилди...
Жиноятнинг миси Жартепа божхонасида чиққан. Бу 2022 йил ноябрдаги гап. Ўртада терговгача суриштирув ҳаракатлари бўлган, кейин тергов жараёни, жиноят ишлари бўйича суд мажлислари. Жиноят ишлари бўйича Булунғур туман суди ҳукмида қарийб 100 минг қути (10 минг блок) тамаки маҳсулотлари ҳамда 14 448 қути чилим учун тамаки маҳсулотлари мусодара қилиниши айтилган.
15 ноябрда тамаки маҳсулотларининг йўқ қилиниши суд ҳукмининг ижросидир. Айнан шу суд ҳукмида жиноий шериклар 4 нафар шахсга озодликдан маҳрум этишгача жазо чоралари ҳам белгиланган. Суд жараёнида ака-ука Аҳадовлар тимсоли алоҳида ўрин тутган. Судланувчилардан бири қўшни давлат фуқароси. Жиноят кодексининг 182 ва 186-моддалари билан айбланган йигитлар бугунда жазони ўтамоқдалар.
Жартепа чегара-ўтиш постидаги божхона ходимларининг ҳушёрлиги таҳсинга лойиқ. Тошкент халқаро аэропортида, гўё Ўзбекистондан транзит йўл сифатида фойдаланиб қўшни мамлакатга ўтказилади деб қайд эттирилган катта миқдордаги товар, энди Жартепа чегара ўтиш постидан Тожикистонга ўтказилаётгандек бўлиб, ISUZU русумли юк машинаси ҳолати шубҳага олинганда, юк хонасидаги қутилар бўм-бўш экани фош бўлган. Тезкорлик билан бошланган ҳаракат туфайли «йўқолган» товар Булунғурдаги хонадонда тушириб қолдирилгани маълум бўлган.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси суруштурув ва маъмурий амалиёт шуъбаси бошлиғи Миркомил Нурматовнинг маълум қилишича, воқеалар ортидан бўш қутилар билан чегара постидан ўтмоқчи бўлган ISUZU юк машинаси ҳам суд ҳукми асосида давлат эгалигига ўтказилган.
Мутахассислар йўқ қилинган маҳсулотлар ноқонуний тарзда Ўзбекистонга киритилгани ва айлангани баробарида контрафакт маҳсулот эканини ҳам таъкидлайдилар. Яъни, соддароқ тил билан айтганда, бу маҳсулотлар ишлаб чиқарилган жойида ҳам сохта бўлган, асл мол эмас.
«10 қути сигарет (бир блок) қадоғидаги штрих код ва қадоқ очилганда қутиларнинг ўзидаги штрих кодлардаги рақамлар турлича экани маҳсулотнинг контрафакт эканидан далолатдир», деди Миркомил Нурматов.
Тадбир сўнгида ўтказилган брифингда Божхона қўмитаси раиси ўринбосари Отабек Чориев, йилнинг ўтган даврида, 229 та ҳуқуқбузарлик ҳолатларида қиймати салкам 76,2 миллиард сўмлик 4 871 951 қути (2022 йилнинг шу даврида 1 527 194) тамаки маҳсулотлар ушлаб қолинганини маълум қилди.
Расмий маълумотларга кўра, 2023 йил 14 ноябрь ҳолатига кўра, Самарқанд вилояти божхона бошқармаси турли ҳуқуқ тартибот идоралари билан ҳамкорликда ноқонуний тамаки маҳсулотлари ҳаракати билан боғлиқ 16 та ҳолатни аниқлаган. Бунда 2 миллиард 135 миллион сўмлик 148 819 қути (2022 йил шу даврида 4 448 қути) тамаки маҳсулотлари ушлаб қолинган.
Катта миқдордаги тамаки маҳсулотларни йўқ қилиш тадбирида вилоят божхона бошқармаси ходимлари, вилоят экология ва атрофни муҳофаза қилиш бошқармаси, санитария эпидемологик ва жамоат саломатлиги бошқармаси, Мажбурий ижро бўлимлари ходимлари, журналист ва блогерлар, марказий чиқиндихона ходимлари иштирок этдилар.
М.Тангриёрова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter