Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бойсундаги «М-25» кони бўйича расмий маълумот берилди

Бойсундаги «М-25» кони бўйича расмий маълумот берилди

Бугун, 5 май куни соат тонгги 6:10 да Сурхондарё вилояти Бойсун туманида жойлашган «Мустақиллик-25» конидаги 202-қудуқда таркибида водород сулфиди юқори бўлган газнинг катта босим билан отилиши ва натижада фонтанланиш ҳолатининг қайталаниши кузатилди.

Энергетика вазирлиги берган маълумотга кўра, таркибида водород сулфиди юқори бўлган газнинг тарқалишини олдини олиш мақсадида газ оқими назорат остида ёқиб юборилган.

«Айни пайтда барча зарур тадбирлар хавфсизлик чораларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда амалга оширилмоқда. Ҳодиса содир бўлган ҳудуд тегишли хизматлар томонидан ўраб қўйилган ва ҳозирги вақтда ушбу ҳудуд ФВВ, «Саноатконтехназорат» давлат инспекцияси ҳамда Очиқ нефт ва газ фаввораларининг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича Ўзбекистон ҳарбийлаштирилган қисми мутахассислари томонидан доимий назорат қилинмоқда», – дейилади вазирлик муносабатида.

Шунингдек, ҳодиса яқин атрофдаги аҳоли пунктлари учун хавф туғдирмаслиги айтилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 27 март куни мазкур қудуқда таркибида водород сулфиди юқори бўлган газнинг чиқиши қайд этилганди. Экологик хавфсизликни таъминлаш мақсадида қудуқ назорат остида ёқиб қўйилган. 22 апрель куни қудуқ ўқининг ғовланиб тушгани ва колонна чиқиб кетиши натижасида фонтанланиш тўхтаган, ҳодиса жойида газнинг суст оқими (грифон) кузатилган эди.

Айни пайтда аварияни бартараф этиш мақсадида ҳодиса жойида хориждан жалб этилган мутахассислар ҳам фаолият олиб бормоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг