Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Британиялик дипломат Исроилни қуроллантираётганлар юзига маънавий тарсаки туширди

Британиялик дипломат Исроилни қуроллантираётганлар юзига маънавий тарсаки туширди

Буюк Британия ташқи ишлар вазирлиги ходими Марк Смит қироллик Исроилга қурол-аслаҳа етказиб бераётганига норозилик билдирган ҳолда ўз ихтиёри билан лавозимини тарк этди. Таҳлилчилар унинг бу ҳаракатини Ғазодаги қирғинни дастаклаётган сиёсатдонлар юзига туширилган маънавий тарсаки деб атамоқда.

BBC’нинг ёзишича, аввалроқ Яқин Шарққа қурол сотишга масъул бўлган, сўнгги вақтларда эса ТИВ тизимида терроризмга қарши кураш йўналишида фаолият юритган Марк Смит Исроилнинг Ғазодаги халқаро ҳуқуққа зид ҳаракатлари юзасидан вазирликнинг турли даражадаги раҳбарларига ўз хавотирини билдирган. Тайинли жавоб олмагач, ишдан кетишни маъқул кўрган. У Буюк Британия ҳам Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий жиноятларига шерик эканини айтган.

Дипломатга кўра, у Яқин Шарққа қурол сотиш бўйича масъул лавозимда ишлаган кезлари Исроил томонидан Ғазо секторида ҳарбий жиноятлар содир этилаётгани ва халқаро ҳуқуқ меъёрлари бузилаётганига кўп бора гувоҳ бўлган.

“Исроил ҳукуматининг юқори мартабали аъзолари ва ҳарбийлар геноцид истагини очиқ билдиради. Исроил аскарлари тинч аҳоли вакилларига тегишли мулкларни ёқиб юбораётгани, вайрон қилаётгани ва талон-торож этаётганини бемалол видеосъёмка қилади”, – деб ёзган Марк Смит истеъфо мактубида.

Дипломат таъкидича, Ғазодаги қирғинга қарамай, Буюк Британия Исроилга қурол-аслаҳа етказишни давом эттираётганини бирор асос билан оқлаб бўлмайди.

“(Ғазо секторида) бутун бошли кўчалар, университетлар бузиб ташланди. Инсонпарварлик ёрдами киришига йўл қўйилмаяпти. Тинч аҳоли вакиллари жон сақлашга жой тополмаётир. Халқаро Қизил яримой жамияти тез ёрдам машиналари, мактаб ва шифохоналар муттасил ўққа тутилмоқда. Буларнинг бари ҳарбий жиноятлардир”, – дейди М.Смит.

Исроил армияси ҲАМАС ҳаракати ҳужумига жавобан Ғазо секторига бостириб кирган 2023 йил 7 октябрдан буён 40139 нафар фаластинлик ҳалок бўлди. Тинч аҳоли вакиллари орасида қурбонлар мисли кўрилмаган даражага етган вақтда инглиз сиёсий доиралари ва жамоатчилик орасида хунрезликка чек қўйиш, Исроилга қурол сотишни бас қилиш талаби баландроқ овозда янграмоқда. Хусусан, Human Rights Watch, Amnesty International, Campaign Against Arms Trade ва War on Want каби дунёнинг етакчи инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Лондондан Исроилга қурол сотишни тўхтатишни талаб қилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, Исроил ҳарбийлари Ғазодаги тиббий муассасалар, тураржойлар, мактаблар, қочқинлар бошпаналари, сув ва электр таъминоти тизимига ноқонуний ҳамлалар уюштирди. Бомбардимонларда минглаб тинч аҳоли вакиллари ўлдирилди, 1,9 миллиондан зиёд фаластинлик бошпанасини ташлаб чиқишга мажбур бўлди.

Исроилнинг энг яқин иттифоқчиси саналган АҚШ расмийлари орасида ҳам Оқ уйнинг Тель-Авивни сўзсиз ва шартларсиз қўллаб-қувватлаш сиёсатига қаршилар сафи кенгайиб бормоқда.

Аввалроқ Давлат департаментининг ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича бюроси директори Жош Пол Вашингтоннинг Исроилга ҳарбий кўмакни ошириш ҳақидаги қарорига норозилик ифодаси сифатида ўз ихтиёри билан истеъфога чиққан эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг