Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бу китобни ўқиганлар Японияга боришдан чўчишмоқда

Бу китобни ўқиганлар Японияга боришдан чўчишмоқда

«Мен кўрган келажак» китоби саҳифаси

Кучли зилзила ҳақидаги башоратлар туфайли Японияга сайёҳлар оқими камайди. Бу ҳақда CNN туриндустрия экспертларига асосланиб хабар берди.

Япониялик рассом ва ёзувчи аёл Рё Тацукининг «Мен кўрган келажак» манга-китобидаги башорат ҳамда экстрасенсларнинг шарҳлари оқибатида зилзила ҳақидаги миш-мишлар кучайди.

Маълум бўлишича, «Мен кўрган келажак» китоби туристларни саросимага солмоқда. Асарда келажакдаги табиий офатлар, жумладан, 2025 йил июлидаги кучли зилзила башорат қилинган. 2011 йилдаги воқеа мос тушганидан сўнг китобга қизиқиш анча ошган. Ўша йили Япония шимоли-шарқида 9,0 магнитудали зилзила юз бериб, кучли цунами юзага келган, кейинроқ «Фукусима-1» атом электр станцияси ҳалокати содир бўлганди.

Шу миш-мишлар таъсирида Япониядаги туризм манзилларини бронлаш, айниқса, Хитой, Гонконг, Таиланд ва Вьетнамдан келувчилар орасида кескин пасайди.

Гарчи сейсмологлар зилзилаларнинг аниқ санасини олдиндан айтиш иложсизлигини тинмай таъкидлаб келишса-да, ижтимоий тармоқлардаги ваҳимали хабарлар сайёҳларга таъсирини ўтказишда давом этяпти, дейишмоқда экспертлар.

Рё Тацуки ҳақида

Рё Тацуки

Рё Тацуки 1954 йил 2 декабрда Япониянинг Канагава префектурасида туғилган, ҳозир Йокогамада яшайди. Кўплаб тенгқурлари каби болалигида расм чизиш ва қўшиқ айтишга қизиққан. Бир қарашда ажралиб турадиган жиҳати йўқ эди. Аммо тўққиз ёшида ғалати туш кўрганидан кейин ҳаммаси ўзгариб кетди: унинг олдига худди эртаклардаги каби истарали, донишманд ва соч-соқоли оппоқ бобой келди. У қандайдир муҳим нарсаларни айтди, аммо Рё ўша пайтда ҳеч нарсани тушуна олмаган.

1970-йиллар ўрталарида Рё рассомлик фаолиятини бошлаб, мангалар билан шуғулланишга киришди. Иши тинч, ҳаммаси рисоладагидек кетаётган эди. 1976 йил 24 ноябрида ғалати туш кўрди: Queen гуруҳи яккахони Фредди Меркюри кутилмаганда вафот этганмиш. Рё тушини шунчаки кундалигига тасвирлаб қўйди, унча аҳамият бермади. Орадан роппа-роса 15 йил ўтиб, 1991 йил 24 ноябр куни Фредди Меркюри оламдан ўтади. Нафақат қўшиқчининг ўлим санаси, балки янгиликлардаги сўзлар ҳам унинг тушидаги каби эди!

Рё Тацуки ҳар 5, 10 ва 15 йилда тушлари ўнгидан келаётганини пайқаб қолади. Масалан, 1992 йилнинг 31 августидаги тушида ўзини Европадаги сарой йўлагида кўради, йўлининг охирида гўдак кўтарган аёл портретига кўзи тушади, унда  «Диана» ёзуви акс этганди. Орадан беш йил ўтиб, 1997 йил 31 августида малика Диана вафот этди.

«Мен кўрган келажак» китоби саҳифаси

Ҳатто баъзи тушлари санасигача аниқ чиқади. 1995 йилнинг 2 январида тушига болалилигидаги ўша отахон кириб, унга ёрилган ерни кўрсатади. Рё уйғониши билан 15 кун ёки 15 йилдан сўнг Кобе шаҳри жабр кўриши мумкинлигини ёзиб қўяди. Орадан 15 кун ўтиб, 1995 йил 17 январ куни Кобе даҳшатли зилзила ўчоғида қолди.

Рё Тацуки тушига кирган башоратларни мангаларда тасвирлайди. Унинг 15 та тушидан 13 таси ўнгидан келган!

1999 йилда Ҳиндистонга саёҳат қилган Рёнинг тушига сокин денгиз кирди. Аммо қўққисдан денгиз худди қайнагандек кўпириб кетди. У аввалига буни сув ости вулқонидир деб ўйлайди, аммо тафсилотлар озлиги боис эътиборсиз қолдирди.

Kurosuke / iStockphoto

2021 йилнинг 5 июлида яна шу туш такрорланди, фақат буниси анча ваҳимали эди. Денгиз ҳамон қайнаб кўпирар, аммо унда энди икки аждаҳо пайдо бўлганди. Кейин сув шиддат билан баландлаб, Японияга улкан цунами ёпирилиб, мамлакатнинг учдан бир қисмини қоплади. Сўнгра сув остидан янги қуруқлик кўтарилиб, Японияни Тайван, Гонконг ва Филиппин билан бирлаштириб юборди...

Рё мангада буларни батафсил тасвирлаган. Тушда кўрсатилган сана 2025 йилнинг 5 июлига ишора бўлиши мумкин.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг