Bureau Veritas Tashkent савдо тармоқларидан бирига ISO халқаро сертификатларини топширди
14 март, душанба куни Тошкентда етакчи савдо тармоқларидан бири – «Корзинка»га Bureau Veritas сертификатлаш органи томонидан бешта ISO халқаро сертификатларини топшириш маросими бўлиб ўтди.
Bureau Veritas Tashkent сертификатлаштириш органи раҳбари М. Расулова сертификатларни компания раҳбарига расман топширди.
Йирик чакана савдо тармоғи ҳисобланган «Корзинка» раҳбари ISO 9001, ISO 22000, ISO 45001, ISO 14001 ва ISO 50001 халқаро стандартлари талабларига мувофиқлиги тўғрисидаги сертификатларни қабул қилиб олган.
Қайд этилишича, ISO халқаро стандартларини татбиқ этиш бир қатор тадбирларни босқичма-босқич ўтказишни ўз ичига олди: ходимларга ISO халқаро стандартларининг асосий талабларини ўргатиш, мувофиқлаштирувчи ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш, ички ҳужжатлар талабларини ходимларга ўргатиш, ички аудит ўтказиш ва сертификатлаш аудитига тайёргарлик.
ISO халқаро сертификатлари уч йил муддатга берилади, бу даврда ҳар йил оралиғида ISO халқаро стандартлари талабларига мослик бўйича IMT инспекцион аудитлари ўтказиб турилади.
«ISO сертификатлари маҳсулот ва хизматлар сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, ходимлар хавфсизлигини ошириш, иш жойида хатарларни камайтириш ҳамда энг яхши, хавфсиз меҳнат шароитлари яратишга масъулият билан ёндашувчи ташкилотларга тақдим этилади. Бозорнинг доимо ўзгариб турадиган, бизнеснинг ҳар бир соҳасига тегишли талабларига жавоб бериш, чакана савдо соҳасида инновацияларни қўллаш — бутун бир фаолиятимизни ҳаракатлантирувчи кучдир. ISO халқаро стандартлари бўйича сертификатлаш энди биз томонимиздан белгиланган стандартлар мунтазам яхшиланиши учун платформани таъминлайди», – дейди сифат назорати департаменти директори Алишер Тўраев.
Ўз навбатида, «Корзинка» раҳбари Зафар Ҳошимов стандартлар, аввало, компания учун сара амалиётларда қўлланган янги билимлар манбаи ҳисобланишини таъкидлайди. Шунингдек, бешта ISO сертификатларининг мавжудлиги жамият ва атроф-муҳит олдидаги сифат, хавфсизлик ва масъулият бўйича юқори стандартларни таъминлашда компаниянинг илғор ёндашувини эътироф этишини билдирди.
«Бу, шунингдек, компаниямизнинг ижтимоий масъулияти ва унинг барқарор тараққиётга интилишини намоён этади», – дейди Зафар Ҳошимов.
Маълумот учун, ISO сертификацияси — бу корхона Халқаро стандартлаштириш ташкилоти (ISO) томонидан ўрнатилган стандартларга мос келишини баҳолаш жараёни ва тасдиғи ҳисобланади. Ушбу стандартлар ташкилот фаолиятининг турли жабҳаларини қамраб олади. Жумладан, маҳсулотлар ва хизматларнинг сифати ҳамда хавфсизлиги, соғлиқни сақлаш ва меҳнат муҳофазасини таъминлаш, бошқарув, экологик барқарорлик ва энергия самарадорлигини ўз ичига олади.
ISO халқаро стандартларининг афзалликлари эса:
- ISO 9001 — бу бутун дунёда тан олинган сифат бошқаруви стандартидир. У ташкилотларга барча ҳажм ва соҳаларда ўз ишини яхшилаш, мижозлар кутилмаларига муносиб бўлиш ва сифатга содиқликни намоён этишда кўмаклашади. Унинг талаблари сифат менежменти тизимини (СМТ) шакллантириш, татбиқ қилиш, қўллаб-қувватлаш ва мунтазам яхшиланиши тартибини белгилайди. ISO 9001 стандартини татбиқ қилиш ташкилотда самарали жараёнлар қўлланилаётгани ва ходимлар жамоаси ўқиб-ўргатилганлиги, бу сифатли маҳсулотлар ва хизматларни қайта-қайта тақдим этишга замин яратаётганлигини англатади.
- ISO 22000 — озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги соҳасида барча ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш босқичларида халқаро стандартларга жавоб беришни ангалатади. У ташкилот озиқ-овқат хавфсизлигига нисбатан эҳтимолий таҳдидларни аниқлаш мезонларини белгилайди. ISO 45001 — соғлиқни сақлаш ва меҳнат муҳофазасини таъминлаш менежмент тизими бўйича биринчи глобал стандарт.
- ISO 14001 — корхонада экологик менежмент тизими (ЭМТ) татбиқ қилинганлигини тасиқловчи сертификат. Мазкур тизим ишлаб чиқариш жараёнларининг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтиришга ва тикланмайдиган манбалардан мақсадга мувофиқ тарзда фойдаланишга йўналтирилган. ISO 14001 қўлланиши манфаатдор томонларга атроф-муҳитга таъсир минимал бўлиши ҳақида кафолат беради.
- ISO 50001 — энергетик менежмент тизими. Энергия самарадорлигини татбиқ этиш ташкилотларга пул маблағлари, шунингдек, манбаларни тежаш ва иқлим ўзгаришлари даражасини пасайтиришга замин яратишда кўмаклашади. ISO 50001 ташкилотларни турли секторларда энергия менежменти тизимларини (EnMS) ишлаб чиқиш йўли билан энергиядан нисбатан самарали фойдаланишларини қўллаб-қувватлайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter