Бухоро марказидаги фестивалда 15 мингдан ошиқ ёшлар тўпланди (фото)

Бухорода «Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!» шиори остида ёшлар фестивали ўтказилди. Вилоятнинг Эски шаҳар қисмидаги «Пойи Калон» мажмуаси, «Шаҳристон» майдони, «Арк» қўрғони атрофида ташкил этилган лойиҳа, кўргазма ва дастурларлар доирасида 15 мингдан зиёд ёшлар иштироки таъминланди.
Гарчи, бир қарашда, ёшлар ташкилотлари томонидан илгариги йилларда ўтказилган йирик лойиҳа ва тадбирлар олдида бугунги фестиваллар арзимас бўлиб туюлса-да, ёшлар эришган ва эришаётган ютуқлар салмоғи юз йилликларга тенглашиб бормоқда. Илм-фан, маданият, санъат ва спорт соҳаларидаги ўзгаришлар, айниқса, замонавий технология ва ITнинг ривожи янада барқарорлашди.
Фестиваль ёшларда бирлик, ҳамжиҳатлик, ижодкорлик, билимга чанқоқлик каби фазилатларни мустаҳкамлашга хизмат қилиб, уларнинг фаол ҳаёт позициясини шакллантиришга замин ярата олди. Технологик лойиҳаларга ихтисослашган махсус лойиҳа «IT-School»да иштирок этган йигит-қизлар юқори тезликдаги интернет тармоғига уланган замонавий компьютерлардан фойдаланган ҳолда, веб-дизайнлар ҳамда янги сайтлар яратиш, «twitter»да мулоқот қилиш, 5Д технологиялар асослари ҳақида билимлар олишга муваффақ бўлишди. Тажрибали тренерлар томонидан ўтказилган қизиқарли тренинг иштирокчиларни технологияларнинг янгича олами сари чорлади.
Кераклилик – бахт
Фестивалнинг муҳим жиҳати — Бухоро вилояти ёшлар ишлари бошқармаси ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамкорлигида махсус мактаб-интернатлари ўқувчилари томонидан тайёрланган маҳсулотлар кўргазмаси бўлди.
Унда ногиронлиги бўлган ёшлар томонидан яратилган турли ҳунармандчилик буюмлари, қўл меҳнати маҳсулотлари кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинди ва савдога қўйилди. Бу эса, ногиронлиги бўлган ёшларга жамият эътиборини қаратишда муҳим қадам бўлди. Айниқса, хорижлик сайёҳлар ушбу маҳсулотларнинг асосий харидорига айланишди.
«Мен адашмайман: Бухоро – Ўзбекистоннинг юраги. Бундан 11 йил илгари Бухорога келганман. Ўшанда интернет масаласида муаммо юзага келганда, маҳаллий ёшларга сўровим очиқ қолган. Деярли, интернетга қизиқишмасликлари, замонавий технологиялардан хабарсиз эканини билдиришган. Бугун қадим гўша Бухоройи шарифга саёҳатимиз ёшлар фестивали билан уйғунлашиб кетди. Ёшларнинг интернет, балки замонавий технология ва IT соҳасида илгарилаб кетишгани мени ҳайратларда қолдирди. Айниқса, робототехника шу қадар ривожланиб кетибдики, ёшлар томонидан яратилган бундай технологик ускуналардан бемалол оилавий уй шароитида, кўчада ва ҳатто, ишда ҳам фойдаланиш имкони бор. Жисмоний нуқсони бор ёшлар томонидан тайёрланган маҳсулотларнинг савдо кўргазмаси ташкил этилгани янада қойил қолдирди. Харид қилдик. Болалар кўзидаги қувончни айтмайсизми? Бевосита шу фестиваль иштирокчисига айландик-қолдик. Мана, бизга ҳатто, ёшлар ташкилотлари белгиси туширилган футболка ва кепкалар беришди»,-деди германиялик сайёҳ P’eer Veeldon.
Франциянинг Нант шаҳридан ташриф буюрган сайёҳ Send Benedikt эса «Биз ҳам Ўзбекистонни севамиз!»-деди.
Аёнки, Ўзбек халқи — саховатпеша, оқибатли халқ. Барча инсонларга меҳр-мурувват кўрсатади, етимларнинг бошини силайди, жисмоний нуқсони борларни қўллаб-қувватлайди. Халқимизга хос ана шу одатлар ёшлар фестивалида ҳам ўзлигини намойиш этди. Ногиронлиги бўлган ёшларнинг, ҳунармандчилик йўналишидаги маҳсулотлари кўргазмаси ҳам ташкил этилди.
«Қатор йиллар давомида мен ва мен каби ёшлар бундай йирик фестивалларга бу қадар оммавий равишда жалб этилмаганмиз. Бундай пайтларда ўзимизни камситилгандек сезиб келганимизни ҳам яширмаймиз. Бугун эса спорт мусобақаларидан тортиб, санъатгача, «Заковат» беллашувларидан тортиб, замонавий IT соҳасигача иштирокимиз таъминланди. Кераклилик – бахт экан. Мен шу бахтнинг бир бўлагиман!»-деди Бухоро шаҳридаги 24-сонли кўриш бўйича имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасаси ўқувчиси.
Ёшлар муаммоларини ҳал қилиш – раҳбар бурчи
Фестиваль ўз лойиҳалари давомида «Ватан ҳимояси – юксак масъулият» тушунчасини тарғиб қила олди. Ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган тадбирлар Бухоро шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмларда ҳам ташкил этилди. Учрашувлар ва давра суҳбатлари ёшларнинг ҳарбий соҳага бўлган қизиқишини оширди. Ҳарбий хизматчилар, ҳарбий билим юрти курсантлари билан учрашувлар шулар жумласидандир.
«2025-ўқув йилидан бошлаб мактабнинг юқори синфидаман. Тўғриси, қуйи синфимнинг кетма-кет икки йилида ВЕН назоратида турганман, яширмайман. Ота-онам юқори синфимни ҳам «ВЕН»да кечишидан юрагини ҳовучлаб туради. Бир куни синфимизга Бухоро вилояти ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи келди. Мендан: «Сенинг нима муаммоинг бор!» деб сўради. Мен: «Ҳарбий бўлмоқчиман. Аммо, муаммо – менинг безорилигимда!»-дедим. Гапимга ҳамма кулди. Мен ва ёшлар ташкилоти бошлиғигина кулмадик. «Сен, албатта, ҳарбий бўласан! Мен сени бир куни ҳарбий қисмга етаклаб бораман!»-деди-да, чиқиб кетди. Шу билан икки-уч ой кўринмади. Куни кеча тонг саҳарлаб шу киши мактабда ёзги таътил бошлангани учун уйимизга келибди. «Сенга берган ваъдам бор. Сени ҳозир бир ёққа олиб бораман, бу сенга ҳарбий бўлишинг учун пойдевор бўлади»,-деди-да мени ўзи билан эргаштириб кетди. Борган манзилимиз ҳарбий қисм экан. Биласизми, юрагим шунақа уриб кетдики... ҳарбий қисм остонасидан кирибоқ, Ватанга, юртга бўлган туйғуларим ошди. Ҳарбий кийим кийдиришганида эса кўзларим ёшга тўлди. Ҳарбий қурол-яроғ, техника воситалари билан машқ қилдиришди. Курсандлар билан суҳбатда бўлдим. Мен, албатта, ҳарбий бўламан ва ўзгараман, дея ўз-ўзимга қарор қилдим. Мени жасоратга, дадилликка чорлаган ёшлар ташкилотидан миннатдорман»,-деди Бухоро шаҳридаги Н-сонли мактаб ўқувчиси Ибоджон Раҳимов.
Фестиваль доирасида ташкил этилган лойиҳалар маънавий жиҳатдан эркин ва озод бўлган ёшларнинг ҳаёт иродасини мустаҳкамлашда, эътиқодини юксалтиришда, жамият равнақи учун орзу-умид қилишдан чарчамасликка ва ўз мақсадларини амалга оширишда уларга куч бағишлади. Турли йўналишларда ўз имкониятларини синовдан ўтказган ёшлар ўз интеллектуал қобилиятлари, ташаббускорлик лаёқатларини кашф этишди.
Ёшлар ва мутасадди раҳбарлар иштирокида ташкил этилган учрашувлар ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишларини таъминлаш ва уларни қийнаётган айрим муаммоларга эътибор қаратилди. Юзма-юз учрашувларда етакчилар фаолиятида эришилган ютуқлар баробарида мавжуд камчиликлар борлиги, уларни бартараф этиш вақти аллақачон етгани хусусида сўз борди.
«Юртимиз эгалари бўлган ёшларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларни қийнаётган ва ташвишлантираётган масалаларга қулоқ тутиш, асосийси, ёшлар муаммоларини ҳал қилишга киришиш, эътибор кўрсатиш – ҳар бир мутасадди раҳбарнинг бурчи. Шу бурч ҳар бир лавозим эгаси зиммасига масъулият бўлиб юкланганки, бунга панжа ортидан қараш – юрт келажагига болта уриш билан баробар»,-деди Бухоро вилояти ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи Шавкат Раҳмонов ўз сўзида.
Учрашувда арзимас сабаблар билан ажралиш остонасида турган ёш оилаларни яраштириш, турли хориж давлатларига иш излаб кетаётган ёшларда тил ўрганиш даражасини ошириш, муомала маданиятини ривожлантириш, ёт ғоялар таъсирига тушиб қолмаслиги учун меҳнат муҳофазасини кучайтириш зарурлиги борасида мунозаралар бўлди.
Фестиваль лойиҳаларининг турли йўналишларида ғолиб бўлганлар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди. Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов ёшларга омадлар тилади ва турли соҳаларда эришаётган ютуқларига алоҳида тўхталди.
«Бугун эртамиз эгалари қайси соҳада бўлмасин, ўз ўрнига эга. Улар ўз соҳалари ривожига салмоқли ҳисса қўшмоқда. Қолаверса, вилоят иқтисодиётини ҳаракатга келтирувчи кучга айланмоқда. Бухоролик ёшлар бугун илм-фанда илғор, замонавий фикр, креатив ташаббусларга эга. Ёшларимиз кичик бизнесдан тортиб йирик инвестицион лойиҳаларни ҳам амалга ошириш қодир!» – деди Ботир Зарипов.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter