Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳақорат қилиш ўлим билан якунланди

Ҳақорат қилиш ўлим билан якунланди

Фото: Тергов департаменти.

Бухоро вилоятида келишмовчиликлар сабаб 21 ёшли йигитни уриб ўлдирган эркак қамоққа олинди. Бу ҳақда Тергов департаменти маълум қилди.

28 январь куни 31 ёшли Ж.Ж., Когон туман Жомард қишлоғи 71-уй олдидан ўтган ички йўлда 21 ёшли И.А. билан учрашиб, ўзаро бўлган келишмовчиликлар оқибатида жанжаллашиб қолиб, натижада Ж.Ж. фуқаро И.А.,ни бош ва юз соҳаларига қўли билан уриб, И.А.,га оғир тан жароҳати етказиб, ҳодиса бўлган жойидан яширинган.

Натижада И.А. олган тан жароҳатлари билан РШТЁИМ Бухоро филиали жонлантириш бўлимига ётқизилиб ва кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан у вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ж.Ж.,га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «г» банди (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Тергов жараёнида аниқланишича, Ж.Ж. бир кун олдин маст ҳолда бўла туриб, жабрланувчи билан телефон орқали жанжаллашган, сўнгра юқорида кўрсатилган манзилда учрашган ва унга оғир тан жароҳати етказган.

Таъкидлаш жоизки, бу турдаги жиноятлар учун Жиноят кодексининг нормаларига кўра, 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг