Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухорода «эркак» ниқоби остида ўз дугонасини «чув» туширган аёл ҳомиладорлиги боис қамалмади

Бухорода «эркак» ниқоби остида ўз дугонасини «чув» туширган аёл ҳомиладорлиги боис қамалмади

Фото: «Xabar.uz»

— Сиз ақлимни ром этган гўзал!

Ўзингизга нотаниш бўлган ҳамма қизга ҳам шунақа ёзасизми?

— Йўқ, мен сизни узоқ вақтдан буён кузатаман.

...

— Номард эрингиз сабаб турмушингиз бузилганидан ҳам хабардорман.

Билар экансиз, безовта қилманг!

— Йўқ. Сиз мен учун кераксиз! Мен сиз билан ҳаётимни боғлайман ва келгусида, албатта, бахтли бўламиз!

Телеграмм тармоғи орқали «....» номли нотаниш профилдан ёзилаётган хабарлар яқиндагина турмушидан ажралган Феруза Темированинг тинчини бузди. Қанча қаршиликлар билдиришига, нотаниш бу профилни «чёрный»га тиқиб қўйса-да, «....» бошқа профиллар орқали унга кириб келаверган.

Менинг исмим Зойир. Аслида, мени жуда яхши танийсиз. Бухоро Педагогика коллежида ўқийсиз. Сизни кўпдан кузатаман ва менга ёқасиз! – дея ёзган телеграмм профилини «Зойир»га ўзгартирган «....»

Ўзи танимаган ёки эслай олмаган «Зойир» Ферузанинг тинчини ўғирлаган. Чиройли сўзлару, илиқ меҳр ва самимият билан йўғрилган изҳорлар Ферузани «Зойир»га ипсиз боғлай бошлаган.

Жиноят ишлари бўйича Пешку туман суди ҳужжатларига кўра, бу ипсиз боғланувлар «муҳаббат»га айланган. Турмуши бузилиб, меҳрга зор қолган Феруза «Зойир»дан келаётган суратларга жавобан ўзининг ҳам турли кўринишдаги суратларини жўната бошлаган.

Кунларнинг бирида «Зойир» кутилмаганда бетоб бўлиб қолган ва шу боис, юзма-юз учрашувга чиқа олмаслигини, 400 АҚШ доллари зарурлигини, шунча миқдордаги пулларни топа олмаса, касаллиги авж олиб кетишини мумкинлигини айтган. Айни вақтда пулсиз «севгилиси»га ачинган Феруза йигитга қандай қилиб пул етказишни сўраган. «Зойир» Ферузанинг курсдоши Дилбар Орипова орқали бериб юбориши мумкинлигини, бу курсдоши ўзининг қадрдони эканини билдирган. Энг яқин дугонаси ва сирдоши Дилбар Орипованинг исмини эшитган Феруза «Зойир»га ишонган. Шу куни Дилбарни ёнига чақирган ва 400 АҚШ доллари миқдоридаги пулни «Зойир»га етказиб қўйишни ва унинг билан ўрталарида жиддий муносабат пайдо бўлаётганини сўзлаб берган. Дилбар ҳам «Зойир»ни оғзидан бол томиб мақтаган.

Ферузанинг ишончига кирган «Зойир» гўё унинг яқин сирдош дугонаси Дилбар орқали ўзи тўғрисида хабар бериб турган. Кейинги гал тўла даволаниб, оёққа туриб кетиши учун 1.100 АҚШ доллари бериб туришини сўраган.  Аслида, Дилбар дугонасига ишонган Феруза яна «Зойир» учун шунча миқдордаги пулларни қарз сифатида бериб юборган. Ҳали орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, «Зойир»нинг ўзи озиқ-овқат маҳсулотлари харид қилиш учун 1 миллион сўм пул сўраган. Бухоро тумани, Гала-осиё шаҳарчасида йирик савдо дўкони борлигини, бетоблиги боис, кўчага чиқа олмаётганини тушунтирган «Зойир»га Феруза бу гал ҳам ишонган.

Афсуски, Феруза «Зойир»га «чув» тушганини, телеграм профили орқали ундан: «700 АҚШ долларини Дилбар орқали жўнатмасанг, ушбу суратларингни тарқатиб юбораман», — деган смс хабари орқали тушуниб етган. «Зойир» шу нафси йўлида булардан ташқари, Ферузага тегишли бўлган ва баҳоси 4,5 миллион сўмга баҳоланган 3 дона тилла тақинчоқларни ҳам ундириб олган бўлган.

Қизи кейинги кунларда қандайдир ташвишда қолганини сезган Ферузанинг онаси  уни тергай бошлаган. Муаммолар гирдобидан қолган Феруза воқеани онасига сўзлаб беришга мажбур бўлган. Шундан сўнг аёлнинг онаси ҳолат юзасидан ҳуқуқ-тартибот идораларига маълум қилган.

«Афсуски, эркак профилидаги «Зойир» Ферузанинг энг яқин сирдош дугонаси Дилбар Орипова бўлиб чиқди. Аввалига айбини тан олмай, турли ёлғон важлар келтиришга ва терговга чап беришга уринган Дилбар Орипова дугонасининг соддалигидан фойдаланганига иқрор бўлди. Судланувчи жабрланувчи фойдасига етказилган жами 69.802.600 сўмнинг 57.736.600 сўмини қоплади. Ўз хатти-ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг турли моддаларига асосан, айбланган Дилбар Ориповага нисбатан ҳомиладорлиги боис, қамоқ жазоси қўлланилмади. Бироқ, эҳтиёт сифатида ва бундан кейин бошқа жиноятларга ҳам дахлдорлиги кузатилиши эҳтимолида Суд, жиноят иши бўйича ашёвий далил, деб топилган СМС ёзишмалар кўчирмаси сақлаб қолинди», — деди жиноят ишлари бўйича Пешкў тумани суди раиси Фаррух Икромов.

Эркак ниқобидаги аёл Дилбар Ориповага Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг турли моддаларига асосан айбдор, деб топилиб, 57.736.600  сўмни жабрланувчига қоплаб берганидан ташқари, базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари миқдорида ҳамда яна  базавий ҳисоблаш миқдорининг 22,5 баравари миқдорида жарима жазоси қўлланилган. Ушбу жарималар давлат фойдасига ундирилган.

Дилбар Ориповага қўлланилган «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси бекор қилиниб, суд залидан қамоқдан озод қилинган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг