Бухорога Хитойдан ҳар бири 75 минг долларлик 25 та автобус харид қилинди (фото)

Бухоро вилоятига Хитой Халқ Республикасидан замонавий, юқори қулайликларга эга янги автобуслар партияси олиб келинди. Ҳар бир автобуснинг қиймати 75 минг АҚШ долларини ташкил этади.
Бухоро вилоят транспорт бошқармаси бош мутахассиси Умид Баҳроновнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, мазкур транспорт воситалари аҳоли учун қулай ва хавфсиз жамоат транспорти хизматларини ташкил этиш, шаҳар ва туманлар ўртасидаги қатновни яхшилаш ҳамда йўловчилар оқимини самарали бошқариш мақсадида харид қилинган. Унга кўра, йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи «Прогресс мега транс» корхонаси томонидан жорий йилнинг май ойида ҳам ХХРда ишлаб чиқарилган замонавий 12 дона «Зонг тонг» русумли автобус келтирилган. Худди шунингдек, «Miramax Tourist Trans» МЧЖ томонидан 1 дона «Kinglong» компаниясида ишлаб чиқарилган автобус ҳам келтирилган бўлиб, яна 19 та харид қилиниши режалаштирилган.
Таъкидланишича, куни кеча харид қилинган «Зонг тонг» автобуслари экологик тоза, энергия тежамкор ва замонавий технологиялар билан жиҳозланган бўлиб, йўловчилар учун кондиционер ва бошқа қулайликларни ҳам тақдим этади. 30 нафар йўловчига мўлжалланган. Автобус салони тўлиқ кузатув камералари билан таъминланган. Энг асосийси, автобус салонида йил давомида сифатли хизмат кўрсатиш учун иситиш ва совутиш тизимлари ҳам мавжуд. Бундан ташқари, имконияти чекланган фуқароларнинг чиқиб тушиши учун зарур шароитлар, ойналарининг қуёш нуридан асровчи плёнкалар билан жиҳозланган, Шунингдек, автобус ичидаги йўловчиларни сонини аниқлаш тизими йўлга қўйилган.
Ҳозирда автобуслар Бухоро шаҳри ва атроф туманларда синов тариқасида йўналишларга қўйилмоқда. Яқин вақт ичида улар тўлиқ ишга туширилиши ва маҳаллий аҳоли уларнинг хизматидан фойдаланиши режалаштирилган.
Маълум бўлишича, Бухорода эски автобуслар ўрнини босқичма-босқич ана шу янги автобуслар эгаллаяпти. Айни пайтда Бухоро шаҳри бўйлаб, 2016 йилда ишлаб чиқарилган саноқли автобуслар хизмат кўрсатмоқда.
«Энг муҳими, янги автобуслар Брутто-шартнома асосида харакатланади, яъни ҳайдовчи кунлик режа учун жавобгар бўлмайди. Белгиланган қатновни ва графикни амалга ошириб беради. Бу йўловчилар учун ҳам жуда қулай», - дейди Умид Баҳронов.
Маълумот ўрнида: Бухорога Хитойдан автобусларнинг харид қилиниши 2019 йилдан бошланган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter