Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Чўлпон тилга олган қизиқчилар сардори ким эди?

Чўлпон тилга олган қизиқчилар сардори ким эди?

«Эзилган, жабр ва зулм остида инграган халқнинг кўнгил очишга, хурсанд бўлишга, ўйнаб-кулишга бўлган табиий ва кучли майлини катта устозлар етиштирган», дея фикр билдирган эди қизиқчилар ҳақида сўз юритган Чўлпон «Гулистон» журналининг 1936 йил, олтинчи сонидаги мақоласида. Улуғ адиб таъкидлаб ўтган устоз қизиқчи эса Юсуфжон Шакаржонов эди...

Юсуфжон Шакаржонов 1869 йили марғилонлик Шокиржон кулол оиласида дунёга келди. Болалигидан сайлларда қизиқчиларнинг чиқишларини томоша қилиб вояга етди. Натижада ихлосдан бошланган қизиқиш сабаб Юсуфжон водийлик бу санъат усталарига шогирд тушди. Шу билан бирга, ота касби – кулолчилик билан ҳам шуғулланди.

Натижада табиий қобилият, сўзга чечанлик хислатлари устун бўлган Юсуфжон, Зокир гов, Саъди Махсум каби устозлари сингари моҳир қизиқчи бўлиб етишди. У нафақат водийда, балки Бухоро амирлиги, Хива хонлиги, Қашқарда ҳам бўлиб, ўз санъатини намойиш этди. Аммо ўша пайтда қизиқчилик қилиш ғоят оғир эди. Хўш, нима учун шундай бўлган?

 Чўлпон «Гулистон» журналида чоп этилган юқоридаги мақоласида бу ҳақда шундай ёзади:

«Подшоҳлар, султонлар, хонлар ва бекларнинг қамчиларидан қон томган замонларда, кўпчилик аҳоли ўз дардини бир юлғун бачкисига ҳам айта олмаган даврларда халқнинг оғир аҳволини, мамлакатнинг қора кунларини, фуқаронинг дард ва ҳасратларини биронта сарой ёки халқ қизиғи чиқиб, «ҳазил» йўли билан «едириб» юборади. Катта-катта издиҳомларда, йиллик сайилларда неча кеча-кундузлик тўйларда сўз қилатурғон қизиқлар мингларча халқнинг жуда зўр мароқ билан ўзларига тикилиб турганини кўрганларидан кейин жамиятнинг файзи билан дадилланиб, мамалакатнинг катталарини, ҳокимлар, қозилар, раислар, муҳрдор ва, ҳатто, хонларнинг ўзларини танқид қилиб ташлар эдилар. Натижада баъзиларнинг боши кетиб, баъзи бирлари бадарға қилиниб, бир хиллари эса бошқа мамлакатларга қочиб хонавайрон бўлардилар».

Юсуфжон қизиқ ана шундай таҳликали замонларда санъат билан шуғулланган эди. Чўлпон ўз мақоласида мавзуга доир латифани ҳам келтиради:

«Айтадиларки, бурун замонда бир хоннинг ўзига хос қизиғи бўлар экан. Бир куни хонга салом бергали кирганида у қизиқ билан хон ўртасида мана бундай сўзлашув бўлган:

Хон: – Хўш, фалончи, қалайсан?

Қизиқ: – Отдек, тақсир.

Хон: – (кулиб) Отдекми, итдекми?

Қизиқ: – Бўлмаса, сояи давлатларида итдек..

Хон: – (жиддий) Нимага бўлмаса, илгари «отдек» дер эдинг?

Қизиқ: – Унда, тақсир, сояи давлатингиз бошимизга етмаган эди».

Ўтмишнинг ана шундай қора кунларида Юсуфжон қизиқ ўзбек санъатини бошқа халқлар орасида ҳам намойиш этди. 1888–1905 йилларда у Баранский, Жигалов, Добржанский сингари рус қизиқчиларининг гуруҳларида юриб қизиқчилик қилди. Россияга ташриф буюрган италиялик сеҳргар Калистро Бертольдини, чавандоз Безанолар билан танишиб, дўстлашди. Айни пайтда Қодир қизиқ, Собирқори, Ортиқ қизиқ, Муллабой Мансур каби ўзбек санъаткорлари билан ҳамкорликни давом эттирди. Айниқса, 1909 йилда Юсуфжон Шакаржоновнинг Петербургда бўлиб, ўз санъатини намойиш этиши у ерга меҳмон бўлиб келган европаликлар ҳам ўзбек қизиқчисининг иқтидорига қойил қолишган.

Бундан ташқари, у устозларидан ўрганган, олдиндан давом этиб келаётган анъанага янгича талқин бағишлади. Яъни, кулгу-ҳикоя, муқаллидчиликни бошлаб берди. Ўз даврининг иллатларини «Пул қисташ», «Бола ўқитиш» каби трагик комедияларида фош этиб, кулгу остига олди. Ҳатто, машҳур рус комик қизиқчиси Филипп Юпатов билан ҳамкорлик қилиб, унга ҳам ўзбекона қизиқчилик санъатини ўргатди, айни пайтда ундан ўрганди.

Маълумки, 1918–1930 йилларда водийда «босмачилик» дея хато номланиб келинган миллий озодлик-истиқлолчиликдек советларга қарши қуролли ҳаракат авж олган эди. Юсуфжон ва бошқа қизиқчиларнинг вазият тақозоси боис қўрбошилар орасида ҳам санъатини намойиш этишига тўғри келган.

Юсуфжон қизиқ водийдан кетиб, Тошкентда – давлат этнографик ансамблида хизмат қила бошлайди. Муҳиддин қори Ёқубов, Уста Олим Комилов, Тамарахонимлар билан ҳамкорлик ўрнатди. Чўлпоннинг ёзишига кўра, у халқ рақсларининг моҳир ижрочиси, доирадан тортиб, найгача чала оладиган, лапар, катта қўшиқларни ҳам куйлайдиган кенг қамровли санъаткор бўлган.

Тамарахонимдек моҳир раққоса ва лапарчи, уста Олим Комиловдек машҳур доиракаш ҳам Юсуфжон қизиқнинг шогирди бўлган. Улар 1927–1930 йилларда Россия, Кавказ ва Украинанинг 23 та вилоятида ўзбек санъатини намойиш этишган.

Санъат ривожига қўшган ҳиссаси учун халқ артисти, меҳнат қаҳрамони унвонларига эга бўлса-да, 1937–1938 йиллардаги қатағон бўҳрони машҳур қизиқчининг ҳам бошига қора кунларни солди. Унга Чўлпон билан дўст бўлгани, хон ва беклар, «босмачилар» олдида чиқишлар қилганини таъна қилганлар бўлди.

 Шукрки, бу кунлар ўтиб, Юсуфжон қизиқ 1959 йилгача ҳаёт кечирди. У 90 йиллик ҳаёти давомида ўзида халқона ҳазил-мутойиба, ҳажвни мужасаммлаштирган «афанди» сиймосидаги инсон, қизиқчилар сардори сифатида ном қолдирди.

Умид Бекмуҳаммад,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент.


Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг