«Чорсу»да истеъмолга яроқсиз жигар маҳсулоти савдодан олиб ташланди

Қозоғистонлик блогернинг Тошкентдаги Чорсу бозоридан тайёрлаган видеоматериалидан сўнг Санэпидқўмита Тошкент шаҳар бошқармаси бозорда ўрганиш ўтказди.
Гап шундаки, блогер бозорнинг гўшт маҳсулотлари сотиладиган бўлимида қорамол жигарини сотаётган фуқаронинг олдига бориб, у сотаётган жигарлардан бирининг истеъмолга яроқсиз экани, у ўзида эхинакокк қуртини сақлаётганини айтади. Бироқ сотувчи бунга беэътибор бўлиб, маҳсулотини сотишда давом этган.
Ушбу видеомаҳсулот ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетганидан сўнг, тармоқ фойдаланувчиларининг эътирозларига сабаб бўлди.
Санэпидқўмита Тошкент шаҳар бошқармаси мазкур ҳолатга ўз муносабатини билдириб, ҳудудий бўлимлари билан биргаликда доимий равишда бозорлар ва озиқ-овқат савдо шохобчаларида санитария-гигиена талабларига риоя этилиши, хусусан, маҳсулотларининг сифат ва хавфсизлик талабларига мувофиқлигини назорат қилиш бўйича кундалик назорат тадбирлари олиб борилишини таъкидлаган.
Шунингдек, Чорсу деҳқон бозорида ҳам доимий фаолият юритувчи лабораториялар мавжуд эканлиги, бу ерда гўшт маҳсулотларининг ветеринария-санитария экспертизаси амалга ошириб келиниши айтилади.
Юқоридаги ҳолат бўйича эса, қўмита ва тегишли орган ходимлари билан биргаликда олиб борилган назорат тадбирида фуқароларга ажратилган йўлакда санитария қоидаларига зид равишда, ҳеч қандай ҳужжатсиз гўшт маҳсулоти (жигар) сотилаётгани аниқланган. Шу сабабли 9 кг жигар маҳсулоти савдодан олиниб, ўрнатилган тартибда йўқ қилиш чоралари кўрилган.
Қайд этилишича, «Ветеринария тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, барча чорвачилик объектларининг, кушхоналарнинг, келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хомашёни қайта ишловчи корхоналарнинг, келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хомашёни реализация қиладиган ва сақлайдиган савдо шохобчаларини ветеринария-санитария ҳолатини назорат қилиш ва экспертизасини амалга ошириш Ветеринария бошқармаларининг вазифасига киради.
Ўз навбатида, фуқаролардан бозор расталаридан гўшт ва гўшт маҳсулотлари харидини амалга ошираётганларида маҳсулот сифатини тасдиқловчи ветеринария-санитария экспертиза хулосалари борлигини сўрашлари сўралмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter